Фото: «od-press.uz»
Хотин-халаж кўп жойда ҳангома қизигандан қизийди. Айниқса, тўю маъракаларда кимнинг бўйи етган қизи бору ким ўғлини уйлантириш керак «сарҳисоб» қилинади. Ўтган йили бир тўйда аёллардан бири «менинг ўғлимга қиз топсаларинг-чи», деб қолди, хизмат қилиб юрган бўйлари баланд, келишган йигитни кўрсатиб.
– Ҳавас қилгулик ўғлингиз бор экан, ҳар қандай қиз жон деб тегади, – деди аёллардан бири.
– Ҳамма гап ана шунда-да, дарахтни тепса қиз ёғилади. Лекин мен ўғлимни ичкуёв бўлса дегандим. Ахир куёвини ўз ўғлидай кўраётганлар кўп-ку, – деди аёл ҳаммани ҳайрон қолдирганча. – Қолаверса, уч ўғлимга уй-жой қилишнинг ўзи бўладими?
Кўпчилик жим бўлди. Шу пайт ўша йигит ёнимизга келиб қолди. Аёлларнинг гапга чечанроқларидан бири йигитга қарата:
– Онанг сени ичкуёвликка тавсия қиляпти, нима дейсан, – деди.
– Ҳа, нима бўпти, – деди йигитча тиржайганча. – Мана ўртоғим ғирт бекорчи, ҳеч иши юришмас эди. Бой хонадоннинг яккаю ягона қизига уйландию ишлари юришиб кетди. Яқинда унга машина совға қилишди.
Э, гап буёқда экан-да. Мен йигитнинг сурбетлигидан эмас, ғурурсизлигидан хафа бўлиб кетдим. Баъзи йигитлар ор-номус учун жон бераётган бир пайтда бу йигитчалар ғурурини оёқ ости қилиб ўтирибди. Болакайлар ёшлигида хархаша қилиб йиғласа, «ўғил бола йиғламайди, эркак кишига йиғлаш ярашмайди», деймиз. Лекин ўз хоҳиши билан ичкуёвликка рози бўлиш эркак кишининг кўз ёш тўкишидан ҳам оғирроқ номус эмасми?
Яқинда ижтимоий тармоқларда шундай хабарга кўзим тушди: «Менинг севган қизимни фалончи дўстим тортиб олди». Севган қизини дўстига осонгина бериб қўйган йигитчани ҳам, ўзга йигит билан учрашиб юрган қизни дўстидан тортиб олиб «қаҳрамонлик» қилган йигитларни ҳам ориятли, ғурурли деб аташ мумкинми?
Тўй-маъракаларимиз тоғорасиз ўтмайди. Баъзида олдинда хотинининг тоғарасини кўтариб кетаётган эркакларни ҳам кўриб қоламиз. Ҳа, энди эркак аёлига ёрдам беради-да, дейишингиз мумкин. Лекин барибир эркакнинг тоғора кўтариб юриши сал ғалатироқ. Баъзан эшитиб қоламиз, туппа-тузук катта лавозимларда ишлайдиган эркаклар ҳам чарларга қанча нарса кетганию қизининг сарпоси ҳақида тўлқинланиб гапираётганини. Аммо ҳар нарсанининг ўз ўрнида бўлгани яхши-да. Аёлнинг қоп кўтарганини қоралаганимиздек, эркакнинг тоғора кўтаришини ҳам оқлаш керак эмас.
Йўқ, биз бу билан барча эркаклар шундай демоқликдан йироқмиз. Атрофимизда оиласини ҳимоя қилаётган, тинимсиз меҳнат қилиб рўзғор тебраётган, ватан чегараларида тинчлигимиз учун жонини беришга шай турган эркаклар ҳаддан ортиқ. Уларнинг борига шукр. Лекин... гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ҳамиятсиз йигитларнинг ози ҳам кўп-да.
Эркакларнинг баъзилари ишламай уйда ўтирганча хотинининг топиб келган пулига яшаётган, ёки аёли нопок қадам ташлаётганини кўриб кўз юмаётганлар ҳам бугунги кун учун янгилик эмас. Ҳатто хотинини хорижга юбориб фарзандларига қараб ўтирган эркаклар ҳам бор-да орамизда. Сўрасангиз, мен хотинимга ишонаман, дейди оғзини тўлдириб. Бу билан у ишончни ниқоб қилиб ғурурини поймол қилмаяптими? Авваллари эркакларда лафз, ор-номус кучли бўлиши керак, деган ибора тез-тез қулоғимизга чалинган бўлса, эндиликда бу гаплар шунчаки айтилаётгандай.
Бир пайтлар эркаклар аёлларининг бозор-ўчар қилишларини номус билганлар. Эркак турганда аёл оғир сумка кўтармаган. Бугунги кунда аёлнинг оғир сумкаю қоп кўтариши оддий ҳолга айланди. Энди эса бонг урамиз: «Аёл бозорга чиқди. Аёл одам савдосига гирифтор бўлди. Аёл хиёнаткор бўлди». Ахир ака-укаси, турмуш ўртоғи тоғдек суянч бўлмагандан кейин аёл адашади, алданади.
Бир аёлни биламан. Уч нафар топармон-тутармон акалари бор. Аммо акалар фақат ўз оиласини ўйлайди. Иккиталаб ҳовли-жой солган. Аммо эри ўлган синглиси уйсиз-жойсиз. Боласини онасига ташлаб хорижга ишлашга кетди. Хўш, ўша аёлнинг уй-жойсиз яшашига ким айбдор. Албатта ғурури, ори йўқ акалар айбдор.
Яқинда бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Буям бир тўйда. Эшитишимизча, келин куёвдан беш ёш катта экан. Ҳа нима бўпти, ёшнинг нима аҳамияти бор, кўнгил кўнгилга тўғри келган бўлса бўлди-да, дерсиз. Мен ҳам худди шундай ўйлагандим. Аммо қариндошларнинг айтишича йигит: «Майли, ёши катта бўлса ҳам шу қизга уйланаман. Тошкентда уйи бўлса бўлди», деган экан.
Ана энди у йигитнинг аҳволини тасаввур қилаверинг. Бўлғуси турмуш ўртоғи йигитни қўллаб-қувватласа-ку хўп-хўп, аммо меҳнат қилмай осонгина уй-жойга эришган бу йигитчага хотини қачонгача таъна қилмайди, деб ўйлайсиз. «Менинг уйимда яшаяпсиз, мен учун нима қилиб қўйибсиз?», деган таънаю маломатларни эшитмаслигига ким кафолат беради.
Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган яна бир видеоролик кўпчилик, айниқса, эркакларнинг орини қўзғаб юборди.
Видеонинг бошини эшитишнинг имкони бўлмади. Аммо англаганим шу бўлдики, ТВ қаршисида йигитдан ажралишининг сабабини сўрашди шекилли. Шунда йигит: «Ўртоқларимга «сарпо кийдирар»да «турецкий» кийимларни совға қилишди, менга эса оддий Ғиждувоннинг нарсаларини кийдиришди. Мен «турецкий» кийимлар совға қилишади, деб ўйлагандим, улар эса пасткашлик қилишди...» деди. Ушбу видеони кўриб деярли барча одамлар унинг ўзини пасткашликда, ғурурсизликда айблашди.
Хўш, бу йигитлар нима учун ғурурсиз, орсиз? Албатта кўпчилик отаси тарбия бермаган, отаси ўрнак бўлмаган, ўғил болага ота ибрат бўлиши керак деб ёзғиришади. Йўқ, менимча бу ерда, аввало, оналар айбдор. Оналарнинг ортиқча «орзу-ҳавас»лари сабаб. Зеро, оналар билиб-билмай ўғлининг шаънини, орини, ғурурини топтаяпти. Чунки «сарпо кийдирар» урфини айнан аёллар ўйлаб топган ва қўллаб-қувватлаган. Она айтмайдими, ўғлимга келин томон қиладиган сарпонинг қизиғи ёки кераги йўқ, деб. Она айтмайдими, келин ўз томони учун сарпосини қилсин, кам-кўстини биз олиб берайлик, лекин ўғлим ўзи учун ўзи сарпо олади, деб. Ўша ерда ўғил онасининг бу гапларидан фахр туймайдими? Афсус, ўз ғурури, шаънини ўйлайдиган онаю ўғиллар орамизда жуда кам...
Аксинча, «хотинингнинг зоти паст, қизига олган мебелини қара» ёки «хотинингга айт, уйидагилар бешик тўйига 43лик телевизор олиб келсин», «хотининг отаси машинасини сотибди, деб эшитдик, ярим пулини бизга берсин», дея ўғлини «гадо»лик қилишга ундаётган оналар ва улар билан боғлиқ нохуш ҳолатлар шу кунларда ҳаётимизда тренд воқеликка айланган...
Йигитнинг ғурури, ори бўлсин экан-да. Ғурури биланд эркак оила шаънини ҳам ҳимоя қила олади, шунингдек, юрт шаънини ҳам. Оила мустаҳкамлигию Ватан тинчлиги ори баланд йигитларга боғлиқ. Шундай эмасми?
Барно Султонова
Манба: Xabar.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади