10:35 / 11.03.2025
221

Бемор болага насиб қилмаган ўйинчоқ... (Ҳаётий ҳикоя)

Бемор болага насиб қилмаган ўйинчоқ... (Ҳаётий ҳикоя)
Кеча бозорда бир ўйинчоқни, аниқроғи қумтахтани арзонроқ олиш учун анча эландим:

– Бемор болалар учун эди. Озгина нархини тушириб беринг.

Юзи ялтиллаган сотувчининг энсаси қотди.

Ўттиз минг ўтиб, текис қилиб бердимку синглим. Касалларга деганингиз учун ҳали ҳеч кимга бермаган нархни айтяпман. Ишонмасангиз, ана боринг! Бошқа дўконлардаги нарх-навони суриштириб кўринг.

Ўйинчоқдан кўзимни узмай хўрсиндим.

– Суриштирдим. Қарадим. Битта сизнинг дўконингизда қолибди.

Сотувчи ёйилиб илжайди:

– Ана....Отангизга балли! Ўзи ноёб ўйинчоқларни фақат ўзим сотаман. Зўр нарх бердим. Индамай олаверинг. Охиргиси қолди. Харидори кўп бунинг, яна ўйланиб турсангиз қуруқ қоласиз.

– Тушмайсиз-а? – дедим мўлтираб, – Катта савоб олардингиз. Рамазонку!

Сотувчи қатъий бош чайқади:

– Синглим, ўзи арзимаган пул қолади бундан. Менинг ҳам тирикчилигим, бола-чақам бор. Ўзимнинг зараримга сотмайманку, тўғрими? Рак болалар деганингизга савобга шерик бўлай деб, фойдасини қўймай, ўз нархига берворяпман. Олмасангиз, ўзингиз биласиз. Оғиз очарга озгина қолди. Дўконни беркитаман. Ифторга етиб олишим керак.

Бошқа индамадим. Рўза оғиз одам алдамайди. Балки ростдан ҳам қумтахта қимматроқ келгандир.

Оддий қумни жонлантирадиган тактил ўйинчоқ зўр антисстрес-да. Қалам, бўёқ керак эмас. Бармоқ ва кафтларингиз билан мазза қилиб чизасиз. Тагида ёриткичи ҳам бор. Натижада тахтада қоғоздагидан жонлироқ суратлар ҳосил бўлади.

Химия ва нур терапияси олган болаларни сурат чиздириб оғриқ ва азоблардан чалғитамиз. Баъзи болажонларга қоғоз ёқмай, деворга чизгилари келади. Ўшандай «рассом»лар учун қумтахта «альбом» зўр ечим.

Чизган сурати ёқмаса қумни сочиб юбориб, қайта чизиш болаларга завқ бағишлайди. Энг муҳими – оз бўлсада оғир касалликнинг мислсиз азобларидан чалғишади.

Бир четга ўтиб қолган пулни хомчўт қилдим. Етмади. Ўзимда бор йўғини қўшиб, дугонамдан яна озроқ пластик картага қарз тушириб, энди оғиз очаман деган чоғ, дўконга башанг кийинган басавлат одам кириб келди.

Сотувчи гўё мени кўрмай қолгандай икки букилиб, қуюқ сўрашгач «хизмат» дегандай мўлтиради.

Башанг одам унинг қуюқ-суюқ мулозаматларини писанд ҳам қилмади. Рамазон табрикларига жавоб ҳам бермай, қўлидаги телефонни унинг башарасига тўғрилаб , ниманидир кўрсатди:

– Невара шундан сўраганди, борми?

Сотувчи телефон экранига бир назар ташлаб, ёйилиб илжайди:

– Бор-да! Нега бўлмасин! Хўжайин, ўзи шу кунларда тушимга киргандингиз. Дўконимга кирадилар-ов деб, атайин биттасини қолдиргандим.

Башанг одам яна унинг чучмал мулозаматига парво қилмади, чўрт кесди.

– Қанча? Чўнтагидан юз доллар чиқарди у, – бўладими?

Харидор кўзи пулда-ю, ғалати жилпанглаб иршайди:
– Бермасангиз ҳам майли эди. Мендан неварага совға бўларди.

Харидор неварам сенинг совғангга зор эмас дегандай, пулни стол устига ташлади.

– Майли, сиз берган пул табаррук. Барака киради дўконимга. Қаранг, атроф ёришиб кетди-я. Кириб туринг, шунақа. Йўқ...Бир оғиз айтсангиз, ўзим олиб бориб бераман зўр ўйинчоқлардан...

Бу саҳнани кузатиб, Маяковскийнинг «Паспорт» шеъри эсимга тушиб кетди. Қайсидир синфда ёдлаган эдик. Боядан бери харидорлар узатаётган миллий валютамизни беписанд олиб, қоғоз қутига ирғитаётган сотувчи шоирнинг шеъридаги паспорт текшираётган амалдорга ўхшаб кетди:

Бировдан оларкан бужмайтар афтин.
Бировга шуни ҳам этмайди лозим.
Шер тамғали инглиз паспортин
Оларкан амалдор қилади таъзим...


У долларни икки қўллаб столдан олиб, ўпмади, кўзига суртмади, таъзим қилмади холос. Авайлаб ён чўнтагига тиқиб қўлини ўйинчоқ томон чўзди.

Қарасам, мен олмоқчи бўлган ва бутун бозорда ягона нусхада қолган – қумни жонлантириб санъат асарларини яратиш мумкин бўлган тактил қумтахта.

Асабийлашиб, сотувчига юзландим.

– Ахир буни мен олмоқчи эдим. Мана, пулингиз. Бемор болалар учун оляпман буни. Менга сотинг!

У менга ўқрайиб, ўзини оқлади:

– Мен билан тортишмай олиш керак эди синглим. Боядан бери нима қилдингиз? Кейин, югурганники эмас, буюрганники-да...

Башанг харидор менга эътибор ҳам бермади. Қумтахтани олиб индамай чиқиб кетгач жаҳлимни жиловлай олмадим.

– Менга ўттиз минг ўтиб бераётгандингиз холос. Бу одамга нақд юз минг ўтдингиз. Ҳатто текин бериб юборишга тайёр эдингиз, уятингиз йўқ экан.

У бўғриқиб, менга бобиллаб берди:

– Ээээ, бошимни қотирманг! Чиқинг дўконимдан. Кимга қанақа нархда беришни ўзим биламан. Оғиз очишим керак, шошяпман, деди-ю, мендан олдин дўкондан отилиб, аллақаерга ғойиб бўлди.

Ташқарида куймаланиб турган ёрдамчисига кўзим тушди. У менга аттанг, дея бош чайқаб хўжайини қилган муомаладан уялгандай бошини эгди:

Ичкарига кириб-чиқиб воқеадан ҳижолат бўлиб турган хизматчига синиқ жилмайдим:

– Ўрикзорнинг хўжайиними?
– Билмадим, дегандай елка қисди у. Мен оддий одамманку дегандай истиҳола билан.

Бозордан чиқишдаги автотураргоҳда башанг харидорга яна кўзим тушди. У деярли букилиб турган бояги сотувчининг қўлидан ўйинчоқни олиб, хайр-хўшига эътибор бермай, қимматбаҳо машинасига ўтирди...

Муаззам Иброҳимова facebook саҳифасидан олинди

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият