15:37 / 29.10.2022
1 753

Қанча хоҳласангиз, шунча истеъмол қилинг: олма, тухум ва иштаҳани бўғувчи бошқа маҳсулотлар

Қанча хоҳласангиз, шунча истеъмол қилинг: олма, тухум ва иштаҳани бўғувчи бошқа маҳсулотлар
Фото Marie Claire
Вазн камайтиришга ёки ҳозирги вазнингизни сақлашга ҳаракат қиляпсизми? Бунда, албатта, иштаҳани бостирадиган маҳсулотлар ёрдамга келади. Кўпчилик юқори калорияли углеводлар ёки шакарга бой маҳсулотлар истеъмол қилади ва дарҳол очликни ҳис қилади, бу муқаррар равишда вазн ортишига олиб келади. Бироқ иштаҳани анча хавфсизроқ тарзда ҳам бостириш мумкин, деб ёзади Marie Claire.

Занжабил

Занжабил нафақат кўнгил айнишини йўқотишга ёрдам беради, балки иштаҳани ҳам назорат қилади, яъни очликни қондиради. Занжабил ошқозон-ичак тракти орқали аста-секин ҳаракатланадиган ва қон оқими орқали организмни энергия билан таъминлайдиган восита сифатида ишлайди. У юқори антиоксидант хусусиятларга эга, холестерин даражасини пасайтиради ва меъда ширасининг секрециясини камайтиради. Занжабил шифобахш хусусиятлари учун ҳам кенг қўлланилади.

Зираворлар

Аччиқ қалампир нафақат таомларга мазали таъм қўшади, балки соғлиқ учун жуда кўп фойда келтиради. Қизил қалампир таркибида яллиғланишга қарши таъсирга эга бўлган, саратон ҳужайраларига қарши курашувчи, юрак-қон томир касалликлари хавфини олдини олувчи, метаболизмни тезлаштирадиган ва энергия сарфини оширадиган капсаицин мавжудлиги маълум. Долчин қондаги қанд миқдорини пасайтиради ва узоқ вақт давомида тўқлик ҳиссини беради. Иштаҳа имкон қадар узоқ вақт бўлмаслиги учун овқатларга ёки ичимликларга қалампир ёки долчин сепиш мумкин.

Ялпиз

Ялпиз барглари очликни бостирувчи хусусиятларга эга. Вазнни назорат қилишни истовчилар таомга бир нечта барг қўшиши ёки чой сифатида ичиши мумкин.

Чиа уруғлари

Бу майда уруғлар омега-3 ёғ кислоталари, оқсил ва клетчатканинг ажойиб манбаидир. Уларнинг барчаси очлик туйғусини бостиришга ёрдам беради. Вазнни назорат қилиш ва соғлом бўлиш учун чиани йогуртга аралаштириб, истеъмол қилиш мумкин.

Зиғир уруғи

Зиғир уруғи клетчатка, омега-3 ёғ кислоталари ва оқсилнинг ажойиб манбаи ҳисобланади. Кичкина уруғлар ошқозонда жуда кўп жой эгалламайди, аммо иштаҳани бостиришга ёрдам беради. Эрталаб сметана билан зиғир уруғини истеъмол қилиш тавсия этилади.

Бодом

Хотирани яхшилашдан ташқари, бодом соғлом ёғларнинг ажойиб манбаи ҳисобланади, у узоқ вақт давомида тўқлик ҳиссини беради. Бодом мазали газак сифатида ҳам фойдали, уни истеъмол қилган одам вазн ошиши масаласида қайғурмаса ҳам бўлади.

Тофу

Соя сутидан тайёрланган тофу оқсил, Э витамини, кальций ва темирга бой. Бундан ташқари, бу озиқ-овқат маҳсулотида холестерин мавжуд эмас. Соя оқсили, бошқа ўсимлик оқсилларидан фарқли ўлароқ, тўлиқ оқсил ҳисобланади ва организмни тўқлик ҳисси билан таъминлайди.

Дуккаклилар

Нўхат, ловия, ясмиқ каби ловия ва бошқа дуккакли экинлар клетчатка ҳамда оқсилнинг ажойиб манбалари бўлиб, калорияси кам. Дуккаклилар крахмал ва олигосаккаридлар деб номланувчи мураккаб углеводларга бой бўлиб, улар ҳазм қилиш жараёнини секинлаштиради. Бу эса организмни узоқ вақт тўқ сақлашга ёрдам беради.

Тухум

Тухум истеъмолидан сўнг организмда ишлаб чиқариладиган грелин гормони тўқлик ҳиссини беради. Шунингдек, у озиқ-овқатга бўлган истакни бостирадиган юқори сифатли оқсилни ўз ичига олади. Вазн камайтиришни ҳамда ўзини ширинликдан тийишни истаганларга тухум кундалик рацион учун ажойиб қўшимча ҳисобланади. Фақат уларга юқори калорияли қўшимчалар қўшмаслик ва камроқ қовуришдан сақланиш керак.

Лосос

Лосос балиғи оқсил ва омега-3 ёғ кислоталарининг манбаи ҳисобланади. Ушбу кўп тўйинмаган ёғли кислоталар иштаҳани даражада бостирадиган гормонал ўзгаришларга олиб келади. Шунингдек, у ёғ алмашинувида ва вазнни бошқаришда муҳим рол ўйнайдиган Д витаминининг ажойиб манбаидир.

Авокадо

Авакадо соғлом моно тўйинмаган ёғли кислоталар ва клетчаткага бой. У узоқ вақт ҳазм қилинади, шунинг учун ошқозонни тўқ тутади. Эрийдиган клетчаткалар туфайли авокадо овқат ҳазм қилиш жараёнини секинлаштиради, калория ва ёғларга бой бўлса-да, юракни соғломлаштиришга, тери ҳолатини яхшилашга ва ҳатто очликни камайтиришга ёрдам беради. Асосийси кунига биттадан кўп авокадо истеъмол қилмаслик.

Кўкатлар

Кўкатлар нафақат соғлиқ учун, балки вазн учун ҳам фойдалидир. Салат барглари сув ва клетчаткага бой бўлиб, бу организмни узоқ вақт давомида тўқ ҳис қилишига ёрдам беради.

Олма

Кунига битта олма очликдан ва парҳезшуносга ташриф буюришдан қутқаради. Ушбу мева клетчатка ва пектиннинг ажойиб манбаи. Олма таркибидаги катта ҳажмли толани чайнаш учун узоқ вақт керак бўлади, бу ортиқча овқатланишнинг олдини олади. Қолаверса, қўшимча калория ва углеводларни истеъмол қилишдан қочиш имконини беради, бу эса организмдаги ёғ заҳираларининг чўкишини камайтиради. Олма таркибида клетчаткага қўшимча равишда сув мавжуд бўлиб, у ҳам очликни қондиради ва ошқозонни узоқ вақт давомида тўқ ушлаб туради. Аммо агар гастрит ёки шунчаки ошқозонда бошқа муаммолар бўлса, хом олмадан воз кечиш яхшироқдир.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қанча хоҳласангиз, шунча истеъмол қилинг: олма, тухум ва иштаҳани бўғувчи бошқа маҳсулотлар