Ўзбекистонда “Ёш эколог” кўкрак нишони жорий этилади

Ўзбекистонда экологик маданиятни ривожлантириш ва ёшларни табиатни асрашга жалб этиш мақсадида “Ёш эколог” кўкрак нишони таъсис этилиши белгиланди.
Қарорга мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб олий таълим муассасалари томонидан “яшил кампус” лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Экология қўмитаси билан ҳамкорликда амалга оширилади. Бу ташаббус атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган.
Шунингдек, 2026 йил 1 майдан “10 минг қадам пиёда” лойиҳаси яна қайта тикланади ҳамда “Соғлом турмуш тарзи” платформаси фаолияти йўлга қўйилади. Бу орқали аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 майдан бошлаб “Ёш эколог” кўкрак нишони уч даражада жорий этилади.
Унга кўра, мактаб ўқувчилари учун III даража, техникум ва олий таълим муассасалари талабалари учун II даража ҳамда халқаро ва маҳаллий миқёсда юқори натижаларга эришган ёшлар учун I даража белгиланади.
Мазкур янгилик ёшлар орасида экологик онгни шакллантириш, уларни фаол ташаббусларга жалб этиш ва табиатни асрашга бўлган масъулиятни кучайтиришга хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!