08:40 / 27.03.2020
4 197

Соф севгининг азоби

Соф севгининг азоби
Муҳожирлар ҳақидаги реал воқеиликда рўй берган ҳикояларимиз билан таништиришда давом этамиз. Мен хизмат сафари юзасидан ташриф буюрган давлат шу қадар қизиқарли эдики, ҳар куни ўзингиз учун бирор нарса кашф қилишингизга шубҳа йўқ эди. Ер юзидаги ҳамма миллат вакиллари айнан Нью Йоркка йиғилгандек. Атрофда турли миллат одамлари, ўз забонларида сўзлашиши, кийиниш маданияти барчаси эътиборингизни тортмай қўймайди. Айниқса, бизга қўшни давлатлар ҳисобланмиш Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистондан келган муҳожирлар жуда кўп эди. Бугунги ҳикоям Қозоғистондан ташриф буюрган Булат исмли бастакор йигитнинг бошидан кечирганлари ҳақда.

Булат билан биз эфирга тайёрланаётган янги радиолойиҳаси юзасидан учрашдик. Ҳар доимдагидек мен уни гапга тутдим. У жуда хотиржам, юзида табассум билан ҳикоясини бошлади. Аввалига бу ерда бирданига омадни қучганлар ҳам бор эканку, деган фикр хаёлимдан ўтди-ю, вақт ўтиб бу табассум ортида кўргиликлар яширинганлигини билиб олдим…

Булат ўз диёрида жуда таниқли бастакорлар қаторига кираркан, шунингдек у хонандалик борасида ўз иқтидорини халқаро танловларда синаб кўрганида хаттоки Гран При соҳиби бўлганлиги аниқланди. У компьютерга яқинлашиб интернет тармоғидан танловни менга топиб, уни томоша қилишга таклиф қилди. Ишонинг, бу йигит ҳақиқатдан соҳир овоз эгаси экан. Шунингдек, бизнинг машҳур санъаткорларимиздан бир нечтасига ҳам куй басталагани маълум бўлди. У ўз фаолияти ҳақида сўзлар экан, кўзлари ёнар, менинг қизиқишим унга тобора илҳом бағишларди.

Мен эса ўз давлатида машҳур бастакор ва хонанда бу ерга қайси важдан келганини билишга ошиқардим. У бироз ўйланиб турдида, ичидагини тўкиб-сочишга қарор қилди. Ўзга юртда сизни тинглай оладиган, тушунадиган одамни борлигини ўзи катта бахт ҳисобланади. Булат ана шундай бахтни туйиб турарди. Мен ҳам уни диққат билан тинглашда давом этдим. Булат моддий бойлик учун эмас, ўқиш учун ҳам эмас балки, биринчи мухаббатини излаб келгани маълум бўлди. У ўз юртида Айсу исмли қизга ошиқ бўлади, улар дўстлашишади.

Бироқ, Булатнинг отаси бу никоҳга қарши чиқади. Тушкунликка тушган қиз, хорижда ўқиш истагида синовларни топшира бошлайди. Синовлардан муваффақиятли ўтган Айсуга Қўшма Штатларда ўқиш учун таклиф хати келади. Қиз яқинларини кўндириб, Булат билан хайрлашмай ҳам ўқишга жўнаб кетади. Айсуни бундай қароридан ҳайрон қолган Булат қизни дугоналаридан қаерга кетганини, ўқиш манзилини суриштира бошлайди. Булат жуда узоқ давлатга бошини олиб кетган Айсуни излаб топишга аҳд қилади. Ота-онаси, ҳамкасблари шунча уринсалар ҳамки, уни бу йўлдан қайтара олмадилар.

Нью–Йоркка етиб келган Булат аввалига бирор ишни бошидан тутиб, бироз вақт ўтгач Айсуни олдига боришга ният қилди. Айсу Американинг Пенсенвалия штатининг Питсбург шаҳрида эди, бу Нью-Йоркдан автобусда 9 соатлик йўл. Иш суриштириб, Украинлар очган ресторанга официантлик лавозимига ишга жойлашади. Олий маълумотли, истеъдодли бастакор-хонанда учун бу иш эриш туюлмади. Унинг хаёлида Айсу билан тезроқ учрашиш, унинг висолига етишиш фикри чарх урарди. Иш вақти 10-12 соатни ташкил қиларди. Булат ишдан сўнг жуда толиқар метродан сўнг автобусга миниб 1 соат деганда уйига етиб келарди.

Ижарада у уйнинг эгаси, ёши 60 лардан ошган рус аёли билан билан бирга яшарди. Аёл жуда меҳрибон ва муомилали эди. Булатни ўз ўғлидек кўрарди. Булатнинг хориждаги ҳаёти бошқа муҳожирларникидан фарқ килмасада, ишлаётган ресторанида бошқарувчининг ишчилари билан қилаётган муомиласи ёқмасди. Ҳар куни камситилишлар, ҳақоратлар унинг жонига текканди. Булат тишини-тишига қўйиб, бошқа штатдан муҳаббатини топиш учун пул кераклигини тушуниб бу нохушликларга эътибор қилмасликка ҳаракат қиларди. Официант мижозларга хизмат кўрсатиш билан бирга, сал бўш қолдими унга турли хил бошқа вазифалар топшириларди.

Ана шундай топшириқлардан бири махсус асбобда сабзавотларни кесиш эди. Аввалига бу асбобдан фойдаланиш анчагина мушкул кўринади. Сабаби бирор эхтиётсизлик туфайли асбобнинг ўткир тиғлари қўлингизни олиб кетиши ҳеч гап эмасди. Шунинг учун бу асбобда ишлашдан ҳамма безиллаб турарди. Булатга ўхшаб яқиндагина ишга жойлашган Россиялик Пётр шу асбобда ишламаслик учун турли баҳоналар топарди. Бир куни у Булатни баланд овозда чақира бошлади. Булат тезда асбобда сабзавотлар чиқарадиган махсус ҳужра хонага югурди. Пётрнинг ёнига тушганида унинг рангида–ранг қолмаганди.

Аввалига Булат унинг қўлларига бирор нарса бўлди шекилли, деб ўйлади. Кейин маълум бўлдики, у 6 кгдан ортиқроқ пиёзни нотўғри шаклда асбобдан чиқарганди. У ҳозирнинг ўзида бошқарувчи келиб, уни ишдан ҳайдаб юборишидан қўрқиб турарди. Булат уни тинчлантиришга ҳаракат қиларди. Ҳақиқатдан бошқарувчи воқеа жойида бир зумда пайдо бўлди. Асбоб ёнида Пётр дир-дир титраб турарди. Бошқарувчи Пётрга кейин идишдаги пиёзларга ва Булатга олазарак бўлиб қаради.
– Сенлардан фойда кўриш ўрнига зарар кўриш осонроқ, пиёзни расво қилибсанларку.

Пётр асбобдан узоқлашди.
– Буни мен расво қилдим, деди пичирлаб.
– Йўқ, буни Булат қилган, сен эса уни ҳимоя қилмоқчисан. Шундайми?
– Йўқ, мен, мен…

Булат бошқарувчи уни ёқтирмаслигини биларди, бироқ бу сафарги туҳмат ўтиб тушганди. У бошқарувчини ёнига яқинлашиб:
– Менда ҳам бундай ҳолат бўлган, лекин бу сафар буни мен қилмадим.
– Ўчир овозингни, тилинг чиқиб қолибди сени ўзи. Сен қилгансан дедимми демак сен, деб ўшқирди бошқарувчи.

Булат қўлларини мушт қилдида бошқарувчини чаккасига жон-жаҳди билан туширди. Буни кутмаган бошқарувчи ўзини ўнглай олмай йиқилди. Булат курткасини олдида ташқарига отилди. Кечаси кўзига уйқу келмас, иш кунлари учун хаққини олиб, у ерга бошқа қадамини босмаслигинани ўйларди. Тонг отиб ишга келганида бошқарувчи уни хушмуомилалик билан қарши олди. У Булатга ҳеч нарса бўлмагандек ишини давом эттириши мумкинлигини айтиб ўтди.

Воқеа бундай тус олишини кутмаган Булат яна ишга шўнғиди. Иш кунларининг бирида бошқарувчи унга катта музлатгич хонадан (ресторанларда гўшт, сабзавот ва мевалар ўта совуқ махсус хоналарда сақланади) гўшт олиб чиқишни буюради. Булат жуда қалин бўлган темир эшикни очиб музлатгич хонага кириб эшикни ёпади. Хона шу қадар совуқ эдики, бу совуқ бир зумда Булатнинг суягигача ўтиб кетишга улгурди. Идишга гўштларни жойлаган Булат тезроқ хонадан чиқишга шошилди.

Эшикни тутқичидан ташқарига итарди, кошки очилса, яна, яна уринди эшик қулфланиб қолганди. Булат “мен қулфланиб қолдим, эшикни очинглар”, деб бақира бошлади. Ҳеч ким ёрдамга келмади. Шунда у музлатгич хонадаги кузатув камераларга кўзи тушди, рестораннинг деярли ҳамма ерига камералар ўрнатилганди. У камера қаршисига келиб уни қутқаришларини гапирар, қўллари билан ҳам тушунтира бошлади. Қани энди кимдир ёрдамга келса. У тахминан 50 дақиқа музлатгич хонада қолиб кетди. У совуқдан хушидан кетай деганида эшик аста очилди. Эшик ёнида Пётр турарди…

Ўша куни кечаси Булатнинг ҳарорати 41-42 даражага кўтарилди. Бахтига уй эгаси уни туни билан даволашга уринди. Дори-дармон, пешонасига хўлланган латтани дамба-дам қўйиб турди. У яна 2 кун иситмалади. Тўртинчи куни у бошини кўтарди, иштаҳаси очилгандек бўлди. Ўзига келиб, бўлиб ўтган воқеани суриштирганида музлатгич хонага кираётган одамни зинҳор ва зинҳор эшикни ёпиш мумкин эмаслиги акс ҳолда эшик қулфланиб қолиши мумкинлиги ҳақида албатта огоҳлантирилиши лозимлиги маълум бўлди. Бу ишларнинг бошида аламзада бошқарувчи турганини англади. Булат бошқа у ерга ишга бормади.

Айсуни олдига отланган Булат совғалар тайёрлади. Совуқ, қор… 9 соатлик йўл. Ниҳоят, Булат Питсбург шаҳрига етиб келди. Қишки таътил бўлгани боис Айсуни университетдан қидириш бефойда, уни ишлайдиган дўконини номини билади холос. Яшаш манзили, дўкон манзилини билмайди. Фақатгина биргина маълумот шаҳар ва дўконнинг номи. Йўлдан келиб 5 соат қидириш самара бермади у чарчагани боис жойлашган меҳмонхонасига қайтди. Эрта тонгдан қидирув давом этди ва ниҳоят дўконни номини суриштира-суриштира уни топди, дўконда не кўз билан қарасин Айсуни кўрди. Айсу эса уни:
– Сен бу ерда нима қиляпсан? деб совуқ оҳангда қарши олди.
– Мен сени излаб келдим Айсу. Сен учун келдим, ҳаммасини ташлаб келдим.
– Бекор қилибсан, булар бефойда. Йўлимиз бошқа-бошқа…

Булат шунча уринмасин Айсуни кўндира олмади. Қизни бу шаҳар қисқа вақт ичида бутунлай ўзгартириб юборганди. Иложсиз Булат пулсиз, Айсуни мухаббатисиз яна Нью-Йоркка қайтиб келди.

Мен ундан:
– Энди юртингизга қайтасизми? деб сўрасам у:
“Мен билмайман” деб жавоб қайтарди. У ҳамон тушкунликда эди…

Дилдора Салоҳиддин қизи Рустамова
ҳикояси.

Манба: Vatandosh.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Соф севгининг азоби