07:01 / 18.05.2018
4 082

Қидирувдаги шахсга нисбатан қидирув қандай тартибда бекор қилинади?

Қидирувдаги шахсга нисбатан қидирув қандай тартибда бекор қилинади?
Фото: «Xabar.uz»
Бугун, 17 май куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ички ишлар бошқармасида қидирувдаги шахсларни Ватанга қайтариш, буни уларнинг яқинларига, оила аъзоларига тушунтириш ишлари олиб борилгани ҳақида хабар берган эдик.

Унда Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Содиқжон Бердиалиев, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев, бошқа масъул шахслар, ота-оналар, жамоатчилик вакиллари иштирок этган эди.

— Қидирувда юрган фуқаролар жинояти бўйича бир неча турларга бўлинади, — деди С.Бердиалиев. — Биринчиси, улар содир этган жиноят амнистияга тушиши мумкин. Бу ерда йиғилганларнинг кўпчилиги фарзанди, яқини нимада айбланаётганини билмайди. Кимнидир пулини олиб қўйган экан, шунга қидиришяпти, нимада айбланаётганини билмайман, деган гапларни жуда кўп эшитяпмиз. Шунинг учун, туман тергов бўлими бошлиғи, йиғилишдан кейин бу ерга келган барча одамларга айб эълон қилиш қарорларидан нусха олиб беринг.

С.Бердиалиевнинг тушунтиришича, 3-5 йилгача жазо бериладиган жиноятларнинг 90 фоизи амнистияга тушиши эҳтимоли юқори. Агар гумондор шахс ушбу жиноятни содир этганидан пушаймонлигини билдирса, прокуратура ёки ички ишларга ариза ёзиши керак.

— Биз сизларга айб эълон қилиш қарори ва аризага намуна берамиз. Сиз чет элда юрган қариндошингизга ижтимоий тармоқлар орқали уларнинг нусхасини етказасиз. Фуқаро ариза намунаси ва қарор нусхасини олиб, ўзи юрган жойдаги нотариал идорага (ёки ички ишлар идораларига) боради. Чет элдаги барча нотариуслар ушбу тартибдан бохабар. Қидирувдаги гумондор амнистия учун ариза ёзади ва уни нотариусга тасдиқлатиб, бизга юборади. У фуқаро бу ерга келиши ҳам шартмас, биз ўзимиз амнистияга тушириб, қидирувни ёпамиз.

Унинг таъкидлашича, амнистияга тушмайдиган жиноятлар ҳам бор. Булар оғир ва ўта оғир жиноятлар бўлиб, гумондор фуқаро амнистияга тушмайди, лекин пушаймонлик аризасини ёзиб, кечирим сўраса, у шартли равишда эркинликка чиқарилиши мумкин. Ўта оғир жиноятларга Суриядаги ҳаракатларда қатнашиш ёки қасддан одам ўлдириш киради. Суд одатий таркибда давом этаверади, гумондор судга уйидан қатнайверади. Агар жинояти исботланса, айбига яраша жазо олади, аммо унгача Ватанга, оиласи олдига қайтади.

— Кўпчилик қўрқади, қайтсам, қамаб қўйишади, деб ўйлашади. Ҳурматли ота-оналар, сизларни бу ерга йиғишимиздан мақсад ҳам шу, фарзандларингизга айтинглар. Сизлар ўғлим қайтсин деган мазмунда ариза ёзиб берсанглар, биз уларни қамамаймиз, оиласи бағрига қайтади. Бунга ваъда берамиз! — деди шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари.

С.Бердиалиевнинг қайд этишича, прокуратура органларига нисбатан ишонч янада ортиши учун ота-она аризаси билан айб эълон қилиш қарорлари бекор этилиб, қидирув олдиндан ёпиб берилиши ҳам мумкин. Шунда чет элда юрганлар бемалол оиласига қайта олади. «Муҳими, фуқароларимиз чет элда қийналиб, хор бўлиб юрмасин», дейди у.

— Энди яна бир муҳим гап ҳам бор. Айримлар турли оқимлар таъсирига тушиб, қидирувга берилган бўлиши мумкин, уларниям кечирамизми? Албатта, бунинг ҳам иложини қиламиз. Фақат олдин яхшилаб ўрганамиз, Сурияга борганми-бормаган, қўли қонга ботганми-ботмаган, агар бундай белгилар чиқмаса, уларга нисбатан ҳам қидирувни ёпиб беришимиз мумкин. Муҳими, шу ой охирига қадар хорижда юрган ватандошларимизни иложи борича тезроқ қайтаришимиз керак. Ҳурматли ота-оналар, бунда биз билан ҳамкорлик қилишга чақирамиз, — дея гапини якунлади С.Бердиалиев.

Тадбирда неча йиллаб фарзандини кўрмаган муштипар оналар сўз олди, кўзлари тўла ёш билан фарзандини қайтаришда ёрдам сўради. Кўпчилик ўша ернинг ўзида керакли аризаларни ёзиб, биринчи қадамни ҳам ташладилар.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қидирувдаги шахсга нисбатан қидирув қандай тартибда бекор қилинади?