12:15 / 09.06.2022
1 172

Россиялик туристдан мусодара қилинган дрон Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига топширилади

Россиялик туристдан мусодара қилинган дрон Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига топширилади
Ўзбекистон ҳудудига дрон олиб кирган Полина Ермакова исмли Россия фуқароси қўлга олинди. У жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тўғрисида хабар берилганди. Кейинроқ суд Ермаковани оқлаган ва у ватанига учиб кетган. «Gazeta.uz»нинг Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди қарорига таяниб ёзишича, туристдан мусодара қилинган дрон Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига топширилади.

Суд қарорида Полина Ермакова «биринчи марта катта ижтимоий хавф туғдирмайдиган жиноятни содир этгани, чин кўнгилдан пушаймон бўлгани, жиноятнинг фош этилишига фаол ҳисса қўшгани» қайд этилган.

Судья Сардор Содиқов ўз қарори билан сайёҳга нисбатан Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси 5-қисми 1-банди билан айбдорлиги тўғрисидаги масалани ҳал қилмасдан жиноят ишини ҳамда муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхатга қўл қўйиш эҳтиёт чорасини бекор қилган.

Ашёвий далил — DJI Mavic Air 2 учувчисиз учиш аппарати, масофадан бошқариш пульти, қувватлаш ускунаси, аккумулятор суд қарори билан давлат фойдасига мусодара қилиниб, Мудофаа вазирлигига топширилиши белгиланган.

Полина Ермакова 2000 долларлик дрон унга Янги йил совғаси сифатида тортиқ қилинганини айтган.

«Қарорда айтилишича, энди у Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги манфаати учун парвоз қилади. Дрон билан (Ўзбекистонга келган — таҳр.) ҳамма йигитларда ҳам худди шундай бўлди. Улар ҳаммани мамлакатга киритдилар, аниқки, уларни сумкаларда кўришди, кейин уларни олиб кетишди. Бундан Ўзбекистоннинг дрон сотиб олишга қурби етмайди, демак, туристлар ҳисобидан ‘етказиб беришъни ташкил қилиш мумкин, деган фикр келиб чиқадими?» — деган Полина Ермакова Россиянинг «Ngs24.ru» нашрига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, унга дрон билан мамлакатга киришига рухсат берган чегарачилар жавобгарликка тортилиши ҳақида маълум қилинган, бироқ у бу иш бўйича тергов жараёни қандай кечаётганидан хабари йўқ.

Шунингдек, у Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси бу вазиятда унга ёрдам бермаганини қайд этган, бироқ дипломатик миссия турист учун имкон даражасида ҳаракат қилганини таъкидламоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2015 йил 1 январдан учувчисиз учадиган қурилмаларни олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланишга нисбатан тўлиқ тақиқ жорий этилган. Фақат рухсатномаси бор алоҳида юридик шахсларгина дронлардан фойдаланиши мумкин.

2018 йил май ойида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида фото ва видеоматериаллар тайёрлаш учун хорижий ижодий гуруҳлар томонидан учувчисиз учадиган қурилмалар, хусусан, дронларни олиб киришга вақтинча рухсат берилган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Россиялик туристдан мусодара қилинган дрон Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига топширилади