09:04 / 20.11.2017
8 718

Бирга кулар эдик, бирга йиғлай олмадик...

Бирга кулар эдик, бирга йиғлай олмадик...
Балки хатолиқ мендан ўтгандир? Билмадим, билганим шуки, бу ишим билан йигирма йиллик қадрдон дугонамни йўқотдим. Ва дўстлик, меҳр- муҳаббат вақт ва масофа билан эмас одамийлик, тарбия билан боғлиқ эканини англаб етдим. Йўқ, у билан мулоқотларимиз, муносабатларимиз узилгани йўқ. Бироқ қалбан узилишганмиз. Чунки инсонларни нафратдан аввал ишончсизлик, бошингга ташвиш тушганида сендан юз ўгиришлари узоқлаштиради...

Ҳеч кутилмаганда ишхонамда штатлар қисқартириш бошланди. Тил-забонликкинаман. Яъни, ноҳақликка чидаёлмайман. Бир неча маротаба раҳбар, ўринбосари ва бош ҳисобчига ноҳақлигини айтиб дакки берганман. Албатта қисқартириш жараёнида менга ўхшаган ҳақиқатпарварлар, уларнинг назарида “иғвогарлар” биринчилардан бўлиб рўйхатга тушади. Хуллас, қисқартириш рўйхатининг аввалида эканман. Пасткашларга пастламадим, “Кейинги ойдан яна ўзимиз чақиртириб оламиз” деган ваъдага истеҳзоли жилмайиб ишхонамни тарк этдим. Эрим ҳам ишлайдилар.

Тўрт боланинг харажатлари, рўзғор, орзу-ҳавасларимиз... Болаларимиз ҳам бирин-кетин бўйга етиб келмоқда. Бола катта бўлгани сари, орзу-ҳавас кўпаяди, сарф-харажати кўпаяди. Ҳаммасини эримга юклаб қўйиб ўтиролмайман. Ёш қизлигимда янгам — катта акамнинг аёлидан бичиш-тикишни, пишириқлар пиширишни ўрганган эдим. Кўпинча ўзимга, қизларимга кийимларимизни ўзим тикардим. Бўш пайтларим таниш-билишлар, қўшни аёлларга ҳам кийимлар тикиб, рўзғорга қўшимча даромад қилардим. Қўни-қўшни, қариндош-уруғнинг тўй-тўйчиғига пишириқлар, ширинлик ва салатлар тайёрлаб, оз-моз қўшимча пул топиб, камимизга яратардим. Ишдан бўшаганимдан сўнг фикримга келган биринчи ўй тадбиркорлик қилиш бўлди. Эримга ёрилгандим, ўйланиб қолдилар:

- Иккита кредитимиз бор, ипотека уй, автомашина олганмиз. Бунинг устига, бўлиб тўлаш шарти билан кир ювадиган машина, ошхонага дудбурон олганмиз. Кўриб турибсан, мен уйга бир тийин ҳам пул олиб келолмаяпман, ойлик маошим шундоқ кредит ва бўлиб тўлашга кетяпти. Тадбиркорлик учун эса сармоя керак, пулни қаердан оламиз?
Эримнинг феъл-атворини биламан. Ҳар қандай ҳолатда, муҳтож бўлиб қолсак ҳам ўзининг ё менинг туғишганларимдан қарз сўрамайди, яқинларимизга қийин ҳолатимизни билдиришни истамайди. Ота-онамдан ё укаларимдан қарз оламан, десам эрим тутақиб кетиши тайин бўлгани учун, яқин дугонам тилимга келди:

- Меҳринисодан қарз олиб тураман, бошланишига 10-15 миллион билан иш бошласак бўлади. Кўнглим сезиб турибди, дадаси, ишларимиз юришади...
- Қарз билан иш бошлайсанми?- эримнинг кўнгли чопмади.
- Дадаси, хўп деяверинг, илтимос. Аллоҳ ғайратли бандасини севади, ҳаракатимиз бесамар кетмайди. Ҳозир қарз кўтаришдан бошқа иложимиз ҳам йўқ-да...

Эримнинг боши қуйи солиниб, секин тасдиқ ишорасини бердилар. Кредитга уй олаётганимизда бошланғич тўловига озгина етмай қолган эди, зебу зийнат, тақинчоқларимни ўшанда сотиб бергандим. Сотишга арзирли бошқа нарсамиз йўқ эди. Меҳринисо билан йигирма йиллик қадрдон дугонамиз. Талабалик чоғимиздан бери бир партада ўтириб, бир ётоқхонада яшаб худди жон жигар опа- сингиллардек бўлиб кетганмиз. Эримга ишонч билан ундан қарз сўрашимни айтганим, дугонамнинг эри бир неча йилдан бери хорижда ишлайди. Баъзан “хорижда ўзларининг фирмалари бор, тижорат билан шуғулланадилар, ўзбек ошхоналарини очганлар” деб ғурурлангандек ҳам бўлганди. Дугонамдан қарз сўрасам раъйимни қайтармаслигига қатъий ишонардим. Аммо...

Меҳринисо ишдан бўшаганим, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлганиму, иш қуроллари, масаллиқлар ва ижара ҳақи учун пул кераклигини, шунга бир йил муддатга ўн миллион сўм қарз бериб туришини айтдим. Аввал чуқур “уҳ” тортди. Сўнг юзига асабийлик нуқсини бериб гап бошлади:

- Тадбиркорлик сен айтганингдай осон иш эмас. Мана, укаларим ҳам тадбиркор, топгани солиқларию, майда-чуйда харажатлардан ортмайди. Бунинг устига ҳали м маҳалла оқсоқоли, ҳали ҳокимиятдагилар “Фалончига моддий ёрдам қил”, “Писмадончинига ҳомийлик қил” деб тўрт томонга юлқийди. Ундан кўра бирор жойга ишга кириб, тинчгина ишингни қилиб юрганинг яхши-ку? Олий маълумотли ҳисобчи бўлсанг, бунинг устига неча йиллик тажрибанг бор, хорижий тилларни биласан, сендай ходимга ҳар қандай ишхона эҳтиёж сезади. Ўзи нега сенга қисқартириш келади, шу ишхонангнинг устидан ёзсанг-чи?!

- Нима кераги бор ортиқча бош оғриқни?!- Қарз бермаслик учун ақл ўргатаётган қаршимдаги дугонамни йигирма йилдан бери энди кўраётгандим.- Хусусий ташкилот бўлса, бунинг устига битта менга эмас, 5-6 ходимга қисқартириш беришди. Фақат ўзининг қариндош-уруғи, оиласидагилар қолди. “Иқтисодий аҳволимиз яхши эмас маош беролмаймиз” дейишди. Қолаверса, ишдан бўшатишгани йўқ, ўз ҳисобингиздан номаълум муддатга тўловсиз меҳнат таътили олинглар, дейишди. Ким билади уларнинг иқтисодий аҳволи қачон ўнгланади. Айнан яхши иқтисодчи бўлганим учун ҳам тадбиркорлик билан шуғулланмоқчиман. Билимим ва куч-ғайратимни фойдали ишга сарфлашни истайман. Бироқ бошланишига таваккал қилиб қарз кўтармасам бўлмайди...

Меҳринисонинг уйидан қандай чиқиб келиб, уйга келганимни билмай қолдим. Йигирма йиллик дугонам, ҳар бир нафас олганиму нима ўйлашим ҳақида батафсил биладиган дугонамнинг “янги қирра”сини кашф этганим бир томон, эримнинг кўзига қандай қарайман, дугонам қарз бермай насиҳат қилди деб қандай айтаман, деган оғир ўй бир томондан эзарди. Уйга келдим. Болалар мактаб-боғчасида. Дадаси ишда. Остонадан ичкарига қадам қўяр-қўймас ҳўнграб йиғлаб юбордим. Узоқ йиғладим. Сабабини англаб-англамай йиғладим. Аммо муҳаққақ изтиробимни бировга тушунтиролмасдим. Кўнглимда икки “мен”им олишарди. Бири дугонамдан ранжиб, унга қилган яхшиликларимни бир-бир эсга олар, иккинчи “мен”им эса пулни эри топган бўлса у қандай жасорат билан дугонасига қарз беради, деб дугонамни ёқларди. Хуллас, бу ўй хаёллардан менга наф йўқ эди. Бироздан сўнг ҳаммасини унутиб, кечқурун эримга қандай тушунтиришимни ўйлай бошладим. Қўлим ишга бормай қолди. Болаларнинг мактабдан қайтишига бирор егулик тайёрлаш учун ошхонага киргна эдим қўл телефоним куй чалиб қолди.

“Қайтганимдан сўнг Меҳринисо ўйлаб, пул беришга қарор қилган” деган ўйда энтикиб телефонимга қарасам экранда Хоразмлик фейсбук ижтимоий тармоғида танишган тенгдош аёлнинг рақами кўринди. Фейсбукда танишиб, бир-биримизга фикрларимиз маъқул келганди, рақам алмашгандик. Бир –икки телеграм тармоғида гаплашган ҳам эдик. Пойтахтга келмоқчилигини, уйимда меҳмон бўлишини айтди. Албатта кутиб олишимизни айтдим. Бироз кўнглим ёришди. Кечки пайт эримга “Бирор ҳафталарда Меҳринисога эри пул жўнатар экан, бераман, деди” деб ёлғон гапирдим. Ёлғон гап ўзини сездиради. Эрим пайқаган бўлса-да, кўнглим учун индамай қўйди. Бу бадтар мени чўктирди.

Икки кундан кейин фейсбукда танишган дугонам келди. Биринчи марта учрашдик. Кўнгли очиқ, чеҳраси нурли аёл экан. Эри Россияга ишлагани кетиб, ўша ёқларда уйланиб олган, икки ўғли билан Бикажон ўз бошига ёққан қорни ўзи кураб яшарди.

- Мен ўзимни эрсиз деб ҳисобламайман, дерди у.- Ўғилларимнинг отаси барибир бир куни қайтиб келади. Фақат сабр қилиб кутаяпман. Тўғри, ёшлигим, ҳусним бир бетайинни кутиш билан ўтиб кетяпти, лекин биламан, албатта бунинг ажри бор...
Ўша куни туни билан гаплашиб чиқдик. Бикажон тадбиркор аёл эди. Тошкентга ҳам иш юзасидан келган экан. Негадир қулфи дилим очилиб, Бикажонга Меҳринисо билан бўлган воқеани гапириб бердим. Жимгина эшитди мени. Унга нотаниш, менга йигирма йиллик қадрдон бўлган дугонамни ёмонламади. Ёқламади ҳам. Ўйчан алпозда:

- Ўша пулни мен сизга бериб туришими мумкин,- деди.- Фақат бир шартим бор...
- Қандай шарт экан?- дедим ҳайрон бўлиб.
- Мен пул тикаман, сиз иш бошлайсиз. Фойдани бўлишамиз. Агар, худо кўрсатмасин, ишимиз ўхшамаса, мен пулимга куяман, сиз меҳнатингизга...
- Яъни...
- Яъни, сизга шерикчиликка пул тикаман. Фойдани бўлишамиз, бу фоиз бўлмайди. Қачонки, сиз ўзингизга сармоя қилиб олсангиз, мустақил ишламоқчи бўлсангиз, мен тиккан пулни қайтарасизу, ўзингиз ишлай бошлайсиз. Маъқул бўлса, бугуноқ эртагаёқ ҳисоб рақамингизга пул тушади...
Мени биринчи марта кўриб турган аёлнинг мардлиги, тантилигидан бир қувонсам, бир хавотирга тушаман. Бир хилват топиб секин эримга тушунтирсам, кулимсирадилар:

- Бу аёл яхшигина таваккалчи экан-ку, агар эплашга кўзинг етса, қўл урсанг бўладиган иш. Исломда бундай ҳамкорлик ҳақида айтилган. “Музораба” дейилади бу.
- Ҳа, шундайми? Демак, ишласам бўлади-а?
- Ҳа, бўлади...

Мен Бикажон билан ишлагани чўчимадим. Чунки ниятим хайрли эди ва албатта ишим барориден келишига ишонардим. Шукр, ҳозир кичик бўлса ҳам ишим бор, даромад қиляпмиз, инсонларга фойдамиз тегяпти. Мен ҳам, Бикажон ҳам хурсандмиз. Меҳринисо билан гаплашиб, учрашиб турамиз, аммо негадир у хижолат чекадими ё мен уяламанми, билмадим, қандайдир ёқимсиз ҳолатга тушамиз. Баъзан юрагимда оғриқ сезаман. Оғриқки, неча йиллик қадрдон дугонамдан топмаган ишонч ва қувватланишни умримда биринчи марта кўрган, тағин интернетда танишган аёлдан кўрдим. Ҳаёт, ана шунақа дугонажон, баъзан биргина ҳолат бутун ҳис-туйғуларинг ва дунёқарашингни мутлақо ўзгартириб юборади...
Умида Адизова

Манба: Erk.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бирга кулар эдик, бирга йиғлай олмадик...