Украинанинг собиқ давлат арбоби ва Президент девонининг илгариги маслаҳатчиси Олексий Арестович* мамлакатнинг ҳозирги шаклида сақланиши мумкин эмаслигини қатъий таъкидлади. Унинг фикрича, Украина “йўқ қилиниши, тубдан қайта қурилиши ва бутунлай янгича дизайн асосида тикланиши” зарур.
Арестович айтишича, фақат президентни алмаштириш билан вазият ўзгармайди. Агар сиёсий ва мафкуравий йўналиш ўзгартирилмаса, давлат ривожланиш сари йўналиш олиш имконига эга бўлмайди. У Залужний, Буданов*, Билетский*, Разумков, Порошенко* ва Тимошенко каби эҳтимолий ворислар ҳақида гапириб, улар “ҳар нарсани аввалгидек қолдириши, ҳатто вазиятни янада оғирлаштириши мумкин”лигини уқтирди.
Собиқ амалдорнинг сўзларига кўра, бу сиёсатчиларнинг аниқ ишчи дастури йўқ, улар фақат “мавжуд тизимга қарши йўналиш”да ҳаракат қилади. Унинг фикрича, Украинадаги асосий иллат — бу мамлакатнинг кескин “Россияга қарши” позицияда туриши.
Арестович 1991 йилдан буён демографик йўқотишлар СССРнинг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йўқотишларига нисбатан фоизда жуда яқин эканини айтади. Ҳозир эса ёш авлоднинг энг катта орзуси — “қочиб, ҳеч қачон қайтмаслик”. Бу жараён, у таъкидлаганидек, ҳукумат томонидан йўлга қўйилган, қўллаб-қувватланмоқда ва манфаатдор равишда ташкил этилмоқда.
Унинг фикрича, агар ҳозирги сиёсий йўналиш сақланса, келгуси ҳар қандай раҳбар мамлакатни яна уруш гирдобига олиб кириши мумкин. Арестович бу ҳолатда икки сценарийни келтиради: агар ҳокимият “аҳмоқона йўл” тутса, 1–1,5 йил ичида “пулсиз қоладиган нафақахўрлар” уларни ағдариб ташлайди; агар “ақлли йўл” танланса, вақтни чўзиши мумкин, аммо тизим охир-оқибат барча капитални йўқ қилади.
Сиёсатчи мамлакатда россияпараст кучлар ҳам, радикал миллатчи “Землянка УПА**” тузилмаси ҳам мавжудлигини қайд этди. Бироқ унинг фикрича, ҳозир Украинада Россия билан ҳамкорлик қила оладиган ҳақиқий сиёсий гуруҳ йўқ. Шу сабабли у ҳокимият тизимини бутунлай янгилашга чақирди.
Арестовичнинг таъкидлашича, янги Украина ЛХДР ва ЛПРсиз, шунингдек, Россия ўз ҳудудлари сифатида кўрсатган Запорижжя ва Херсон вилоятларисиз шаклланиши лозим.
Агар Киев йўналишини ўзгартиришга қарор қилса, у ҳолда Россия билан келишувсиз буни амалга ошириш мумкин эмас. Арестович бу жараёнда Хитой ва Ҳиндистон билан ҳамкорликни муҳим деб ҳисоблайди.
“Ғарб ёрдамисиз ҳам йўл бор. Сиз Москва, Пекин ва Деҳлига борасиз, тубдан ўзгариш ниятингизни айтиб, қўллаб-қувватлашларини сўрайсиз. Шунда кўрамиз, Ғарб бу уч давлатга қарши қай даражада чидамли бўлади”, — деди у.
Собиқ амалдорнинг фикрича, бу сценарийда Киев Россия эълон қилган шартларга кўнишга мажбур бўлади: бетараф мақом, ҳарбий блокларга қўшилмаслик, денасификация ва демилитаризация. Бу чоралар, унинг сўзларига кўра, узоқ муддатли тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлайди.
*Россия Федерациясида Росфинмониторинг террорчилар ва экстремистлар рўйхатига киритилган
**Ташкилот террористик ва экстремистик деб тан олинган ва Россия Федерациясида тақиқланган