Чилонзорда 4 млрд сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилди

Мажбурий ижро бюроси Чилонзор туман бўлими иш юритувига Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари қарорига асосан, «S.E.G.E» МЧЖдан давлат фойдасига 4 млрд 68 млн 656 минг сўм солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Мазкур ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочиси томонидан ижро ишини юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарздорга белгиланган тартибда тегишли огоҳлантириш берилган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор корхонага ижро ҳужжатида кўрсатилган талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун 10 кунлик муддат белгиланган.
Бироқ қарздор МЧЖ томонидан белгиланган муддатда солиқ қарздорлиги ихтиёрий равишда қопланмаган. Шу сабабли давлат ижрочиси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий ижро чоралари қўлланилиб, қарздор корхонанинг банк ҳисобварағига банд солинган.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида давлат фойдасига 4 млрд 68 млн 656 минг сўм солиқ қарздорлиги тўлиқ ундирилиб, ижро ҳужжати ижроси амалда таъминланди.
Солиқ қарздорликларини ўз вақтида бартараф этиш давлат олдидаги мажбуриятларнинг бажарилиши ва қонун устуворлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

























Изоҳлар 0
…