
Сайёр қабул. Бу сўзнинг луғатимизга кириб келганига тўрт-беш йил бўлиб қолди. Ўтган вақт давомида барча даражадаги раҳбарлар ўтказаётган сайёр қабулларда жуда кўп муаммоларга ечим топилмоқда. Муддат талаб қиладиган мурожаатлар ҳам қонун доирасида ҳал қилинди.
Мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш, пировардида адолатни қарор топтиришга айрим раҳбар ва мансабдорлар масъулият билан ёндашади. Айримлари эса…
Фуқаролар-чи? Улар ўз ҳуқуқ ва бурчларини англаган ҳолда мурожаат этадими? Мурожаат қилиш тартибига риоя қиладими? Ана шу саволларга жавоб топиш мақсадида кўп эмас, учта сайёр қабулга бордим.
Сайёр қабул бошланишига ярим соат бор. Айтилган жойга тумонат одам йиғилган. Айримларини танийман, баъзиларини йўқ. Ўзи аслида муаммо менда ҳам бор. Лекин уни қабул ўтказаётган раҳбарларга айтишга ғурурим йўл қўймайди. Нега дейсизми? Чунки муаммомни ўзим яқинларимнинг озгина кўмагида ҳал қилишим мумкинлигини жуда яхши биламан.
Қабулга келган фуқароларни кузата бошладим. Келганларнинг аксарияти аёллар. Арча ёнида турган икки кишининг суҳбати эътиборимни тортди.
– Тўғри тушунинг, янги қурган иморатингиз кўча юзига чиқиб кетган. Уни ҳужжатлаштириб бўлмайди. Бир ҳафта олдин бошқа иморатларингизни ва томорқангизни ўлчаб, ҳужжатлаштириб бердим-ку. Янги иморатингизнинг кўчага чиқиб кетган томонини бузишингиз керак. Бундан бошқа йўли йўқ.
– Нега энди бузарканман? Мендан кейинги иккита қўшнимнинг уйини ҳам буздиринг унда. Шундан кейин уйимни бузиш ёки бузмаслигимни ўйлаб кўраман. Мен билмайман, ҳозир ҳокимнинг қабулига кираман. Қандай бўлмасин янги уйимни ҳам ҳужжатлаштириб берасиз. Бу сизнинг вазифангиз.
– Бу нима деганингиз, опа? Қўшниларингиз уй қуришдан олдин келиб биздан қаердан, қай тартибда уй қуриш мумкинлигини сўраган. Бизнинг чизмамиз асосида қурилишни бошлаган. Сиз-чи, шундай катта иморат қураркансиз, келиб бир оғиз сўрасангиз бўларди-ку. Қуришдан аввал ўзбошимчалик қилиб, энди муаммони бизга ағдарганингиз нимаси? Аввал сиз бўйнингиздаги вазифани қонуний бажариб қўйинг. Ундан кейин мен вазифамни бажараман…
Қабулга келганлардан бири «отам онамдан сўрамай томорқамизнинг ярмини маҳалла раиси билан сотиб юборган. Отам ўзи бировларнинг пулини олиб еб кетадиган одам» деса, яна бирови «укам давлатнинг еридан фойдаланиб келаяпти, ундан фойдаланаётган ерини захирага қайтариб олишингизни сўрайман» деб мурожаат қилди. Тўғриси, буларни ўз кўзим билан кўрмаганимда ҳеч қачон ишонмасдим. Наҳотки ота-оналаримиз, ака-укаларимизга бўлган меҳримиз шу даражада бўлса? Ака-укаларнинг муносабатини ўртада турган аёллар бузаяпти дерсиз, аммо емай едирган, гўдаклигидан катта қилган ўз отаси ҳақида мурожаат қилган аёлни қандай тушуниш мумкин?!
Ёнимда ўтирган икки кишининг суҳбатини қаранг, бу борада нима дейишга ҳам ҳайрон қоласан киши.
– Менга қара, нега энди фақат у фермер бўлиши керак? Ўша жойни биз ҳам обод қилишимиз мумкин. Нима, ҳамма нарсани бир ўзи еб ётадими? Бундай бизга ҳам берсин-да.
– Гапинг тўғри-ю, фақат бир томони бор-да. Ўша жойлар ўн йил қаровсиз, ажриқ босиб ётганда ишлаш, ўша жойни обод қилиш бизнинг ҳам хаёлимизга келгани йўқ-ку. Энди фермер қўшнимиз у жойни обод қилиб, фойда кўргунча кўкайи кесилганини билиб туриб келишимиз сал ғалатироқ бўлдими дейман-да.
– Нима, энди виждонинг уйғониб қолдими? Ҳеч нарса қилмайди. Раҳбарларга айтсак бўлди. У жойнинг ярмини бизга беришади. Ўзи…
Шу пайт дарвозадан шовқин-сурон билан кириб келган аёлнинг дағдағаси йиғилганларнинг эътиборини тортди.
– Бу давлатда ҳақиқат, адолат борми ўзи? Қийналиб қурган уйимни бузишга кимнинг ҳаққи бор? Қани ўша ҳоким? Туғилганига пушаймон қилдираман. Менинг совунимга кир ювмабди ҳали. У жойни олгунча, янги иморат қургунча қанча қийналганмиз? Иморатимиз ҳали битмасдан туриб уни буздирадиганлар чиқиб қолибди.
Аёлнинг сўзларини эшитиб, тўғриси, унга ачиндим. Юртбошимиз ишонган раҳбарларнинг ҳаракатидан дилим оғриди. Гарчи танимасам-да ўша аёл билан суҳбатлашиб, бироз бўлса-да дардига малҳам бўлишни кўнглимга тугиб қўйдим. Бироқ…
Аёлнинг дардини, нордон сўзларини обдон тинглаган раҳбар унга сўнгги сўзни айтди. Аслида бу аёлнинг ҳеч қаерда томорқаси йўқлиги, у ҳеч қандай иморат ҳам қурмагани, фақатгина кимнингдир сўзига кириб, тўғрироғи кимдандир манфаатдор бўлгани сабабли сайёр қабул ўтказаётган раҳбарларнинг бирини обрўсизлантириш мақсадида келгани аниқланди. Аёлнинг кимлиги, уни қайраб юборган киши кимлиги шу ернинг ўзида маълум бўлди. Қабулдаги икки оғиз суҳбат давомида муштипар аёл нима мақсадда келганини айтди-қўйди. Уни «ўқитиб» сайёр қабулга юборган киши ҳам бир ташкилотнинг раҳбари эканлиги сабабли жуда очиқчасига ёзишга андиша қилдим.
Одамларнинг дардини эшитиш, оғирини енгил, мушкулини осон қилиш аҳолининг давлатга, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайди. Сайёр қабулларда ёки бошқа кунларда ҳам фуқаролар берган ариза, таклиф ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатда кўриб чиқилиши шартлиги белгилаб қўйилган. Бироқ айрим фуқароларнинг мазмунсиз ариза йўллаши, қайта-қайта, ўринсиз мурожаат қилишлари ҳам ҳеч биримизга сир эмас.
Сайёр қабулда қатнашиб кўпчиликнинг мурожаат қилиш маданиятидан буткул бехабарлигини англадим. Тўлиқ тушунмасдан, сўраб-суриштирмасдан қилинган биргина мурожаат учун жуда кўп одам овора бўлишига гувоҳ бўлдим. Мурожаат қилиш, муаммомни айтиш менинг ҳуқуқим деб билган ҳамюртларимиз ўз бурчларини ҳам тўлиқ англаб етса мақсадга мувофиқ бўларди.
Нигина ШОЕВА
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг