12:28 / 28.03.2020
3 642

Коронавирус: Италия нега кўп қурбон бермоқда?

Коронавирус: Италия нега кўп қурбон бермоқда?
GETTY IMAGES
Хитойдан кейин Эрон коронавируснинг янги «ўчоғи»га айланганди. Эронда саноқли кунларда минглаб одамлар вирусни юқтириб олди. У вақтда европаликлар ҳеч нарсани ўйламай бемалол кўчаларда байрам қилиб юрганди.

Тўсатдан бу офат Европага ёпирилди. Вирус бутун қитъага тарқала бошлади ва қисқа муддатда Италия коронавирус билан касалланганлар бўйича Эронни «қувиб ўтиб» иккинчи ўринга кўтарилди. Энг ёмони Италияда коронавирусдан ҳалок бўлаётганлар сони касалланганларга нисбатан фоиз ҳисобида Хитой ва Эрондагидан анча кўп. «Бузоқлар ўлкаси»да коронавирусдан вафот этганлар сони 9 мингдан ошиб кетди. Бу Хитойда вафот этганлардан қарийб икки ярим баравар кўп дегани.

Италияда коронавирус туфайли вафот этаётганлар сони янада кўп бўлиши мумкин. Сабаби ҳукумат фақат расмий рўйхатга олинган касаллар орасида вафот этганларнинг ҳисоби бўйича маълумот беряпти. Вирус сабаб рўйхатга олинмай вафот этаётганлар ҳам бўлиши мумкин. «Covid-19 вирусидан бир киши вафот этса, яна уч киши ҳеч қандай тестсиз уйда пневмониядан жон бермоқда», дейди Бергамо шаҳри мэри Жоржо Гори.

Нега айнан Италияда кронавирус ортидан ўлим ҳолати кўпайиб кетди? Бу савол барчани ўйлантирмоқда.

Getty Images
26 март куни Бергамода 32 минг одам коронавирус инфекциясини юқтиргани маълум бўлди. Биргина душанба кунининг ўзида яна 2 мингдан ошиқ одам вирус юқтиргани ва 400 нафар одам вафот этгани қайд этилди. Сўнгги кунларда эпидемиянинг ўсиш суръати бироз пасайди, аммо Италия умумий амалиёт врачлари федерацияси матбуот котиби Паола Педринининг айтишича, мамлакатда вазият ҳануз ёмонлигича қолмоқда.

«Вирус юқтирганларнинг кўпчилиги расмий статистикага кирмаган бўлиши мумкин, чунки ҳаммада ҳам коронавирусга қарши тест ўтказилмаган ва улар касалликка чалинган ҳолда одамлар орасида юрган бўлса, ҳем ким билмайди. Одамларни ёппасига тестдан ўтказиш амалиётини аввалроқ бошлаганимизда, вирусга чалинганлар, ҳалок бўлганлар расмий маълумотларда ҳозиргидан 5-10 баробар кўп бўлиши ҳам мумкин эди», дейди Паола.

27 март ҳолатига кўра, Италияда коронавирусга чалинганлар сони 86 мингдан ошди. Агар Паола хонимнинг ҳисоб-китоби тўғри бўлса, Италияда Covid-19 вирусини юқтирганлар сони дунёдаги қолган ҳамма мамлакатлар беморлари сонидан кўп бўлиши ва ҳатто миллион нафарга етган бўлиши ҳам мумкин.

Covid-19 вируси Италияда илк марта 20 февралда Ломбардия провинциясидаги Кодоньо шаҳарчасида аниқланган эди. Ўшанда бутун дунё бўйлаб ушбу вирусни 70 минг нафар одам юқтирган ва уларнинг 90 фоизи Хитойда эди. Орадан бир ой вақт ўтгач, биргина Италиянинг ўзида вирус юқтирганлар сони 50 минг нафардан ошди, улардан 4 минг нафари вафот этди.

Вирус билан касалланганлар сонининг бу қадар кескин ошиб кетиши сабабини 20 март куни бир гуруҳ италиялик олимлар тушунтириб беришди. Улар ўтказган тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатдики, Ломбардия провинциясида илк коронавирус аниқланган пайтда кўча-кўйда, жамоат жойларда аниқ ташхис қўйилмаган ва аллақачон вирусни ўзи билмаган ҳолда юқтирган одамлар бемалол юрган. Олимларнинг тусмол қилишича, ўшанда ҳар бир вирус юқтирган одам камида уч кишига бу хавфли инфекцияни юқтириб кетаверган.

Италияда касаллик аниқланган беморларнинг ўртача ёши 63 ёшни ташкил этмоқда. Улар орасида бир ойлик чақалоқдан тортиб 101 ёшли аёлгача бор. Вирусга чалинганларнинг ярминигина касалхонага ётқизишнинг иложи бўлган. Кейинчалик уларнинг ҳар беш нафаридан бири аҳволи оғирлашгани сабаб реанимацияга олинган.

Италиялик олимларнинг ҳисоботида вирус бу мамлакатга қачон кириб келгани ҳақида аниқ гап айтилмаган, зеро энди уни аниқлашнинг амалда имкони йўқ. Олимлар вирус илк аниқланган 20 февралдан анча аввал кириб келганини айтиш билан кифояланишди.

GETTY IMAGES
Филадельфия университети профессори биолог Энрико Буччининг тахминича, коронавирус Италияга ўтган йил декабрь ойи ўрталарида кириб келган. Буччи ўз фактларини илмий блогига ҳам жойлади.

Профессор ўз таҳлилларида бугун вирус авж олган Кодоньо шаҳарчаси яқинидаги Пьяченца шаҳрида декабрнинг сўнги кунларида 40 нафар киши енгил шамоллаш билан бир вақтнинг ўзида мурожат қилганини мисол қилиб келтирди. Бу ҳақда маҳаллий матбуот ажабланиш билан хабар ҳам берган, лекин ҳукумат жиддий эътибор бермаган. Профессорнинг фикрича, ана ўшандаёқ коронавирус Италияга кириб келиб бўлганди.

Февраль ойи охирига келиб пневмониядан даволанган беморлар танасида коронавирус аломатлари топилди ва бу профессор Буччининг шубҳаларини тасдиқлади. Профессор бу одамлар коронавирусни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вирусга ҳали ном бериб улгурмасидан илгари юқтирганини айтди.

Вақт ўтиши билан Италияда икки ой давомида яширинча тарқаб юрган ва бекиниб ётган бу вирус мамлакат бошига болға бўлиб урилди.

Генетик таҳлиллар шуни кўрсатяптики, вирус Италияга илк марта Хитойдан кириб келган. Вирус кўплаб мамлакатларга бир вақтнинг ўзида, ўтган йил декабрдаёқ кириб боргани эҳтимоли юқори. Коронавирус Италияда ўсимлик уруғи унумдор тупроққа тушгани каби тез тарқалиб кетди.

GETTY IMAGES
Шундоқ ҳам сўнгги йилларда Италияда оддий грипп туфайли вафот этиш ҳолати Европанинг бошқа мамлакатларга нисбатан икки баравар ошиқ эди. Ўтган йил ноябрда гриппдан вафот этиш кўрсаткичлари бўйича италиялик врачларнинг хулосаси эълон қилинган ва унга кўра 2013-2017 йиллар оралиғида Италияда грипп туфайли қарийб 70 минг нафар одам ҳалок бўлган.

Биргина 2016-2017 йил қиш фаслида ҳар 100 минг одамдан 40 нафари грипп туфайли вафот этган. Таққослаш учун, дунёда ҳар йили 100 минг одамдан 10 нафари кўкрак саратонидан, 20 нафари безгакдан, 25 нафари силдан, 44 нафари ОИТСдан вафот этади.

Италияда коронавирус билан касалланган ва вафот этганларнинг кўплигига бир нечта сабаблар бор.
Биринчи сабаб бу – аҳолининг ўртача ёши билан боғлиқ.

«Италияда коронавирус туфайли вафот этиш кўрсаткичлари юқорилигини кутилмаган ҳодиса деб бўлмайди. Бу мамлакатда иммунитети паст бўлган ёши кекса кишилар кўп», дейилади италиялик олимлар ҳисоботида. Бугун Италияда коронавирусга чалинганларнинг ўртача ёши 63 ёшни ташкил этмоқда. Масалан, Германияда бу кўрсаткич 45 ёшни ташкил этади.

Иккинчидан, Италияда антибиотикларни кўп истеъмол қилишади. Антибиотиклар вирусларга таъсир қилмайди, аммо оғир беморларнинг аҳволини ёмонлаштириб, чидамли инфекцияларнинг танада урчишига сабаб бўлади.

Статистикага кўра, италияликлар антибиотикларни Европанинг бошқа давлатлари аҳолисига қараганда бир ярим баробар кўп истеъмол қилади. Ҳатто италиялик фермерлар ҳам чорва моллари учун Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига нисбатан антибиотиклардан кўпроқ фойдаланишади.

Чидамли инфекциялар Италия касалхоналарида нормадагидан икки баробар кўп учрайди. Юқорида айтилганидай, коронавирус Италияда унумдор тупроққа уруғ сепилгандай бўлди.

Италияда вирус кенг тарқалишига футбол ўйинлари ўз вақтида тўхтатилмагани ҳам сабаб бўлди. 19 февраль куни Миланда ЕЧЛ плей-офф босқичи доирасида «Аталанта» ва «Валенсия» учрашуви ўтказилганди. Бу ўйинга Бергамодан кўплаб мухлислар жамоат транспорти орқали келган. Ўшанда Миландаги ўйингоҳга 50 минг нафар мухлис йиғилган ва улар орасида коронавирусга чалинган одамлар ҳам бўлган.

Италиядаги коронавирусга чалинган илк бемор - Алзано Ломбардода шу ўйиннинг эртасига вирус аниқланган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирус: Италия нега кўп қурбон бермоқда?