
Лондон Қироллик коллежи олимлари томонидан ўтказилган илмий тадқиқот циркадиялик ритмлар – инсон танасининг табиий кунлик биологик соати – бузилиши организм учун қанчалик хавфли эканини яна бир бор исботлади. Тадқиқот хулосалари Proceedings of the National Academy of Sciences (PNAS) журналида эълон қилинди ва унда тунда ишлаш ёки ухламаслик мушаклар қариши ва заифлашишига олиб келиши аниқ таъкидланган.
Мушак ҳужайралари ҳам "соат" бўйича ишлайди
Олимларнинг таъкидлашича, ҳар бир мушак ҳужайрасида оқсилларнинг шикастланиши ва тикланиши жараёнини бошқарувчи “ички соат” мавжуд. Кундузи мушаклар турли жисмоний фаолликлар орқали стрессга учрайди, кечаси эса шикастланган ҳужайралар тозаланиб, қайта тикланади. Агар бу жараёнда тўсиқ юзага келса – яъни инсон доимий равишда тунги вақтда фаол бўлса – тикланиш механизми ишламай қолади.
Зебра балиқлари орқали ўтказилган кузатувлар
Олимлар бу жараённи ўрганиш учун генлари инсонникига 70 фоизга ўхшаш бўлган зебра балиқларидан фойдаланди. Улар балиқларнинг мушакларидаги биологик соат учун масъул генларини ўзгартирди. Икки йиллик тажриба давомида ушбу балиқлар ўсишдан тўхтади, вазн еғмади ва кузатувчилар фикрига кўра, кундан-кунга заифлашиб борди.
Бу холат, олимларнинг сўзларига кўра, инсонларда ҳам худди шундай – тунда доимий ишлайдиганлар, навбатбозлар ва ҳатто талабаларда мушак массасининг пасайиши, умумий заифлашиш ҳолатлари кузатилади.
Ҳаёт тарзи ва соғлиқ ўртасидаги боғлиқлик
Тадқиқотни олиб борган профессор Жефри Келу шундай деди:
“Фақатгина Буюк Британиянинг ўзида 4 миллион киши тунда ишлайди. Бизнинг тадқиқотимиз шуни кўрсатяптики, бундай ҳаёт тарзи уларнинг танасидаги мушакларни тез қаришга олиб келиши мумкин. Ухлашни камайтириш соғлом ҳаётга жиддий хавф солиши аниқ.”
Ечим – тўғри ухлаш ва янги дорилар
Олимлар, шунингдек, ушбу тадқиқот натижалари биологик соатни тартибга солишга қодир бўлган янги турдаги препаратлар яратилишига асос бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Бундай дорилар айниқса қариялар ёки хасталар каби заиф гуруҳлар учун жуда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.
Хулоса: кечаси 7–8 соат ухлашни унутманг
Мутахассислар сўнги тавсияси аниқ: ҳар куни кечаси камида 7–8 соат ухлаш инсон организми, айниқса, мушак тўқималарининг тикланиши учун жуда муҳим. Акс ҳолда, мушак ҳужайралари янгиланиш имкониятидан маҳрум қолади ва бу эрта қаришга олиб келиши мумкин.
Бу каби илмий хулосалар бизга ҳаёт тарзимизни қайта кўриб чиқиш ва ўз соғлиғимизга янада масъулиятли ёндашиш кераклигини яна бир бор эслатади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар