07:05 / 17.03.2018
4 914

Халқни қўрқитишни бас қилинг!

Халқни қўрқитишни бас қилинг!
Одамлар ҳеч тинч юрмайди-да! 2-3 кун аввал бир мақолага кўзим тушди. Сарлавҳаси қуйидагича эди: “Демади деманглар: Ҳижоб билан дискотекага киритишмади, деган хабарлар пайдо бўлади яқинда!”.

Мақолани ўқиб унга нисбатан менда жуда кўп эътирозлар пайдо бўлди, лекин вақтимни қизғаниб бу ҳақида ҳеч нима қораламайман деб аҳд қилдим. Аммо бугун мақола чиққан сайтнинг раҳбари айнан ана шу мақоладан илҳомланиб ёзган “Соқол, ҳижоб... Кейин-чи?!” номли мақоласини ўқиб қолдим.

Тўғрисини айтсам, сарлавҳадаги саволни оми одамлардан кўп эшитганман. Гапи олинмайдиган одамларнинг гапларига ҳам эътибор бермасликни ўрганганимдан бери унча-мунча мақолага муносабат билдирмайдиган бўлганман. Бироқ иш шунчаликка етдики, энди нафақат бу каби мақола муаллифлари, балки охирги пайтда анча жонланиб, халқни қўрқитишни одат қилиб олаётган одамларга ҳам “танганинг иккинчи томони”ни маълум қилиб қўйишни ўзимнинг мусулмон фуқаро сифатидаги бурчим деб ҳисоблайман.

Бу каби мақолаларни ўқир экансиз, одамлардаги ҳуқуқий савиянинг қай аҳволга тушиб қолганидан қайғуга ботасиз. Аслида муаммомиз ҳам шунда, менимча. Журналистдан тортиб олимгача савиямиз абгор. Ҳуқуқий саводхонлик етишмайди, ҳиссиётга берилиб ҳар нарсани ёзаверамиз. Баъзида ҳадларни унутиб, бировларнинг ҳуқуқига тажовуз қиламиз.

Таъкидлаш жоиз, фикрлардаги бундай хилма-хилликлар бўлгани яхши. Эътибор берсангиз, янги замонлар келиб, журналистика ўз ишини қилишни бошлаганда одамлар энди кўчадаги дўқ-пўписалар билан эмас, балки очиқ минбарда сўзлар ёрдамида курашяпти. Фуқаролар ҳаққини талаб қиляпти, қонунбузарлар жазосини оляпти, қонун эса ўз функцияларидан келиб чиққан ҳолда назорат вазифасини ўтаяпти. Худди мусулмон одам ўзини ислоҳ қилиши учун охират азобини эслаб туриш унга фойда берганидек, фуқаро учун ҳам қонуннинг мавжудлиги ва қонунбузарлик учун жазонинг муқаррарлиги – жамиятдаги тинчлик гаровидир.

Лекин негадир фуқаролардан бўлаётган мурожаатларга “бу халқнинг фикри эмас, бу икки-учта диндорнинг муаммоси, буни ҳамма шуни хоҳлайди, деб талқин қилмаслик керак”, деб эътироз билдириш охирги пайтда кўпайиб қолди. Ўзини камситилган ҳисоблаб ОАВга мурожаат қилган фуқаролар бу жумлаларни ўқиса, “мен халқ бўлмай, кимман?” деган саволни берса ажабмас. Шу ўринда беихтиёр “Танка” филмини эслайман. Отахон университетда ўқийдиган қизига “танка” излаб бир машҳур одам билан ҳеч кўриша олмагач, қабулхонадаги котибасига “у инсонга сизни ташқарида халқингиз кутяпти деб айтинг" деганда котиба отахоннинг орқасига қараб, “қани халқ?” дейди. Отахона эса “мен-да” деб жавоб беради. Отахон айтган гапнинг “моҳиятини тушуниб етиш учун олим ё файласуф бўлиш шарт эмас”, менимча.

Шунингдек, “бундай воқеаларнинг аланга олаётгани” ҳам кимларнингдир ғашига тегаверади. “Тавба” дейсиз-да... Мактабда жамиятшунослик фанини яхши ўқиганлар билади, жамият деган терминнинг таърифини эсласангиз, “муайян мақсадлар остида бирлашган одамлар гуруҳи” деган жумлаларга кўзингиз тушади. Яъни одамлар маълум мақсад остида бирлашибгина жамиятни ҳосил қилади. Худди шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқда аланга олаётган воқеалар жамиятнинг кўпчилигини бефарқ қолдирмаётган мавзулар экани англашилади. Ишонмасангиз, Фейсбук саҳифангизга бир кўз югуртиринг, ижтимоий тармоқдаги дўстларингиз учун муҳимлик даражаси юқорироқ мавзулар остида кўпроқ муҳокамаларнинг гувоҳи бўласиз, оддийроқ мавзуларингизга эса 5-10 тадан ортиқ одам эътибор ҳам бермайди. Ўз-ўзидан маълум бўладики, қонунбузарликлар сабаб содир бўлган ва жамият орасида кенг муҳокама қилинаётган мавзулар бу айнан жамият ҳимоя қиладиган қадриятлар саналади.

Энди саволлар пайдо бўлади:
– Аланга олаётган ҳижоб ва соқол мавзуси халқнинг кўпчилик қисми ҳам ҳижоб кийиб, соқол қўйиб юришни хоҳлашини билдирадими?
– Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишини биз “фуқаролик бурчларини суистеъмол қилиш” деб талқин қила оламизми?
– Бундай муҳокамаларни рўкач қилиб, ўзбек жамиятини “араб баҳори” билан қўрқитиш тўғрими?
– Ва энди энг асосий савол – ҳозирги бўлаётган баҳс-мунозалар жамият учун чиндан ҳам хавфлими?

Ҳаммаси учун жавоб битта – Йўқ! Буни ҳар қандай холис (!) сиёсатшунос ёхуд жамиятшунос олим тасдиқлайди. Бундай мавзуларнинг аланга олиши халқнинг кўпчилиги “соқол ва ҳижоб” ҳимоячиси эканини билдирмайди, чунки кези келганда ҳимоячилар орасида диндан жуда узоқ одамларни ҳам учратиш мумкин. Улар соқол ва ҳижобни ҳимоя қилмаётган бўлса, улар ҳимоя қилаётган қадриятлар нималардан иборат?

Кўпмиллатли, кўп динли халқларда жамият ҳимоя қиладиган қадриятлар йиғиндиси одатда ана шу мамлакат қонунларда ўз ифодасини топади. Ҳеч биримизга сир эмас, “Ўзбекистон Республикаси Қонунларида ҳеч қандай чекловлар қўйилмаган. Диний эътиқод эркинлиги эса Конституция билан мустаҳкамланган ҳуқуқлардан биридир”. Энди интернетдаги мурожаатларга дақиқ назар билан қаралса, ҳижоб ёки соқол мавзусида чиққан ҳар қандай мақолада диндор одам қонунда белгиланган ҳуқуқини талаб қилади! Ҳамма қонун доирасида муносабат кўришни хоҳлайди. У фуқароларга ҳамфикр бўлаётганлар ўзи ҳам соқол қўймоқчилиги ёки ҳижоб ўрагиси келгани учун эмас, балки қонун бузилишига тоқат қилмагани учун бундай мавзуларга аралашади ва фикр билдиради. Чунки эртага у ҳолат ўзининг бошига тушмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Буни жамоатчилик назорати ҳам дейилади. Энг қизиғи, ҳозир давлатнинг ўзи ҳам жамоатчилик назоратидан манфаатдор эканини яширмаяпти ва бунга шароит яратиб беряпти.

Турли соҳалардаги каби диний соҳада ҳам айрим муаммоларнинг мавжудлиги эса маълум камчиликлар сабаб қонун устуворлиги тўла таъминланмаганини билдиради. Бу гапларга далил учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар қандай нутқини тинглаш кифоя. Нафақат Президентнинг, балки ўнлаб ёхуд юзлаб раҳбарларнинг Юртбошимизга қараб “биз қандай ишлашни билмаган эканмиз, бизнинг кўзимингизни очдингиз” деган сўзлари ҳам ўз тиллари билан берган гувоҳликлари бўлади.

Халқ эса ўз ҳақ-ҳуқуқларини эркин талаб қилиш орқали “муаммосини сиёсийлаштирмайди”, аксинча, Президент сиёсатига ёрдам беради. Масалан, иситма касални ошкор қилмаса, ёхуд бирор жойдаги оғриқ мияга сигнал бермаса, бемор касалликни ўтказиб юбориши ва ўз вақтида қилинмаган муолажа инсонни нобуд қилиши мумкин. Жамият ҳам шундай механизм, унинг қаери оғриётгани ҳақида ҳукумат фол оча олмайди, яна ҳам соддароқ айтганда “чақалоқ йиғламаса, она кўкрак тутмайди”. Эслатишим шартмаски, айнан шу мақсад учун ҳам 2017 йил “Халқ билан мулоқот йили” деб эълон қилинган ва Президент "қуйидаги раҳбарларга эмас, менга айт дардингни, мен ким қандай ишлаётганини билишим керак” деган мазмунда ўз виртуал қабулхонасига асос солган эди. Айнан қабулхонага келган аризалар статистикаси асосида қонун устуворлигини таъминламаган, ўз ваколатларига сидқидилдан ёндашмаган қатор раҳбарларга чоралар кўрилаётгани сир эмас.

Ўз навбатида ҳар қандай жамиятда бўлгани каби ҳозир ватанимизда ҳам оммавий ахборот воситалари ҳуқуқлари топталган фуқаролар учун минбар вазифасини ўтаяпти ва рад этмайсизки, ўнлаб ёки юзлаб фуқароларнинг муаммолари шу орқали ўз ечимини топяпти. Яъни олиб борилаётган сиёсат қисман бўлса ҳам ўз самарасини беряпти. Чунки оддий фуқаро учун аввало унинг бирламчи ҳақ-ҳуқуқлари туради. Ҳозирги сиёсат эса айнан шу йўсинда “аввало фуқароларнинг бирламчи ҳуқуқлари тикланиши керак, халқ рози бўлиши керак” қабилида олиб бориляпти!

Энди эса фуқаролар янги сиёсат шабадасидан баҳраманд бўлиб, ўз ҳуқуқларини, қайтараман, ўз ҳуқуқларини талаб қилганда “дарёларида асал оқиб, ҳар куни ҳолва еяётган” баъзи одамлар бундай мурожаатларни “фуқаролик бурчларини суистеъмол қилиш” дея талқин қилиши, “энди тилинг чиқиб қолдими, юргандинг-ку паналарда писиб” қабилида истеҳзолар ёғдириши бу фуқаро ҳуқуқига нисбатан тажовуздир! “Қорни тўқнинг қорни оч билан иши йўқ” деб худди шуни айтишади.

У ҳам етмаганидек, биз дунёвий давлат эканимизни, қонун устуворлигини иддао қилганларнинг ўзи ҳуқуқини талаб қилган одамнинг даҳлсизлигига тажовуз қилиб “чет элдан бошқарилган қора куч”га менгзайди ва камига халқни “араб баҳори” билан қўрқитади. Бундай гапларда ғараз ёки шахсий манфаат борлигини тушуниш қийин эмас. Тушуниш осон бўлиши учун охирги 2 йилда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган юзлаб мавзуларни кўз олдингиздан ўтказинг. Эринманг, ҳаммасини эслаб чиқинг. Эътибор беринг-а, бутун тармоқларни ларзага солган юзлаб ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маиший мавзулар қолиб айнан шу икки-уч жойда муҳокамаси қайнаган “соқол ва ҳижоб” мавзуси Ўзбекистонга “араб баҳори” ёки Украинадаги каби фуқаролар урушини олиб келармиш!

Бу билан мен ижтимоий онгни шакллантиришда фаоллик кўрсатадиган, одамларда норозилик кайфиятини уйғотадиган ҳар хил тоифалар борлиги ҳақидаги фактни инкор этмоқчи эмасман. Аммо ҳозирги бўлаётган ислоҳотлар фонида майда муаммолар катталашмаслиги ва қандайдир кучлар бундан фойдаланмаслиги учун биз нима қилишимиз керак?

Ечим оддий – бошқалар йўл қўйган хатолар такрорланмаслиги керак, улардан тўғри ўрнак олиниши ва зудлик билан тегишли чоралар кўрилиши керак. Менимча эса Президент бошлиқ янги ҳукумат буни аллақачон тушуниб улгурган. Буни олиб борилаётган сиёсат яққол кўрсатиб турибди. (Ҳозирги тутумимизнинг нақадар мукаммаллиги ва уни қандай қилиб янада такомиллаштириш мумкинлиги алоҳида мавзу ва бу иқтидор ичида қилинадиган баҳс, бу ер унинг ўрни эмас.)

Аммо мен бу йўлда қўйилган илк қадам – халқни тинглаш ва унинг бирламчи ҳуқуқларининг тикланиши йўлидаги ҳаракатларга юқори баҳо бераман ва бу борада Президентимиз билан елкадошман. Халқнинг турмуши яхшиланса, ҳақ-ҳуқуқларга амал қилишда қонун устуворлиги таъминланса, раҳбарлар ўз ваколатларини суистеъмол қилмасдан сидқидилдан меҳнат қилса, халқдаги норозилик кайфияти ўз-ўзидан йўқолади ёки кескин камаяди. Буни Юртбоши ҳам жуда яхши англаб турибди. Шундай экан, биз халқни “олабўжи”лардан қўрқитиш билан эмас, аксинча давлат керакли “малҳамни” иссиғида қўйиши учун жамиятдаги оғриқли нуқталарни аниқлашда ёрдам кўрсатишимиз керак.

Эски замонлар тугаб, ҳамма бир-биридан хавфсирайдиган эмас, балки очиқ мунозарага киришиб мулоқот қиладиган даврлар келди. У қандай тоифа вакили бўлишидан қатъи назар, одамлар мулоқот қилиши керак, бу эса биз хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам баҳс-мунозараларни тақозо этади. Фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашиши ва бу йўлда турли тоифадаги шахслар билан баҳс-мунозараларга киришишини оддий ҳол деб қабул қилиш керак. “Жамиятимиз ҳижобли, ҳижобсиз, соқолли, соқолсизга бўлиниб кетади” деб айюҳаннос солмасдан, фуқароқлик жамиятини қуриш йўлида бирлашиш керак. Одамлар, эътиқодлар ва қарашлар орасида фарқлар бўлиши табиий. Айниқса, постсовет ўлкаларида бу нарса муқаррар.

Хуллас калом, жамиятимизда соқоллик ҳам, ҳижоблик ҳам, калта юбкалик ҳам, йиртиқ иштонлик ҳам, – ҳамма тоифа одамлар бўлиши табиий. Фуқаролик жамиятининг демократик асослари ҳеч кимга бошқа бировнинг қонунда белгиланган эркинликларини чеклаш ҳуқуқини бермайди. Тавсия бериш, насиҳат қилиш мумкин, аммо даҳл қилиш мутлақо мумкин эмас! Кимнинг фикри кимга ёқмаса, ундай инсонлар ҳам ўз фикрини баён этишга ҳақли, албатта. Фақат буларнинг барчаси қонун доирасида бўлиши зарур. Ривожланишнинг ўзбек моделидаги беш тамойилдан бири ҳам айнан “Қонун устуворлиги”дир. Ривожланган жамиятларнинг барчаси худди шу йўлни босиб ўтган. Энг муҳими, ақли расо одамлар халқни “Эртага очиқ мунозаралар ҳам бошланади бу кетишда, уёғини тасаввур қилаверинг” деб қўрқитишдан тийилишлари керак. Бу - муаммоларга ечим эмас!

Халқни соқол ва ҳижоб мавзуси билан қўрқитаётган одамларга бераётган бу муносабатим ҳам аслида бу мавзу кенг муҳокама қилиниши кераклигини англатмайди. Чунки биз аслида муҳокама қилишимиз керак бўлган мавзулар анча юқори савияда бўлиши керак. Лекин наилож... “Ҳозир соқол қўйса, ҳижоб ўраса, кейинчи, кейин халифалик талаб қиладими..?” деган ўтакетган савиясиз саволлар атрофида ўралашиб юраверсак, биз ҳали бери у савияга чиқа олишимизга ақлим етмайди!
Жавоҳир ИЗЗАТУЛЛОҲ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Халқни қўрқитишни бас қилинг!