14:03 / 30.04.2019
5 237

Болалиги ўғирланган "бола"лар

Болалиги ўғирланган "бола"лар
Ҳар куни тушлик маҳали ишхонам яқинидаги ошхонада тамадди қиламан. Мижозларга хизмат қиладиган кўринишидан 13-14 ёшлардаги ўсмирнинг хизмат кўрсатиши менга маъқул келади. Кўп кирганим учунми, йигитча билан кўзларимиз орқали танишиб олганмиз. Кўча-куйда ҳам кўришиб қолса, маъюс чеҳрасига зўрма-зўраки жилмайиш индириб, сўрашиб қўяди. Ҳар сафар уни кўрганимда, нигоҳларидаги мунг боисини ўйлаб хаёлга толаман. Ўсмирлик оламида ширин орзулар қаноти билан парвоз қилишга арзирли бу йигитча, нима учун бунчалар ғамнок, афтода? Дунёнинг бор қувончу шодликлари жажжи юрагини шамчалик ҳам ёритолмайдиган даражада қандай алам унга ўрнашиб улгурган экан? Ахир унинг ёшидаги болалар айни чоғда шодон яшаяпти-ку. У нега бу саодатдан маҳрум экан?...

Йигитчани кўрганимда кўнглим бузилар, уни қандай қилиб суҳбатга чорлашни билмасдим. Бир куни бозордан икки қўлимда бозорликлар билан лиқ тўла халталарни кўтариб чиқаётсам, “менга беринг, кўтаришаман” деган таниш овоз диққатимни тортди. Жавоб беришга улгурмасимдан, ўша официант йигитча қўлимдаги сумкалардан бирини олди.

– Ўзим оламан, қўяверинг. Сизниям овора қилдим... – деган хижолатли қаршилигимга:
– Ундай деманг, ёрдам бермоқчиман, журналистсиз-а? – деб жавоб олдим. Унинг ҳозиржавоблиги ва мени танишидан ҳайратга тушдим:
– Журналистлигимни қаердан биласиз? – Яна ўша дарднок чеҳрага маҳзун жилмайиш зоҳир бўлди:
– Ахир, кириб-чиқиб юрадиган жойингиз таҳририят-ку. Қолаверса, газета-журнал, китоб ўқиш жону дилим.
– Офарин! – йигитчани алқаб қўйдим. – Узр исмингизни билмайман...
– Шаҳин исмим...
– Чиройли исмингиз бор экан. Менимча. Форсча исм. Маъноси – мард, жасур, довюрак, дегани адашмасам.

Шу пайт мен кутаётган маршрут такси келиб қолди-ю, суҳбатимиз ўз-ўзидан узилиб, иккимиз ҳам ўз манзилимиз томон йўл олдик. Турган гапки, уйга етгунимга қадар ўз хаёлларим, муаммоларим ўйида Шаҳиннинг ҳаётига нисбатан қизиқишларим ҳам ёдимдан чиқиб улгурган эди. Фақат эртаси куни тушлик маҳали ҳамкасбимнинг официант йигитча билан боғлиқ гаплари яна ўша қизиқишларимга жон бағишлади.

– Шаҳин жуда ақлли йигит! Синглимнинг синфдоши. Тўққизинчи синфда ўқийди. Лекин фикрлари, юриш-туриши, гап-сўзлари ҳаёт аччиқ-чучугини аллақачон татиб улгурган катта одамни эслатади. Жуда тез улғайди.
– Бу бир томондан яхши, лекин, нима бўлганда ҳам болани болалигидан – беғуборлигидан эрта айириш яхши эмас.
– Тўғри. – Ҳамкасбим фикримни тасдиқлади. – Шаҳиннинг оилавий ҳаёти, ота-онасининг феъл-атвори уни ёшидан илгари катталар оламига қўшиб қўйган эди.
– Оиласига нима бўлган?

– Улар оилада икки ўғил бир қиз. Онаси уй бекаси эди. Отаси масъулиятсиз болаларга, оиласига қарамас, ичкиликка берилган эди. Икки йилча олдин янги йил арафасида улфатлари билан ичиб, гап талашиб қолишади. Мастликда бир оғайнисини пичоқлаб ўлдириб қўяди. Янги йил кечаси уни олиб кетишади. Хуллас, отаси қамалгач, рўзғорда қийналиб қолган онаси бефарзанд одамга турмушга чиқди. Тўғри, ўгай отаси болаларга меҳрибон, уларнинг бор-йўғи, иссиқ-совуғидан доим хабардор. Аммо, барибир болаларнинг ўз отаси бўлолмайди-да. Шаҳин ўгай отасининг қўлидан пул олгиси келмас экан. Шунинг учун дарси тугагач, шу қаҳвахонада ишлайди. Озми-кўпми пул топади, ишқилиб бировга муҳтожлиги йўқ.

– Барибир кўнгли ярим-да.

Суҳбатдошимнинг ҳикоясидан таъсирланиб кетдим. Шаҳинга ўхшаган болалар атрофда кўп. Бир оилани биламан. Эр-хотиннинг иккита ширингина қизалоқлари бор. Бири 8-синфда, бири 6-синфда ўқийди. Отанинг ишида тайини йўқ. Бировларнинг эшигида мардикорчилик қилиб топгани ароқдан ортмайди. Она қизларини ёнига олиб, ҳали унинг кирини ювса, ҳали бунинг нонини ёпиб рўзғорни – амал-тақал қилиб ўтказади. Қизалоқлар дунёга келганидан бери янги кийим кийишмабди. Қўшни қизларнинг калта келган ёки торайиб қолган кўйлакларини кийиб юришади. Мактабда обуна ёки байрам-тадбирлар учун улардан пул йиғишмайди. “Кам таъминланган”. Уларга нисбатан шу жумла ишлатилади. Нигоҳларининг туб-тубида дард чўкиб кетган. Қорачиқлари аламдан қорайган. Отанинг бир ҳафта мобайнида ичадиган ароғининг пулига бутун бошли оиланинг бир ҳафталик егулигини харид қилса бўлади. Қизлар эса қачон сўнгги марта гўшт еганини, уйларида тансиқ овқат пиширилганини эслашолмайди. Тенгдошлари орасида қисиниб-қимтиниб юришади. Гўёки бу ғариб аҳволларига улар айбдордек...

... – Аям билан акам чет элга ишлагани кетишган. Яқинда икки йил тўлади. Дадам бизга қарайдилар. Мен синглим билан уй ишларини бажарамиз. Аям ишга кетганларида укам тўрт ёшда эди. Яқинда у 6 ёшга тўлди. Туғилган кунида аям бўлмаганлари учун роса хархаша қилиб йиғлади. Қанийди аяжоним тезроқ кела қолсайдилар...

Таҳририятга “шеърларимни кўрсатмоқчи эдим”, деб кириб келган қизалоқ ёшли кўзларини ерга қадаб гапирди. Унинг қўлидаги дафтарни варақлашга тутинаман. Мурғаккина юрагидаги соғинчини шеърларга кўчиришга уринган. Назаримда сатрлар сиёҳ билан эмас, кўз ёшлар билан қоралагандек туюлади. Бундайлар ён-атрофимизда озмунча дейсизми? Ҳар тонг отасини ёки онасини туш кўриб уйғонган, ёки ота-онаси билан бирга яшайдиган, отаси ичиб келиб тўполон кўтармайдиган тенгдошларига ҳавас қилиб яшайдиган болалар камми? Фарзанд – Аллоҳ инсонга берган омонат неъмати. Уларни меҳр билан парваришлаб, боқиб, ўқитиб, тарбиялаб комил инсон қилиб элга қўшиш ота-онанинг вазифаси.

Балки катталар болаларнинг болаларча юраги юқоридаги бефарқликларни илғамайди, деб ўйлашар. Балки, “эрта-индин катта бўлса ўзи тушуниб олар” қабилида бепарволарча қўл силтаб қўя қолар. Аммо, болаларнинг қувончини ўғрилашга, уларнинг чақноқ нигоҳларини сўндиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Сиз бунга нима дейсиз?
Кубро Буюк

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Болалиги ўғирланган "бола"лар