10:10 / 07.08.2019
3 385

Карим Баҳриев: "Ўзбек амалдорлари ОАВ танқидига худди ёш бола каби хафа бўлишади"

Карим Баҳриев: "Ўзбек амалдорлари ОАВ танқидига худди ёш бола каби хафа бўлишади"
Фото: Карим Баҳриев фотоархиви
2000 йиллар аввалида Карим Баҳриевнинг «Сўз эркинлиги ҳақида сўз» китоби норасмий таъқиқланган деган миш-мишлар юрарди. Шоир ва журналист бу борада юзага келган вазият ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди.

— Бу китоб инглиз, рус ва ўзбек тилларида мамлакат ташқарисида чоп этилган бўлса-да, у тарқатилганидан сўнг шу китоб чоп этилишини молиялаштирган Сорос фондининг ваколатхонаси Ўзбекистондан қувиб чиқарилди. Китоб таниқли социолог Маъруфой Тўхтахўжаева томонидан «Сороснинг сўнгги ўқи» дея аталганди. Китоб ва унинг муаллифи сифатида менинг — Internews network Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори ўринбосарининг тақдири Хавфсизлик кенгашида муҳокама қилинган.

Йиғилиш материалларидан бирида китобни расман тақиқлаш ва мени 7 йилга қамаш тўғрисида хулосага келинганини ўз кўзларим билан ўқиганман. Ушбу ғоя муаллифи, ўша пайтда Давлат Матбуот қўмитаси раиси бўлган Рустам Шоғуломовдан сўрадим: «Нега етти йил? Айтайлик, беш йил эмас?» У менга одам беш йилга ва биринчи марта қамалаётган бўлса, амнистияга тушиши мумкин, қамаш тўғрисида эса буйруқ бўлган деб жавоб қайтарган.

«Сўз эркинлиги ҳақида сўз» китобининг ўзи эса, ягона шиор билан ёзилганди — келинг, ҳалол, тўғри яшайлик, ҳақиқатни гапирайлик! Унда ҳеч қандай исёнкор ва ҳалққа қарши фикрлар йўқ эди. Халқ муносиб яшашни хоҳлайди ва унинг устидан камроқ ҳукмронлик қилишларини хоҳлайди. У ўзининг бўйсунган ҳолда қолишини хоҳлаши мумкин эмас. Аксинча, халқ айнан демократияга тайёр ва уни хоҳлайди. У буни хоҳламаслиги мумкин эмас.

Ўзбекистонда уюшган жиноятчилик сезилмайди, чунки у бу ерда яхши уюштирилган.

Тарихда ҳеч қайси бир президент (хон, подшоҳ, монарх) бир ўзи бюрократияни жиловлай олмаган. Минглаб амалдорларнинг маҳобатли организми яшаб келмоқда ва у ўзининг ички қоидаларига кўра кўпайиб бормоқда. Жаҳон тарихи ва тажрибаси шуни кўрсатаяптики, амалдорларнинг сулоласи ва бюрократиясига фақатгина фуқаролик жамияти ва унинг институтлари – ҳаққоний ва озод сайланган парламент, мустақил судлар, мустақил ОАВ, мустақил касаба уюшмалари, мухолиф партиялар, маҳаллий бошқарув органлари қарши тура олади. Жамоат институтлари, жумладан, мустақил ОАВ мавжуд бўлишига йўл қўймаган бошқарувчи ўзини бюрократия асирига айлантиради ва унинг измида бўлади, демакки, халқ манфаатларини ҳимоя қилиш қобилиятига эга бўлмайди.

Ўзбек амалдорлари ўзларига нисбатан ҳамиша мақтов эшитишга тайёр, аммо ОАВ танқидига худди ёш бола каби хафа бўлишади.

Ўзибўларчилик ҳамиша зўравонликнинг жиноий ҳаракатлари натижасида юзага келади, бироқ ҳеч қачон демократия ривожланиши натижасида эмас. Дунёнинг барча барқарор давлатлари демократик, барча беқарорлари эса тоталитар давлатлар.

Иқтисодиёт эркин бозор қонуниятлари асосида ривожланиши керак. «Дирижёр» бошқарадиган иқтисодиёт бўлмайди. «Дирижёр» бошқарадиган иқтисодиётда фақат «дирижёрлар» яхши яшашади, яъни ўз манфаати йўлида ўйин қоидаларини ҳамиша ўзгартирадиган ва ўрнатадиган амалдорлар. «Бошқариладиган демократия»да эса, фақат бошқарувчиларнинг ўзлари яхши яшашади.

Фуқаролик жамияти мавжуд бўлмаган, мухолиф овозлар ва журналистнинг ҳақ сўзи эшитилмаётган мамлакатда кичик бир танқид ёки ҳокимият сиёсатига нисбатан синчковроқ қарашнинг ўзиёқ ғаразли, мухолифат бўлиб туюлади. Ҳокимиятни танқид қилувчи мухолифатнинг йўқлигида журналист беихтиёр мухолиф ролини ўйнайди, ваҳоланки, у балки мухолифга айланишга уринмаган бўлиши ҳам мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Карим Баҳриев: "Ўзбек амалдорлари ОАВ танқидига худди ёш бола каби хафа бўлишади"