14:20 / 27.12.2018
13 002

Ноқонуний ҳужрадаги баччабозлик ва зўрланган болалар ҳақида

Ноқонуний ҳужрадаги баччабозлик ва зўрланган болалар ҳақида
Ривоятга кўра, қадимда бир бой бўлган экан. Унинг нафси кучли бўлиб, кўнгли тусаган нарсадан татиб кўраркан. У яшаган қишлоқда бир сирли кўл бор экан. Кўлда балиқ кўп, лекин балиқлар бир кун заҳарли, бир кун заҳарсиз бўларкан. Бироқ қайси куни заҳарсиз бўлишини кимса билмас экан. Нафсига қул бўлган бой шу балиқдан егиси келибди. Хизматкорига туттириб балиқни пиширтирибди. Ейишга келганда ҳаёти кўз олдидан ўтиб ўйланиб қолибди. Шу вақтда уйи эшигини тиланчи тақиллатибди. Бой ўзича у еса, тирик қолса, кейин балиқни ейман деб унга пиширилган балиқдан берибди. Тиланчи раҳмат айтиб йўлда давом этибди. Овози узоқ вақтгача эшитилиб турганидан сўнг, бой гадо ўлмади, энди еса бўлади деб балиқни паққос туширибди. Бир оздан сўнг, эшик тақиллабди. Бой эшикни очибди. Остонада тиланчи турарди.

«Нега келдинг?», – деб ҳайрон бўлиб сўрабди.

«Мен балиқни ўзинг еган-емаганингни билиш учун келдим. Агар улар заҳарсиз бўлса, уларни емоқчи эдим», – деб айтибди.

Шу вақтда заҳар танага тарқаб бой тил тортмай ҳалок бўлибди.

Орамизда шундай инсонлар борки, нафси йўлида дин ва қонун тақиқлаган ишларни қилишдан ҳам қайтмайди. Энг разил, дўзах ваъда қилинган ишларни қилишдан ҳам тап тортишмайди. Ундайлар ҳатто эсини танимаган, улғаймаган болаларга баччабозлик қилишдан ҳам қайтмайди.

Маълум бўлишича, у ўсмирлик ёшида бобосининг яқин дўсти бўлган бир китоб сотувчи томонидан жинсий алоқага ундалган. Бу иш ҳиссиётлари энди ривожланаётган болага ёқиб тушади. Бу ҳолат бир неча бор такрорланади. Кейин тўсатдан бу ишни бас қилишади.

Д. исмли бу шахс улғайиб оила қуради. Фарзандлари туғилади. Афсус, ўрганган дил ўртанса қўймас деганларидек, бу ишни яна такрорлайди. Ёшлигида Қуръони карим маъноларини тушунмай кўр-кўрона ёдлайди. Шу илмидан фойдаланиб, 2003 йилда ноқонуний ҳужра ташкил этади. Ёш болаларга дарс бера бошлайди. Ўзининг тушунтиришича, бу ҳолат йиллар давомида бир неча марта такрорланган. Болаларнинг аксарияти бир марта шу ҳолат бўлганидан сўнг дарсларга қайтмаган. Қўрқиб ҳеч кимга айтишмаган. Ўтган йиллар давомида бу шахс ноқонуний ҳужра сабаб бир неча бор маъмурий жавобгарликка ҳам тортилган.

Кўпчиликка маълум, жорий йилда республика бўйлаб Қуръон мусобақалари ташкил этилди. Айбдор ҳам ҳифз (яъни Қуръондан маъносини айтмай сураларни ёддан ўқиш) йўналиши бўйича мусобақада қатнашади ва совриндорлардан бири бўлади.

Баъзи ота-оналар эса фарзандларини ислом илмини ўрганади деб унга ўз қўллари билан олиб келиб, ишониб топширишади. Кейинроқ ноқонуний ҳужра ташкил қилгани учун суд ҳукми билан айбдор деб топилган Д. бу вазиятдан унумли фойдаланади. У 5 болани тарбиясига олганди. Илм бериш баҳонасида бу қабиҳ ишларини бир неча бор такрорлайди. Уларга ўзи ҳам шу йўлдан ўтгани, бу ишни қилиш лозимлигини кўп бора айтиб уқтиради. Ўтган вақт мобайнида жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондириб юради.

Кейинчалик тергов давомида иш юзага чиқади. Суд болалар манфаатида ёпиқ тарзда ўтказилади. Д. гувоҳлар, далиллар ва ўзининг кўрсатмалари асосида жазосини олади. У тегишли жиноят кодекси моддалари билан айбдор деб топилиб, 15 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилади.

Биз ундан бир неча марта «Сизга босим ўтказилмадими, шу ишларни чиндан ҳам қилганмисиз? Агар ёлғон бўлса айтинг, оммавий ахборот воситаларида ёритилишига ёрдам берамиз», дедик. Бироқ у шу ишларни чиндан ҳам қилганини тан олди ва жуда афсусдалигини билдирди. Охиратда Аллоҳдан гуноҳини мағфират қилишини кеча-ю кундуз сўрашини айтди. Аллоҳ ўзи кечирсин.
Шундан сўнг, Наманган шаҳрида жойлашган «Ҳазратилло Ангор» масжиди ходими билан мазкур масала тўғрисида суҳбатлашдик.

«Аллоҳ Таоло яхши амалларни улуғлаб, савоби икки дунёда ҳам берилишини айтган. Ҳамда инсониятга тўғри келмайдиган қабиҳ амалларни (бесоқолбозлик, баччабозлик) қоралаб, бундай қилмишлар учун дўзахни ваъда қилган. Бундай ишларни пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. ҳам қоралаган.

Тарихда мазкур ишларни қилган қавмлар қаттиқ азобга дучор этилган. Кўпчиликка маълум, ислом тарихида Лут алайҳиссалом пайғамбар яшаб ўтган. Ўша вақтлар унинг қавмида шундай ишлар авж олади. Эркаклар эркаклар билан жинсий алоқа қилиши кўпайиб кетади. Ёш болаларнинг номусига тегиш ҳолатлари кўпаяди. Ҳаттоки, эркаклар аёлларга қарамай қўяди. Лут пайғамбар бир неча марта бу ишни қилмасликка чорласа ҳам фаҳш ишлари кўпайса кўпаядики камаймайди.

Шунда Аллоҳ томонидан икки азоб фаришталари юборилади. Лут ва бир неча иймонли инсонларга шаҳардан ортига қарамай чиқиб кетиш буюрилади. Улар чиқиб кетаётганларида шаҳарни даҳшатли чинқириқ қамрайди. Ҳамма жой остин-устун этилади. Бирорта тирик жон қолмайди. У ер текис майдонга айланади. Қавм Аллоҳнинг азобига гирифтор этилади.

Бу – бизнинг дунёда берилган азоб. Охират азобини эса тасаввур қилиш қийин. Охиратда мана шундай ёш болаларнинг ожизлигидан фойдаланиб ўз жинсий эҳтиёжини қондирган инсонга Аллоҳнинг лаънати ёғилади», – дейди мутахассис.

Ёш авлод ниҳолга ўхшайди. Биз ота-оналар эса боғбон. Уларни асраб-авайлаш бизнинг қўлимизда. Қилаётган ишимизнинг охирини ўйласак, ниҳолларимиз яхши ўсади. Бизга мева беради. Давлат барча томондан ҳисоблаб, қонун билан тақиқлаган ишни қилган ота-оналар ўзингиз сезганингиздек азобда ўтирибди. Ҳатто бири ўз боласидан жирканишни бошлаган. Ваҳоланки, бунга ўзи сабабчи. Соатлаб боласини назоратсиз қолдирган, исломий илми тўлиқ бўлмаган, сураларни маъносини тушунмай ёдлаган ваҳшийга боласини ишониб топширган. У эса имкониятдан фойдаланиб ақлини танимаган болада ўз жинсий эҳтиёжини қондириб юрган. Энди келажакда бу болаларнинг тақдири нима бўлади? Фарзанд тарбиясида бефарқ бўлмайлик, азиз ватандошлар.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ноқонуний ҳужрадаги баччабозлик ва зўрланган болалар ҳақида