Ўзбекистонда метан заправкалар қачон ва нима сабабдан ёпилиши мумкин?

Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши муносабати билан автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари, яъни метан заправкалар фаолияти вақтинча чекланиши эҳтимоли бор. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик изоҳига кўра, совуқ кунларда табиий газ таъминотида, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларига устуворлик берилади. Жумладан, мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва бошқа муҳим муассасаларнинг газ билан узлуксиз таъминланишига алоҳида эътибор қаратилади.
Зарурат юзага келган тақдирда, мавсумий истеъмолчилар қаторига кирувчи метан заправкалар фаолиятига ҳам вақтинчалик чекловлар жорий этилиши мумкин. Бунда чекловлар ҳудудий ҳокимликлар билан келишилган ва тасдиқланган жадвал асосида амалга оширилади. Шунингдек, бундай ўзгаришлар ҳақида истеъмолчилар олдиндан хабардор қилинади.
Энергетика вазирлиги ва тизим ташкилотлари аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича зарур чораларни кўраётганини маълум қилди. Айни вақтда Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида иситиш мавсумини бошлаш ишлари ҳам давом этмоқда.
Газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага келганда 1104 қисқа рақамига, газ билан боғлиқ авариявий ҳолатларда 104 рақамига, электр таъминотидаги узилишлар бўйича эса 1154 рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.
Ўзбекистонда совуқ ҳаво кузатилиши кутилмоқда
«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, 9–12 ноябрь кунлари мамлакат ҳудудига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши прогноз қилинмоқда. Бунинг натижасида республиканинг кўплаб ҳудудларида ёмғир ёғиши, шимолий ва тоғли жойларда эса қор кузатилиши мумкин.
Ҳарорат кўрсаткичлари ҳам сезиларли даражада пасайиши кутилмоқда. Хусусан, шимолий ҳудудларда тунги ҳаво ҳарорати 7 даража совуққача тушиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида эса айрим жойларда ҳарорат 1–2 даража совуққача пасайиши прогноз қилинган.
Шу тариқа, ҳавонинг совиши газ истеъмоли ортишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли метан заправкалар фаолиятига нисбатан вақтинчалик чекловлар жорий этилиши эҳтимоли ҳам мавжуд.






























Изоҳлар 0
…