date
views 30

Ёзда тетик ва соғлом бўлиш сирлари нимада?

Ёзда тетик ва соғлом бўлиш сирлари нимада?
Ёз мавсуми — кўпчилик учун дам олиш, саёҳатлар ва янги таассуротлар олиш имкониятидир. Аммо организмда яширин бўлган соғлиқ муаммолари бу фаслнинг завқидан тўлиқ баҳраманд бўлишга халақит бериши мумкин. Шу сабабли ёз фаслининг бошланиши олдидан танангизни тўлиқ текширувдан ўтказишингиз муҳим аҳамиятга эга. Бу текширув "ёзги чек-ап" деб аталади ва соғлиқ ҳолатингизни умумий баҳолашни назарда тутади.

Организм энергиясининг асосий манбалари

Митохондриялар — бизнинг организимимизнинг асосий энергия ишлаб чиқарувчи "электр станциялари"дир. Уларнинг самарали ишлаши учун муайян шарт-шароитлар мавжуд бўлиши керак. Бунинг учун эса оддий умумий қон таҳлилини ўтказиш мумкин. Мазкур таҳлил эритроцитлар, гемоглобин ва гематокрит кўрсаткичларини кўрсатиб, темир танқислиги ёки камқонликнинг мавжудлигини аниқлашга ёрдам беради.

Гемоглобин даражаси паст бўлган ҳолларда, кислород тананинг барча қисмларига етарлича етказилмайди. Бу эса энергия танқислигига сабаб бўлиб, сочлар тўкилиши, терининг ранги ўзгариши, терида муаммолар ва умуман ўзингизга бўлган ишончингизнинг пасайиши каби белгилари билан намоён бўлади. Шу билан бирга, организмнинг темир захирасини кўрсатадиган ферритин таҳлилини ҳам бажариш мақсадга мувофиқдир.

Организмдаги яллиғланиш ҳолатларини аниқлаш учун эса лейкоцитлар ва C-реактив оқсил таҳлилини ўтказиш зарур. Бу кўрсаткичлар орқали организмдаги энергия захираларининг қай даражада самарали ишлаётганлигини билиш мумкин.

Оқсиллар организм учун нега муҳим?

Оқсиллар тананинг фаоллиги, энергияси ва янги ҳужайралар шаклланишида муҳим рол ўйнайди. Уларнинг етишмаслиги ҳолатида тананинг умумий ҳолати ёмонлашади, чарчоқ пайдо бўлади ва ҳаёт сифати пасаяди. Оқсил алмашинувининг ҳолатини баҳолаш учун умумий оқсил, албумин ва мочевина кўрсаткичлари текширилади. Умумий оқсилнинг оптимал кўрсаткичи 70–75 г/л, ферритин 40–60 мкг/л, албумин 50 г/л ва мочевина 5 ммол/л атрофида бўлиши лозим.

Агар бу кўрсаткичларда ўзгариш кузатилса, организмда жиддий муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун қондаги аминокислоталарни текширтириш ва уларни тўғри танланган озиқ-овқатлар ёки қўшимчалар билан тўлдириш зарур бўлади.

Иммунитет ва Д витамини

Ёзда қуёш нурлари кўп бўлса-да, кўпчиликда Д витамини танқислиги кузатилади. Ушбу витамин энергия ишлаб чиқариш, иммунитетни кучайтириш ва мушакларнинг нормал ишлашида муҳим аҳамиятга эга. Унинг даражаси 50–70 нг/мл бўлса, бу аёллар учун оптимал ҳисобланади. Агар даража 20 нг/мл дан паст бўлса, бу жиддий витамин танқислигига ишора қилади.

Қалқонсимон без ва энергия алоқаси

Қалқонсимон без инсон организмида энергия ва ташқи кўриниш учун муҳим орган ҳисобланади. Агар без фаолияти пасайса, шишлар пайдо бўлади ва энергия йўқолиши кузатилади. Қалқонсимон без ҳолатини баҳолаш учун тиреотроп гормон (ТТГ), эркин Т3 ва Т4 кўрсаткичлари текширилади. Агар ТТГ кўрсаткичи 4–4,5 мME/л дан юқори бўлса, бу безнинг суст ишлашига ишора қилади.

Бу ҳолатда аутоиммун жараёнларни текшириш мақсадида тиреопероксидаза ва тиреоглобулин антитаналари таҳлилини ўтказиш тавсия қилинади. Уларнинг юқори кўрсаткичи кучсизлик ва энергия танқислиги белгиси бўлади.

Овқат ҳазм қилиш тизими

Жигар ва овқат ҳазм қилиш тизими ёз фаслининг тетик ва фаол ўтишида муҳим рол ўйнайди. Бу органлар озиқ моддаларни ҳазм қилиш ва организмга ўзлаштириш жараёнида асосий ўрин тутади. Жигар организмга кирган токсинларни чиқариш ва зарарсизлантиришда ҳам муҳим вазифани бажаради.

Жигар ва овқат ҳазм қилиш тизимини баҳолаш учун қуйидаги таҳлиллар амалга оширилади: ишқорли фосфатаза, гомоцистеин, B12 витамини, умумий холестерин, паст ва юқори зичликдаги липопротеинлар ҳамда триглицеридлар.

Агар бу тизимларда муаммо пайдо бўлса, тез-тез чарчоқ, мушак оғриғи, бош оғриғи ва иммунитет пасайиши каби белгилар кузатилади. Бу эса ёз мавсумида дам олишга салбий таъсир кўрсатади.

Шунинг учун ёз фасли бошланишидан аввал тиббий текширувдан ўтиш ва муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш сизнинг ёз мавсумини соғлом ва тетик ўтказишингиз учун зарур шартдир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Ёзда тетик ва соғлом бўлиш сирлари нимада?