20:04 / 08.10.2021
2 090

Ўзбекистонда сайлов қонунчилигининг такомиллашув босқичларини биласизми?

Ўзбекистонда сайлов қонунчилигининг такомиллашув босқичларини биласизми?
Қайд этиш лозимки, сайлов соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи барча турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан қонун ва қонуности ҳужжатлари сайлов қонунчилигини ташкил қилади.

Сайловга оид муносабатларнинг ривожланиши ва қонун ҳужжатларини халқаро стандартларга мувофиқлаштирилиши нуқтаи назаридан, Ўзбекистонда сайлов қонунчилигининг такомиллашув босқичларини уч босқичга ажратиш мумкин:

биринчи босқич, яъни мустақил Ўзбекистон сайлов институтининг ташкил этилиши ва соҳага оид дастлабки қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши даври (19912002 йиллар);

иккинчи босқич, олий вакиллик органларига бўладиган сайлов муддатларининг аниқ белгиланиши, Марказий сайлов комиссиясининг вазифалари ва фаолиятининг асосий принциплари, ташкил этиш тартибини конституциявий нормалар доирасида мустақҳамланиши даври (20022014 йиллар);

учинчи босқич, 2017 йилдан бошлаб сайлов соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришнинг янги даври бошланди.

Мазкур сайлов қонунчилигининг ривожланиш тенденцияларини қуйида кенгроқ таҳлил этиб ўтамиз.

Сайлов қонунчилиги такомиллашувининг биринчи босқичи
Ўзбекистон сайлов қонунчилиги тизимини шаклланишида мамлакатда Президентлик лавозимининг таъсис этилиши ҳам муҳим роль ўйнади. Хусусан, дастлабки норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлган ҳамда Президент сайловига оид ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларни қамраб олган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинди. Сайлов институтининг муҳим принциплари ҳисобланган умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли дастлаб мазкур қонун билан мустаҳкамланди.

Шунингдек, 1992 йил қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида “Сайлов тизими” деб номланган махсус боб киритилиб, мамлакатимиз фуқаролари вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, ҳар бир сайловчи бир овозга эгалиги, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши мазкур бобда ўз аксини топди.

1993 йил 28 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, 1994 йил 5 майда “Халқ депутатлари вилоят туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Ҳар иккала қонунларга кейинчалик ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, янада такомиллаштирилди.

Сайлов қонунчилиги такомиллашувининг иккинчи босқичи
Сайлов қонунчилигининг мазкур даври 2002 йил 27 январда ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига кўра ҳамда унинг асосида Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 24 январида қабул қилинган қонунига мувофиқ Конституциянинг 117-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши билан бошланган.

Натижада Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, давлат ҳокимияти органларига сайловлар кунининг аввалдан аниқ белгилаб қўйилиши, турли сабаблар билан сайлов муддати ҳокимият, мансабдорлар манфаатларидан келиб чиқиб ўзгартириш ҳолларига барҳам бериб, сайловларни қатъий бир вақтда ўтказилишини таъминлади.

2008 йил 25 декабрда қабул қилинган “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни билан 2004 йил 2 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, унинг асосида депутат ўз округи сайловчилари билан, уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия билан алоқа боғлаб туради, Қонунчилик палатасида уларнинг манфаатларини ифода этиши белгилаб қўйилди.

2014 йил 16 апрелда Конституциямизнинг 117-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, унинг асосида Марказий сайлов комиссиясининг вазифаси, фаолиятининг принциплари, ташкил етиш тартиби конституциявий нормалар даражасида белгиланди.

Сайлов қонунчилиги такомиллашувининг учинчи босқичи
Мазкур даврда ҳудудий вакиллик органлари, яъни халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловларга оид қонунчилик такомиллаштирилди.

Жумладан, 2017 йил 29 августда “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Қонун давлат ҳокимиятининг демократик асосларини, вакиллик органларининг ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни амалга оширишдаги роли ва аҳамиятини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, маҳаллий Кенгашларга сайловни сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, сайловчиларнинг хоҳиш-иродасига тўла мувофиқ ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини инобатга олган ҳолда ўтказиш мақсадида қабул қилинди.

Сайлов қонунчилиги тизимлаштирилишида 2019 йил 25 июнда қабул қилинган ва 103 та моддани қамраб олган Сайлов кодекси муҳим аҳамият касб этиб, мазкур кодекс асосида, шу вақтга қадар амалда бўлган 26 та қонун ўз кучини йўқотди.

Ушбу кодекс билан қуйидаги янги тартиб ва ўзгаришлар жорий этилди.
– участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи бир ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Бу сайловларни ўтказиш ва ташкил этишда холислик тамойили ҳаётга татбиқ этилганидан далолат;
– халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида муҳокама этиладиган ва тавсия этиладиган участка сайлов комиссияси аъзолари номзодлари бўйича жамоат бирлашмалари ва ташкилотларининг таклифлари олиниши тартиби ўрнатилди;
– илгари Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказилганда ягона сайлов участкасини тузиш тартиби қонунчиликда белгиланмаган эди. Сайлов кодексида мазкур масала ҳуқуқий ечим топди. Эндиликда, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи ягона сайлов участкаси тузиш тартиби ўрнатилди;
– кодексга мувофиқ, номзодларни халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кўрсатиш тартиби бекор қилинди;
– сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан бошланиши белгиланди.

Мазкур даврда Асосий қонунимизга муҳим ўзгаришлар киритилди, хусусан 2021 йил 8 февралда Конституциянинг
117-модданинг иккинчи қисмига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди.

Шунингдек, ушбу модданинг саккизинчи қисмига киритилган ўзгаришга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда муҳим сиёсий жараён бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик билан боғлиқ сиёсий партиялар ва сайлов органлари томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Амалдаги қонунчиликдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Президентлигига номзодлар мавжуд 5 та сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан кўрсатилди.

Айнан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг аҳамияти шундаки, фуқароларимиз ўз олдиларига қўйган мақсадларига, Конституцияга, ҳуқуқий демократик давлат қуриш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга, ўз Ватанига содиқлигини жаҳон ҳамжамияти кўз ўнгида яна бир бор намойиш этиш шарафига муяссар бўладилар.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, демократиянинг энг муҳим элементларидан бири бўлган сайлов институти бўйича мамлакатимиз сайлов қонунчилиги халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.

А.Хужаназаров,
Тошкент давлат юридик университети
ўқитувчиси

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда сайлов қонунчилигининг такомиллашув босқичларини биласизми?