Россия 2036-йилгача мўлжалланган ой дастурини эълон қилди

Россия ўзининг ой дастури бўйича яқин ўн йиллик учун янги режаларни белгилаб олди. Россия Фанлар академияси Коинот тадқиқотлари институти илмий раҳбари Лев Зелёнийнинг тақдимотига кўра, “Луна-31” миссиясини учириш 2035-йилга режалаштирилган. Ушбу лойиҳа доирасида Ернинг табиий йўлдошига қўниш ва учиш аппарати юборилиб, у Ойнинг энг сирли ва ноёб ҳудудларини ўрганиш билан шуғулланади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Дастурга кўра, 2033-йилда “Луна-30” оғир луноходи қутб яқинидаги ҳудудларни тадқиқ қилса, 2035-йилда “Луна-31” миссияси иш бошлайди. 2036-йилда эса астрономия, ресурслар ва биология масалаларига ихтисослашган навбатдаги қўниш аппарати учирилиши кўзда тутилган. Бу миссиялар Россиянинг кетма-кет амалга ошириладиган ой экспедицияларининг мантиқий давоми бўлади.
Бундан аввалроқ “Луна-26” ва “Луна-27” лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. “Луна-26” орбитал станцияси дастлаб 60–80 км баландликда ишлаб, кейинчалик маълумотларни узатувчи ретранслятор вазифасини бажаради. “Луна-27” миссияси эса юқори аниқликдаги хавфсиз қўниш технологияларини синовдан ўтказиш ва қутб ҳудудларида тадқиқотлар олиб бориш учун ўта муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, халқаро ҳамкорлик ҳам ривожланмоқда. 2025-йил май ойида Роскосмос ва Хитой миллий коинот маъмурияти Халқаро илмий ой станцияси учун электр станцияси қуриш бўйича меморандум имзолаган эди. Ушбу лойиҳа келажакда инсоннинг Ойда бўлишини таъминлаш учун узоқ муддатли учувчисиз ишлаш технологияларини синовдан ўтказиш имконини беради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!