Челси Швециянинг ёш юлдузи учун рекорд даражадаги таклиф юборди

Челси Швециянинг ёш юлдузи учун рекорд даражадаги таклиф юборди

Хадижа Шоу аёллар футболидаги энг яхши марказий ҳужумчилардан бири ҳисобланади. Манчестер Сити сафида кетма-кет уч марта "Олтин бутса"ни қўлга киритган футболчи Челси жамоасининг асосий нишонига айланган эди. Бироқ, Лондон клуби Шоу билан келиша олмагач, ўз эътиборини Швециянинг ёш иқтидори Фелисиа Счродерга қаратди. Маълумотларга кўра, Челси БК Ҳаккен ҳужумчиси учун 1,2 миллион фунт стерлинг миқдорида таклиф юборган, бу эса аёллар футболи тарихидаги рекорд трансфер суммаси бўлиши мумкин. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

Счродерга бўлган қизиқиш фақатгина Челси билан чекланиб қолмайди. Барселона, Лион, Бавария, Манчестер Сити, Ювентус ва Манчестер Юнайтед каби гранд жамоалар ҳам 19 ёшли футболчини ўз сафига қўшиб олишни истамоқда. Ҳозирда у Швеция чемпионатининг энг кўп маош олувчи футболчиси ҳисобланади ва унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2029-йилгача мўлжалланган. Шунга қарамай, ёзги трансфер ойнасида унинг бошқа жамоага ўтиш эҳтимоли жуда юқори баҳоланмоқда.

Фелисиа Счродернинг ўйини мутахассисларни ҳайратда қолдирмоқда. У жорий мавсумда 5 та ўйинда 4 та гол уришга улгурди, шунингдек, UEFA аёллар ўртасидаги Европа кубоги финалида хет-трик қайд этиб, Ҳаккен жамоасига чемпионликни тақдим этди. 2025-йилги мавсум унинг фаолиятида бурилиш нуқтаси бўлди: у 26 та ўйинда 30 та гол ва 9 та голли узатмани амалга ошириб, жамоасининг Швеция чемпиони бўлишига улкан ҳисса қўшди.

Ёш бўлишига қарамай, Счродер аллақачон Швеция терма жамоасининг доимий аъзосига айланган. У турли ёшдаги терма жамоаларда 28 та ўйинда 19 та гол урганидан сўнг, 2025-йил май ойида асосий жамоага чақирилди. Ҳозирда у Тонй Густавссон бошқарувидаги терма жамоанинг муҳим бўлаги ҳисобланади. Унинг майдондаги совуққонлиги ва гол сезиш қобилияти уни дунёнинг энг истиқболли ёш футболчилари рўйхатида юқори ўринларга олиб чиқди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Nodirbek Razzokov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар