Ўзбекистон халқаро захиралари сентябрда 5,55 млрд долларга камайди

Ўзбекистон халқаро захиралари сентябрда 5,55 млрд долларга камайди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Ўзбекистоннинг халқаро захиралари сентябр ойида 5,55 млрд долларга камайиб, 66,6 млрд долларни ташкил этди.
  • Захиралар ҳажмининг пасайишига асосий сабаб олтин қийматининг Лондон Фихинг кўрсаткичига кўра 9 фоизга тушиши бўлди.
  • Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 11,6 млрд долларга ёки 21,1 фоизга ўсган.

Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 2026 йил 1 октябрь ҳолатига 66,6 млрд долларни ташкил этди. Марказий банк маълумотларига кўра, сентябрь ойида захиралар ҳажми 5,55 млрд долларга ёки 7,7 фоизга камайган. 1 сентябрь ҳолатида бу кўрсаткич 72,1 млрд доллар эди.

Захиралар камайишининг асосий сабаби олтин қийматининг пасайиши бўлди. Олтин захираларининг пулдаги қиймати бир ой ичида 64,9 млрд доллардан 60,1 млрд долларга тушди. Бироқ олтиннинг физик ҳажми камаймаган, аксинча, 14,1 млн трой унциядан 14,3 млн трой унцияга ошган.

Халқаро бозорда ҳам олтин нархи пасайди. London Fixing кўрсаткичига кўра, сентябрь давомида бир трой унция олтиннинг нархи 9 фоизга тушиб, 4188,75 долларни ташкил этди. 7 октябрга келиб эса нарх 4119 долларгача пасайган.

Захиралар таркибида олтиннинг улуши 90,2 фоиз даражасида сақланиб қолди. Валюта захиралари сентябрь ойида 10,6 фоизга камайиб, 6,6 млрд доллардан 5,9 млрд долларга тушди. Асосий пасайиш нақд хорижий валюта ва депозитлар ҳиссасига тўғри келди. Ушбу активлар 629 млн долларга камайиб, 4,24 млрд долларни ташкил этди.

Халқаро қимматли қоғозлар ҳажми ҳам қисқарди. Уларнинг қиймати 1,77 млрд доллардан 1,69 млрд долларга тушди, улуши эса умумий захираларнинг 2,5 фоизини ташкил этди. Халқаро валюта жамғармасининг махсус қарз олиш ҳуқуқлари, яъни СДР активлари 571 млн долларга тенг бўлди.

Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан юқори. Бир йил ичида захиралар 11,6 млрд долларга ёки 21,1 фоизга ўсган. 2025 йилнинг шу даврида улар 55 млрд доллар атрофида эди.

Йил давомида олтин захираларининг қиймати 44,2 млрд доллардан 60,1 млрд долларгача кўтарилди. Бу 35,8 фоизлик ўсишни англатади. Олтиннинг физик ҳажми ҳам 11,6 млн трой унциядан 14,3 млн трой унцияга етди. Бу тахминан 85 тонна қўшимча олтинга тенг.

Аксинча, валюта захиралари йил давомида 10,2 млрд доллардан 5,9 млрд долларгача камайди, яъни 41,7 фоизга қисқарди. Йил бошидан бери халқаро захиралар умумий ҳисобда 0,4 фоизга ўсган. Бироқ 2026 йил 1 мартда қайд этилган 77,1 млрд долларлик энг юқори кўрсаткичдан 13,6 фоиз пастлигича қолмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар