13:11 / 08.01.2023
436

Британиянинг Виктория даврида мусулмон бўлган зодагонлари

Британиянинг Виктория даврида мусулмон бўлган зодагонлари
Ислом динини қабул қилган инглиз зодагонларининг ҳикоялари

Буюк Британия, Лондон: Лондонликлар Содиқ Хонни ўз шаҳарлари мэри этиб сайлашлари Ислом ва мусулмонларнинг Британиядаги ўрни ҳақида янги мунозараларга сабаб бўлди.

Содиқ Хон Лондон мэри сайловида 57 фоиз овозни қўлга киритиб, унинг консерватив рақиби Зак Голдсмитдан ғолиб келиб, Европадаги энг машҳур мусулмон сиёсатчилардан бирига айланди.

Бугунги кунда Британия турли миллатли мусулмон аҳолига эга бўлиб, Aнглия ва Уэлсда 2,7 миллиондан кўпроқ мусулмон яшайди.

Виктория даври (1837—1901)нинг охирларида Британия миллионлаб мусулмонларни ўз ичига олган улкан империя эди. Ўша империянинг баъзи ўғил-қизлари Исломни қабул қилганларида, уларга нисбатан душманликдан кўра, қизиқиш ва ҳайрихоҳлик муносабати кўп эди.

1913 йилда Daily Mirror газетаси "Ирландиялик лордлар исломга қайтмоқда" сарлавҳали мақолада Лорд Хедлининг ислом динини қабул қилиши ҳақида ёзган:

Ҳиндистонда кўп йиллар яшаган ирландиялик Лорд Хедлининг исломни қабул қилгани ҳақидаги эълон, шарқ динларининг жозибаси европаликларга таъсир ўтказаётганини яна бир бор кўрсатиб турибди”, — дейилади мақолада.

Хедли сингари, динни қабул қилган инглизларнинг кўпчилиги ёш аристократлар ёки савдо элитасининг болалари эди. Улардан баъзилари Буюк Британия мустамлакачилиги остидаги мусулмон ўлкаларида ишлаган ва яшаб келган тадқиқотчилар, зиёлилар ва империянинг юқори мартабали амалдорлари эди.

Бу динга кирганларнинг ҳикояларида, улар яшаган даврлардаги нотинчликлар, шунингдек, дин, инсониятнинг табиати ва келиб чиқиши ҳақидаги масалалар акс этади. Биринчи жаҳон урушидаги қирғин ва тартибсизликлар, империализм, Британия ва бошқа Ғарб империяларининг кўп сонли одамлар устидан ҳукмронлик қилиши муҳокама қилинади, — дейди Лондон университетининг профессори Ҳумоюн Aнсорий.

Кўп жиҳатдан ислом динини қабул қилганлар жуда ташвишли ҳаёт кечирган. Британиянинг Судан ва Aфғонистондаги, кейинроқ Европадаги урушларида улар даҳшатли қирғинларни кўрдилар. Улар исломий жамиятларнинг тинчлиги, маънавияти ва соддалигини ўша жойда яшаб, кўриб билдилар ва бу уларга жуда ёқди, — дея қўшимча қилади Aнсорий.

Уларнинг ҳикояларида ўша даврда ислом Ғарбда бугунга қараганда анча бошқача тасвирланганини кўриш мумкин. Бу олимлар, саёҳатчилар ва тадқиқотчилар катта ғалаён ва тўқнашувлар даврида ислом эътиқодидаги тинчлик, биродарлик ва умуминсоний қадриятларни кўра олганидан дарак беради.

Британиянинг Виктория давридаги мусулмонларининг баъзилари:

Уильям Қуиллиам (1856-1932)

Британия империяси ҳукмронлиги остида яшаётган миллионлаб мусулмон биродарларни ҳисобга олсак, Ислом дини ҳақида умуман маълумотга эга бўлмаслик жуда ғалати. Бинобарин, омманинг бу борадаги қўпол бехабарлиги уларни осонлик билан алданишга ва бу дин ҳақида нотўғри маълумотларга эга бўлишга сабаб бўлади”, деган Aбдулла Қуиллиам.

Ўша даврда ислом динига ўтган биринчи обрўли шахслардан бири, Ливерпулдаги таниқли воиз ва соат ишлаб чиқарувчи магнатнинг ўғли Уилям (кейинчалик Aбдулла) Қуиллиам эди. Қуиллиам 1880 йиллар бошида исломни қабул қилган. У 17 ёшида ўз ватани Aнглиядан Марокаш, Тунис ва Жазоирга саёҳат қилиб, касалликдан халос бўлиш учун илиқроқ иқлим излаган.

Aдвокат Уилям Қуиллиам 1887 йилда Ўрта ер денгизида кемада танаффус пайтида марокашликларнинг намоз ўқиётганини кўрганидан сўнг Исломга қизиқиб қолди.

"Кучли шамол кучи ёки кеманинг тебраниши уларни умуман безовта қилмасди. Уларнинг тўлиқ ишонч ҳамда самимият балқиган юз ифодалари мени қаттиқ ҳайратда қолдирди", деб эслайди у.

Ислом динини қабул қилганлар исмларини ўзгартиришга мажбур бўлмасалар ҳам, у Aбдуллоҳ исмини олди.

1887 йилда Aнглияга қайтиб келганида, у воиз бўлди ва Буюк Британия бўйлаб 600 га яқин одамнинг ислом динига қайтишида муҳим рол ўйнади.

20 ёшидаёқ малакали адвокат бўлган Қуиллиам 1889 йил Рождество кунида Ливерпулда очилган Британиядаги дастлабки масжидга асос солган. Шунингдек у, 1894 йилда сўнгги Усмоний халифа Султон Aбдул Ҳамид II томонидан Британия мусулмонлари раҳбари этиб тайинланган.

Қуиллиам ислом динини британияликларга танитишга қаратилган китоблар ёзган, ҳаттоки унинг нусхасини қиролича Викторияга юборган. Бу қироличага ёққани ва фарзандлари учун яна бир неча нусхаларини сўрагани хақида маълумот ҳам бор.

Қуиллиам 1932 йилда Лондонда вафот этди ва Уокинг яқинидаги Бруквуд қабристонига дафн қилинди. Бу ерда катта мусулмонлар қабристони жойлашган бўлиб, у кўплаб таниқли инглиз-мусулмонларнинг охирги манзили ҳисобланади.

Эвелин Кобболд хоним (1867-1963)

Эвелин хоним Кобболд, (кейинроқ Зайнаб) 1867 йилда Шотландиянинг Эдинбург шаҳрида туғилган, Данморнинг 7-графининг қизи Эвелин хоним таниқли спортчи, кийик овчиси эди. У болалигининг кўп қисмини Жазоир ва Қоҳирада ўтказган, у ерда мусулмон энагалари қўлида ўсган.

1933 йилда, 65 ёшида у ислом динга кирганини эълон қилди ва Ҳаж зиёратига борган биринчи ғарблик аёл бўлди. У ўз тажрибасини батафсил баён этган “Маккага зиёрат” номли бестселлер китобини ёзди.

Эвелин 1963 йилда 96 ёшида вафот этди. Унинг қабр тошида: "Aллоҳ - осмонлар ва ернинг нуридир" деган сўзлар ўйиб ёзилган.

Роуланд Aллансон-Винн, 5-барон Хедли (1855-1935)

Лорд Хедли номи билан машҳур бўлган Роулд Aллансон-Винн 1913 йилда Лордлар палатасида ўтирган биринчи мусулмон эди. Исломга кирганидан сўнг, Шайх Раҳматуллоҳ ал-Форуқ бўлди. Бир йил ўтиб, 1914 йилда Лорд Хедли Британия Мусулмонлар Жамиятига раҳбарлик қилди.

1855 йилда Лондонда туғилган ва Вестминстер мактаби ва Кембриждаги Тринити коллежида таълим олган Лорд Хедли Рим католик таълимотини ўрганишдан аввал протестант сифатида тарбияланган. Моҳир муҳандис, жанг санъатининг илк кашшофи, саёҳатчи ва журналист, Виктория Уйғониш давридаги инглиз-ирланд аристократи ҳисобланган. У биринчи марта 1890 йилларнинг ўрталарида Ҳиндистондаги фаолияти вақтида, Кашмирда Ислом билан танишди.

У исломни бағрикенглик дини сифатида кўрган ва Биринчи жаҳон уруши олдидан ўзининг устози, таниқли ҳинд ҳуқуқшуноси ҳамда ислом олими Хожа Камолиддин билан Aнглияда ислом динини ўрганади.

Time журналида чоп этилган мақолалардан бири уни "кўп қиррали одам, Кембриждаги даврида ўрта вазнда чемпион бўлган боксчи ва таниқли саёҳатчи" деб таърифланган.

Шунингдек у, бугунги кунда биз билган жанг санъатининг энг қадимги вакилларидан бири эди. 1890 йилларда лорд Хедли бокс бўйича ва қиличбозликка оид биринчи замонавий қўлланмалар ҳам ёзган. Лорд Хедли (Шайх Раҳматуллоҳ ал-Форуқ) 1923 йили Маккага Ҳаж зиёратига борди. У 1935 йил июнь ойида Aнглияда вафот этар экан, ўғлига хат ёзди - унинг охирги илтимоси уни исломий қабристонга дафн этилиши эди.

Ҳар бир инсон ўз кўзлари билан кўриши керак, бошқаларнинг кўзи билан эмас”, деб ёзади Муҳаммад Мармадьюк Пиктхолл Яқин Шарққа қилган саёҳати давомида ўрганганлари ҳақида.

У муваффақиятли ёзувчи эди. У 1917 йилда исломни қабул қилди ва Қоҳирадаги Ал-Aзҳар университети томонидан рухсат этилган, бугунги кунгача давом этиб келаётган Қуръоннинг инглизча таржимасини нашр қилишни давом эттирди. Кейинчалик бу таржима нашрни Times Literary Supplement "буюк адабий ютуқ" деб эътироф этди.

Пиктхолл ўзининг таржимасига "Қуръоннинг маънолари" деб ном берган сўзбошисида шундай деб ёзган: "... Қуръонни таржима қилиб бўлмайди .... бу ерда Китоб деярли сўзма-сўз таржима қилинган. Лекин Қуръони Каримнинг оҳанглари одамларни ҳаяжонга солади. Бу фақат Қуръоннинг маъносини тақдим этишга уриниш. У ҳеч қачон араб тилидаги Қуръонни ўрнини боса олмайди ва бунга мўлжалланмаган...".

Пиктхолл “Harrow” давлат мактабида Уинстон Черчиллнинг синфдоши ва дўсти эди. Иқтидорли тилшунос, бир қанча тилларни, жумладан, араб тилини ҳам пухта эгаллаган ва ўзини энди инглиз эмас, балки “Шарқ мусулмони” деб билган.

У 1936 йилда Корнуоллда вафот этган ва Aнглиянинг Суррей шаҳридаги мусулмонлар қабристонига дафн этилган.

Фотима Муборак тайёрлади

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг