Жаллод диктатор қисмати: унинг олдида Гитлер ҳам «дам олади»

  • 05 август 2019, 11:18
  • 3 552
  • Дунё
  • Жаллод диктатор қисмати: унинг олдида Гитлер ҳам «дам олади»
    Франсиско Масиас Нгема Гвинеяда ишлаётган Ягона миллий партия III съездида. 1973 йил.
    Фото: «РИА Новости»

    Нақ 40 йил аввал шафқатсизликда ҳатто Гитлерни ҳам доғда қолдирган энг ёқимсиз африкалик диктаторлардан бири ағдариб ташланди.

    Хуллас, 1979 йилнинг 3 август куни Африкадаги Экваториал Гвинеяда давлат тўнтариши юз берди: Марокашдан келган 400 нафар ёлланма киши Франсиско Масиас Нгемани президентлик курсисидан улоқтириб ташлашди. «Шуям ахборотми? Қаранг-а, Африкада навбатдаги президентни қулатишибди. Ахир уларда деярли ҳар ҳафта инқилоб бўлади-ку», — дейишингиз мумкин. Бу қисман тўғри, албатта — лекин гап бошқа масалада.

    Бўлакланган вазирлар
    Масиас Нгема миттигина (300 минг аҳоли) республикага, 1968 йилда мустақилликни қўлга киритгач, ҳукмронлик қила бошлайди — Экваториал Гвинея испан колонияси бўлган. 44 ёшли раҳбар ишни испан фермерларидан барча еру чорваларни мусодара қилишдан бошлайди: бу «оқилона» қарордан норозилар ҳеч бир баҳс-мунозараларсиз ўлгунча дўппосланган. Миллий инқилобнинг бу танлаган йўли фермерлар таъбига тўғри келмади: 7 минг испан фуқароси зудлик билан бор лаш-лушини ташлаб, ҳеч нимасиз жуфтакни ростлашди.

    Испанларнинг ёнини олишга уринган ички ишлар вазири эса Масиасникига якшанба кунги тушликка таклиф этилади: унинг аввалига иккала оёғини синдиришиб, турмага тиқишади, кейин эса ўлдириб қўя қолишади. Бу маълумот бир зумда бутун аҳоли орасида шов-шувга сабаб бўлади. Энди улар — президент асабий одам, якшанба кунлари, яхшиси, унинг жиғига тегмаган маъқул, — деган фикрга келишади.

    Бироқ ҳафтанинг бошқа кунлари ҳам бундан мустасно эмасди. Кейинроқ бошқа вазирлар (ўн иккитадан ўн нафари) ҳам шу тариқа қатл этилади — қўшоқнинг кетидан бўшоқ бўлиб. Бу Африкага хос эски анъана — кимнидир қатл этиш бошланса, кейин тўхтатиш ниҳоятда қийин. Масалан, нохуш рақамларни (эмишки, Экваториал Гвинеядан фуқароларнинг қарийб ярми қочиб кетган) овоза қилган статистика бюроси директорини президент Масиас Нгема «санашни ўрганиб олиши учун» бурда-бурда қилиб ташлашни буюради.

    Мияга келган яна бир фикрдан сўнг диктаторнинг барча собиқ аёлларининг эрлари ва жазманлари ёппасига қатл этилади — унинг ўйлашича, экс-хушторлари умрининг охиригача унга содиқ бўлиб қолиши зарур. «Дилкаш» одам, шундайми? Ниҳоят, президент Миллий банк раҳбарини отиб ташлайди, олтин ва валюталарни сақлаш учун ўз уйига олиб келади. «Шундай қилинса, пул бутун сақланади», — дея мийиғида кулиб қўяди жонкуяр Масиас. Кейинроқ ўғрилардан хавотирланиб, долларларни бамбукли ўрмонга яширади, натижада «бакс»нинг ярми чириб кетади.

    Президент Франсиско Масиас Нгема янги маъмурий бино очилиш маросимида. 1973 йил. Фото: «РИА Новости»

    Кўзойнак тақиш тақиқланади
    Кўп ўтмай Экваториал Гвинеяни барча зиёлилар тарк этишади ва у ерда бор-йўғи 10 (ўнта!) нафар олий маълумотли киши қолади. 300 минг аҳолидан 125 минг нафари қочиб кетган бўлса, яна 50 минги қатл этилади. Натижада мамлакатнинг хорижга олиб чиқадиган асосий йўли миналаб ташланади: бундай ажойиб ўлкани ҳеч ким ташлаб кетмаслиги учун барча балиқчи қайиқлар йўқ қилинади.

    Масиас Нгема меҳнаткашларнинг Ягона миллий партиясига асос солади ва унга мамлакатнинг 14 ёшдан катта барча фуқароларини мажбурлаб аъзо қилади. Бош тортганларнинг бошини танасидан жудо қилдиради. Маошни фақат армия ва полиция олган — вазирлар биноси ҳувиллаб қолган, ҳаммаёқни чирмовиқлар босиб кетган: у ерда ишлайдиган одамнинг ўзи қолмаганди. Биринчидан, «ақллилар» ҳисобга олинган ва қатл этилган, иккинчидан, барибир ойлик тўлашмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларига турнақатор навбатлар юзага келди, квартираларда электр бўлмаган.

    «Бу лаънати мустамлакачилар қолдирган мерос, — деб халққа тушунтирарди Нгема. — Ҳечқиси йўқ, бирор кунимизни кўрамиз!». Унга ҳамиша яхшиликни билмайдиган халқ бундай ажойиб раҳнамони етарлича севмагандек туюлаверади. Шу боис Нгема руҳонийларга ибодатларда «Худо Масиас шарофати билан Экваториал Гвинеяни яратган»ини эслатиб туришни буюради, бироқ кейин тушунарлироқ бўлиши учун шиорни ўзгартиради — «Масиасдан бошқа худо йўқ». Охир-оқибат, католик ибодатхоналари ёпилиб, ўрнида омборхоналар ташкил этилади.

    Франсиско Масиас Нгема ёмон ўқиган — ўз вақтида у фақат тўртинчи уринишдагина катта машаққат билан мустамлакачилар маъмурияти ходимлигига имтиҳондан ўтади. Ақл-идрокли кишилар уни жиғибийрон қиларди — шу боис «инқилоб йўлбошчиси» мамлакатда ҳаммага кўзойнак тақишни ва «интеллектуал» сўзини ишлатишни тақиқлаб қўйди. «Гарчи мен ўзим халқдан чиққан бўлсам ҳам, аҳмоқ эмасман, — дейди Масиас қошини чимириб. — Улар эса ишлаётганларни масхара қилиш учун кўзойнак тақишади». Рождествода у ўзи учун совға-саломлар уюштирарди — Санта-Клаус кийимидаги ҳарбийлар куй-қўшиқлар садолари остида юзталаб мухолифатчиларни отиб ташларди. Охир-оқибат, бундай томошалар ҳатто Масиас сафдошларининг ҳам жонига тегади...

    1979 йил 3 август. Шу куни президентнинг жияни подполковник Теодоро Обианг марокашликлар ёрдамида қайта қуришни амалга оширади ва амакисини ағдариб ташлайди. Масиас икки чамадон «бакс» билан қочиб қолишга улгуради, лекин икки ҳафта ўтар-ўтмас уни қўлга олишади. Судда собиқ президент «ҳасрати» тингланади: ҳаммасига болаликдаги жароҳатлар сабабчи эмиш. Унинг айтишича, отасини испан мустамлакачиси ўла-ўлгунча калтаклаган, онаси эса кўп ўтмай ўзини осиб қўйган. Шунинг учун ҳам ҳаммани қатл этган. Аслида эса у одамлар ва жониворларни ёқтирармиш. Шунга кўра унинг уйга кетишига рухсат беришини, ҳали чиришга улгурмаган доллар қолдиқларини сарфлашини сўрайди.

    «Мен сизларни деб гўрдан чиқиб келаман»
    «Инқилоб йўлбошчиси»нинг ўлимга ҳукм этилиши кундек равшан эди. Фақат мамлакатдаги ҳарбийларнинг ҳеч бири диктаторни отишни хоҳламаслиги ойдинлашади. Ахир у қадимги жодугарлар уруғидан бўлмиш ўрмон табибининг ўғли эди-да! Камига Масиас соқчига тунда гўрдан чиқиб келиб, уларнинг жигарини еб кетишини қатъий таъкидлайди. Отишни хоҳловчилар сони янада камаяди. Шунчалик ҳам аҳмоқлик бўладими, дейишингиз мумкин: лекин буни Африка дейишади, у ерда қора жодуга ишонишади.

    Бироқ жиян уддабуронроқ чиқди. Яна марокашликларни чақирди — уларга ялмоғиз кампирлар ҳам, тирик мурдалар ҳам бир пул. Гонорарни қўлга киритгач, марокашликлар Франсиско Масиаса Нгемани деворга тираб қўйишди. У эса милтиқлар қаршисида фотомодель каби савлат тўкиб турди: илжайди, афтидан, ростдан ҳам қайта тирилишига ишонган кўринади. Бироқ 40 та ўқ тегиб йиқилди ва қайта тирилмади.

    Мана шунақа. Олис Африкадаги митти мамлакат, маъмуриятнинг озгина маош оладиган оддий амалдори бирдан махлуққа айланади — унинг олдида Гитлер ҳам ип эшолмайди ҳатто.

    Жиян
    Лекин энг қизиғи, амакисини курсидан ағдарган ўша жиян Экваториал Гвинеяни 38 йилдан бери бошқариб келмоқда. У, албатта, Масиас билан таққослаганда анчайин камсуқум — кўзойнак тақишга рухсат берди, йўлларни минадан тозалади, фақат у ҳам вақти-вақти билан қатл уюштириб турибди, лекин бу Африка учун одатий ҳол. Яқинда радиода хабар қилишларича, президент Теодоро Обианг Нгема Мбасого «нафақат одамлар, балки буюмлар устидан ҳам ҳукмронлик қилаётганмиш».

    Жиян — Теодоро Обианг Нгема Мбасого. Фото: «Globallookpress»

    » » Жаллод диктатор қисмати: унинг олдида Гитлер ҳам «дам олади»