Мира Мурати янги лойиҳаси билан катта саҳнага қайтди

OpenAI компаниясининг собиқ техник директори (CTO) Мира Мурати узоқ танаффусдан сўнг яна жамоатчилик эътиборига тушди. Ўзининг Тинкинг Мачинес Лаб номли янги стартапига асос солган Мурати Сан-Францискода Bloomberg нашрига интервю бериб, соҳадаги сўнгги ўзгаришлар ва ўзининг янги лойиҳалари ҳақида сўзлаб берди. Бу унинг сўнгги 18 ой ичидаги илк йирик чиқиши бўлиб, у бозорда OpenAI, Anthropic ва xAI каби гигантлар билан рақобатлашишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Мурати интервю давомида Тинкинг Мачинес томонидан ишлаб чиқилаётган "интерактив моделлар" ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, бу моделлар анъанавий ChatGPT каби савол-жавоб форматидан фарқ қилиб, аудио, матн ва видео оқимларини 200 миллисекундлик интервалларда қайта ишлай олади. Бу эса сунъий интеллектга инсон мулоқотидаги тўхталишлар, тузатишлар ва ҳис-туйғуларни реал вақт режимида тушуниш имконини беради. Ҳозирча компания очиқ манбали моделларни созлаш учун Тинкер API маҳсулотини тақдим этган.
Суҳбат давомида 2023-йил ноябрида OpenAI атрофида юз берган можаролар ҳам четда қолмади. Sam Altman ишдан бўшатилган вақтда вақтинча CEO вазифасини бажарган Мурати ўша кунларни эслаб, агар у аралашмаганида компания парчалниб кетиши мумкин бўлганини таъкидлади. Бироқ, у ўша пайтдаги қарорларидан афсусланмаслигини, лекин кўпроқ шаффофлик ва аниқроқ ўтиш режаси керак бўлганини тан олди.
Мира Мурати соҳадаги энг катта хавф сифатида қарорлар қабул қилиш жараёнининг жуда кам сонли одамлар қўлида тўпланиб қолганини кўрсатди. Унинг фикрича, гап фақат етакчиларнинг шахсиятида эмас, балки тизимли назорат механизмларининг йўқлигидадир. Шунингдек, у ўз стартапидан айрим юқори малакали тадқиқотчиларнинг кетишини табиий ҳол деб атади ва янги AI лабораториясини қуриш жараёнида бундай ўзгаришлар муқаррар эканини қайд этди.





























Изоҳлар 0
…