Туркияда қўлга олинган аёл Ўзбекистонга қайтарилди, жиноятлар очилди

Одам савдоси ва фирибгарлик жиноятлари билан боғлиқ яна бир шахс хорижда қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, аёл Ўзбекистонда фирибгарлик жиноятини содир этиб, қарийб 6 йил давомида қидирувда бўлган. У икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Туркия ҳудудида аниқланиб, қўлга олинган ҳамда Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.
Аниқланишича, мазкур шахс фуқароларни хорижий давлатларга ишга жойлаштириш ваъдаси билан уларнинг ишончига кирган. Лицензиясиз фаолият юритган ҳолда АҚШ ва Европа мамлакатларида юқори даромадли иш таклиф қилишни ваъда қилиб, кўплаб фуқаролардан катта миқдорда пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, одам савдоси билан боғлиқ жиноятда айбланиб қидирувда бўлган яна бир шахс ҳам қўлга олиниб, юртимизга қайтарилгани билдирилди.
Мутасаддилар таъкидлашича, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик доирасида қидирувдаги шахсларни аниқлаш, ушлаш ва уларни жавобгарликка тортиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.





























Изоҳлар 0
…