Мактабларда стартап соати бошланади: танловлар ва мукофотлар бор

2026–2027 ўқув йилидан бошлаб таълим муассасаларида ўқувчиларни стартап ғоя ўйлаб топиш, уни тўғри шакллантириш ва “лойиҳага айлантириш”га йўналтирилган “Моҳирлик ва бизнес соати” тадбирлари мунтазам ўтказилади. Яъни энди “фақат ўқиймиз” эмас, “ўқиймиз ва ишлаб топамиз” деган кайфият ҳам системали тарзда кириб келяпти.
Қарорга кўра, бу ташаббус босқичма-босқич жорий қилинади: ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари, шунингдек умумий ўрта таълимнинг 9–11-синф ўқувчилари учун ҳар ой камида икки марта “Моҳирлик ва бизнес соати”ни ташкил этиш йўлга қўйилади. Демак, ойига икки марта кам дегани — фаол мактабларда бу кўпроқ ҳам бўлиши мумкин, лекин минимал "планка" қўйилди.
Энг қизиқ жойи — бу “оддий давра суҳбати” эмас. Тадбирлар ичида аниқ йўналишлар белгилаб қўйилган:
Биринчи йўналиш — “Энг яхши стартап ғояси” танлови. Туман босқичи ғолибларига 5 млн сўмгача, вилоят босқичи ғолибларига 10 млн сўмгача мукофот пули берилиши кўзда тутилган. Бу пул — “фақат диплом” эмас, лойиҳани прототипга айлантиришга жуда реал туртки.
Иккинчи йўналиш — ҳар чоракда тақдимот. Яратилган лойиҳалар ўқувчиларнинг ота-оналари, бизнес ва илмий ҳамжамият вакилларига кўрсатилади. Яъни бола/ўқувчи фақат ғоя айтмайди, уни ҳимоя қилади, саволларга жавоб беради, фикрлар олади. Бугунги кунда энг қиммат кўникмалардан бири — айнан шу.
Учинчи йўналиш — бозорга чиқиш. Маркетплейслар билан ҳамкорлик ўрнатилади ва таълим ташкилотларида тайёрланган маҳсулотларни сотиш амалиёти йўлга қўйилиши айтилган. Яъни “мактабда ясалган нарса” кейин реал харидорга ҳам етиб бориши мумкин — бу эса мотивацияни икки баравар қилади: меҳнатинг натижа бераётганини кўрасан.
Бу билан ҳам тўхтаб қолинмайди. Қарорда 2026 йил 1 апрелдан бошлаб давлат органлари, ташкилотлар ва давлат иштирокидаги корхоналар ўз соҳасида ечим талаб қилаётган муаммо ва масалалар бўйича краудсорсинг электрон платформаси орқали танловлар ташкил этиши, ҳар ой стартап ташаббускорлари билан учрашувлар — “Стартап куни” тадбирларини ўтказиши ҳам назарда тутилган. Бу дегани: ғоялар фақат синфда айланиб қолмайди, “катталар” томондан ҳам реал муаммоларга уланади.
Мухлисларча айтганда, келажакка “трансфер ойнаси” очиляпти: кимдир ғоясини тўғри сотади, кимдир жамоа тузади, кимдир биринчи маҳсулотини чиқаради. Шунинг учун 9–11-синф ва коллеж/техникум ёшидаги ўқувчиларга битта оддий маслаҳат: қизиққан соҳангиз бўлса, ҳозирдан дафтарга ёза бошланг — муаммо, ечим, кимга керак, нега керак. Эртага “Моҳирлик ва бизнес соати”га кирганда, тайёр фикр билан кирсангиз, ярим иш битган бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!