date

Ўзбекистонда муддати тугаётган озиқ-овқатга чегирмалар жорий этилади

Ўзбекистонда муддати тугаётган озиқ-овқатга чегирмалар жорий этилади

Ўзбекистонда истеъмол муддати тугаб қолишига яқинлашган озиқ-овқат маҳсулотлари энди арзонлаштирилган нархларда сотилади. Бу тартиб ҳукумат томонидан қабул қилинган қарорда белгилаб қўйилди.

Янги қоидага кўра, йирик савдо марказлари ва дўконларда махсус растаралар ташкил этилади. У ерда истеъмол муддати тугаш арафасида турган маҳсулотлар жойлаштирилиб, ҳар 10 кунда уларнинг нархи босқичма-босқич пасайтириб борилади. Мақсад — аҳолига сифатли маҳсулотни арзон нархда тақдим этиш ва энг муҳими, ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олиш.

Шунингдек, даладан истеъмолчи қўлигача бўлган барча босқичларда маҳсулот йўқотилишини камайтириш чоралари кўрилади. Бу жараёнга йиғиштириш, саралаш, юклаш, ташиш ва маҳсулотларни музлаткичларга жойлаштириш каби муҳим босқичлар киради. Ҳар бир босқич қатъий мониторинг остида бўлади.

Озиқ-овқат, хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифати ҳам доимий назоратда бўлади. Фермер ва деҳқон хўжаликлари учун махсус ўқув семинарлари ташкил этилиб, улар ҳосилдорликни ошириш, бозор таҳлилини ўтказиш ва кимёвий моддалардан самарали фойдаланиш бўйича билим олади.

Ҳужжатга кўра, 2026 йилнинг январь–февраль ойларида озиқ-овқат хомашёси, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва сотиш жараёнлари бўйича санитария қоидалари ва гигиена талаблари такомиллаштирилади.

Энг қизиқ жиҳати, 2026–2030 йиллар Ўзбекистонда “Долзарб озиқ-овқат хавфсизлиги даври” сифатида эълон қилинади. Бу даврда аҳолига етарли миқдорда ва сифатли маҳсулот етказиб бериш, озиқ-овқатни тежаш ва оқилона истеъмол қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда “Оқилона истеъмол” (Save food) дастури амалга оширилади.

Мутахассислар таъкидлашича, мазкур ташаббус нафақат аҳолига арзон ва сифатли маҳсулот етказишга, балки мамлакатдаги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда муддати тугаётган озиқ-овқатга чегирмалар жорий этилади