22:03 / 05.04.2022
849

«Коррупция – бизнинг салбий фаолиятимизнинг натижаси» — Акмал Саидов

«Коррупция – бизнинг салбий фаолиятимизнинг натижаси» — Акмал Саидов
Ўзбекистонда коррупция бўйича ягона статистика бўлиши керак. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов 5 апрель куни Олий Мажлис Сенатида бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг навбатдаги мажлисида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дарё» сайти.

- "Сўнгги йилларда бу муаммонинг очиқ муҳокама қилиниши, кўтарилиши ижобий ҳол. Бизда болалар боғчасида, мактабда ва бошқа соҳаларда коррупциявий онгни шакллантириш амалиёти шаклланган. Фуқароларимизда коррупциядан ҳоли онгни шакллантириш энг устувор жиҳат. Бу нарсани ёш болалардан бошлашимиз керак.

Бундан ташқари, статистика билан Давлат статистика қўмитаси шуғулланиши керак. Тўғри, жиноятларга оид статистика билан Олий суд, Прокуратура, ички ишлар тизими ҳам шуғулланади, лекин Давлат статистика қўмитаси бор. Халқаро рейтингларда ҳам бизнинг статистика тизимимиз халқаро статистика тизими билан тўғри келавермайди. Ўйлайманки, коррупцияга оид статистика бўйича амалий тадбир ўтказишимиз керак. Коррупция бўйича ягона статистика бўлиши лозим.

Ҳозир коррупцияга оид парламент назорати бор, бу борада қўмиталар шуғулланяпти. Лекин жамоатчилик назоратини ошириш борасида сўз йўқ. Фуқаролик жамияти институтлари жамоатчилик назоратини олиб боришлари керак. Агар бутун жамият коррупцияга қарши бўлмаса давлатнинг ўзи коррупцияни енга олмайди", - деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов.

Акмал Саидов коррупцияга оид масалалар бўйича ўқитиш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

- "Биз коррупцияга оид муаммоларни қаерда ўқитишимиз керак? Болалар боғчасида нимани ўргатишимиз керак? Мактабда, олий таълим тизимида-чи? Коррупцияга қарши махсус ўқув юртларида фақат бўлажак мутахассислар учун ўқитилади. Оддий фуқаро учун қаерда ўқитишимиз керак? Мана бу катта муаммо – буни ҳам ўйлашимиз керак. Бизнинг парламентлар институтимиз умуман эсимиздан чиқиб қолибди. Ҳеч қаерда йўқ. Прокуратура, ички ишлар академияси бор, ўзимизнинг парламент институтимизни ҳам жалб этайлик, уларга ҳам қандайдир вазифаларни берайлик. Улар ҳозир четда туришибди. Ахир бу умумдавлат иши-ку. Балки парламент ҳузуридаги қонунчилик ва парламент муаммолари институтини ҳам кўриб чиқишимиз керак, албатта.

Яна бир нарса бор – коррупциявий омиллар. Коррупцияга нима олиб келади деган нарса, бу коррупциявий омил. Коррупциявий жиноятлар деяпмиз, қайси жиноятларни коррупциявий жиноятлар дейиш мумкин? Битта порахўрликними ёки бошқаними? Ким менга аниқ тушунтириб беролади? Бу билан шуғулланаётган олимларимиз йўқ. Коррупция билан, асосан, жиноят ҳуқуқи мутахассислари шуғулланади. Шунингдек, илмий тадқиқотларни ҳам олиб бориш керак. Прокуратура билан ички ишлар академияси тадқиқот олиб бораётган экан, бошқа жойларда ҳам олиб борилаётгандир. Бир ўрганишимиз керак. Муайян мавзуларни Инновацион вазирлиги орқали олиб беришимиз керакдир, балки. Айрим муаммоларни парламент ҳузуридаги жамоат фондидан ноҳукумат ташкилотларга олиб беришимиз керакдир. Коррупция – оқибат, бизнинг салбий фаолиятимизнинг натижаси. Биз унинг олдини олишимиз керак, мана бу қийин. Шунинг учун бу муаммога кенгроқ қарашимиз керак.

Дастуримизда 20 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши кўзда тутилган экан. Уларнинг саккизтаси қабул қилинибди. Агар бизда мустаҳкам ҳуқуқий замин бўлмаса бизнинг курашишимизнинг самараси бўлмайди. Шунингдек, биз коррупциявий экспертизанинг ўтказишимиз керак. Бу соҳада ҳам кўп нарса қилинди, лекин самарасини кўрсатишимиз керак. Бугун тўртта соҳада «Коррупциясиз соҳа» деган «йўл хариталари»ни қабул қилдик. Бу жуда ҳам керак. Уни ёзиш осон, ижроси-чи? Бизнинг фаолиятимиздаги энг катта муаммо – мониторинг. Яъни уларни қандай қилиб амалга оширишимизга боғлиқ бўлиб қоляпти", - деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Коррупция – бизнинг салбий фаолиятимизнинг натижаси» — Акмал Саидов