08:08 / 25.07.2022
2 165

Инсон тақдири ўзининг қўлидами?

Инсон тақдири ўзининг қўлидами?
Ўз тақдирингни ўзинг яратасан ёки тақдир эканда, сабр қилишдан ўзга чора йўқ, деган бир-бирига қарама-қарши ибораларни жуда кўп эшитиб қоламиз. Ҳар гал шундай маънони ифодаловчи ибораларни эшитган ёки ўқиганда ҳайрон бўламан. Ҳақиқатда ўз тақдиринг ўзингни қўлингдами? Яъни ҳаётинг қандай бўлишини ўзинг белгилайсанми? Ёки белгилаб берилганини яшайсанми?

Шу саволларга жавоб топиш учун инсоннинг ўз қўлида бўлган, яъни инсон ихтиёри билан бўладиган ҳолатлар кўпми? Ёки мажбурий қабул қилиб оладиган ва ўзгартиришга қодир бўлмаган ҳолатларми? Бу саволларга жавоб топиш устида фикрладим. Қуйида инсон ихтиёрига мутлақ алоқасиз бўлган ҳолатларни келтираман, икки ҳолатдан қайси бири кўплигини ўзингиз хулоса қилиб оласиз.

Инсон қачон, қаерда ва қайси ота-онадан дунёга келиши ҳақида умуман унинг ихтиёри сўралмайди. Унинг миллати ва ирқи ҳам юқорида айтиб ўтилган сабабларга боғлиқ, яъни ихтиёридан ташқарида. Инсон жинси, яъни ўғил ёки қиз бўлиб туғилиши, сурати – чиройли ёки хунук бўлиб туғилишини ҳам ўзи режалай олмайди. Ҳеч ким зеҳнини ўзи танлаб олмайди, берилганига рози бўлади, шунинг учун ҳамма ҳам олим бўлолмайди. Инсондаги қизиқиш ҳаммада ҳар хил бўлади, масалан ота-она фарзандини шифокор қилишни истайди, лекин бола автамобилга қизиқиб ҳайдовчи бўлади, аксинча ота-онаси эътибор ҳам бермаган фарзанд ўзидаги қизиқиш билан шифокор бўлиб етишади.

Балоғатга етгандан сўнг жуфт танлаш. Кўпчилик бу борада инсон ўз ихтиёрига эга деган фикрда, лекин чуқурроқ фикрлаб кўрсангиз акси ҳақиқатга яқинроқ экани кўринади: аёлларни билмадим, лекин эркакларнинг кўпи уйлангандан сўнг, ўша вақт кўзим қаерда бўлган экан, деб ажабланади. Фарзанд кўриш, уларнинг ўғил ёки қиз бўлиб туғилиши инсон ихтиёрида эмас. Бой ёки фақир бўлиш ҳолатини ҳам кўрайлик: агар бу ҳолат инсон ихтиёрида бўлганда эди ҳеч ким фақирликни танламасди, ҳар бир инсон иложсизликдан ўзига берилганига кўникиб яшайди.

Тасаввур қилинг инсон йигирма беш ёшга етиб келди, уйланган, фарзандлари ҳам бор, энди қанча муддат ва қандай яшаш ҳам ихтиёрига боғлиқ эмас. Қанча яшаш дегани тушунарли, ҳеч ким қанча яшашини ўзи танламайди, балки белгиланганни яшаб кетади, лекин соғ-саломат ва тинч-омон яшайдими? Ёки умри бирор касалликка дучор бўлиб бир умр бемор ҳолда ёки урушлар сабаб қўрқувда, ёки оилавий муаммолар сабаб доимий ғам ташвишда ўтадими? Шунинг учун ҳам қарияларнинг дуо қилганда кўпинча танисиҳатлик ва хотиржамлик сўраши, буларнинг инсон қўлида эмаслигини англатади.

Юқорида инсоннинг қўлида бўлмаган, балки инсон мажбур ҳолда қабул қиладиган ҳолатларни келтириб ўтдим, булар шахсий фикрлашдан келиб чиққан хулосалар бўлиб, инкор қилиб бўлмайдиган юз фоиз ҳақиқатлар деб даъво қилишдан йироқман ва булар шунчаки фикрлашга ундов.

Инсон ихтиёрига алоқасиз бўлган ҳолатларни англаб етгандан сўнг инсон ҳаётидаги, юқорида келтириб ўтилмаган ҳолатлар ҳақида фикрлаб кўрсангиз унинг қўл остидаги, ўз ихтиёри билан бажарадиган ҳолатлар қанча эканлиги келиб чиқади ва инсон тақдири ўз қўлидами ёки аксинчами? деган саволга жавоб топишингиз мумкин бўлади. Эътибор бериб ўқиганингиз учун раҳмат.

Азим Раҳим

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Инсон тақдири ўзининг қўлидами?