Мактабларда дарс соатлари тақсимоти бўйича тартиб янгиланди

Мактабларда дарс соатларини тақсимлаш тартиби янгиланади. Янги механизм ўқитувчиларнинг иш юкламасини енгиллаштириш, дарс соатларини тақсимлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда уни янада шаффоф ва адолатли ташкил этишга қаратилган.
Ижтимоий тармоқларда педагоглар орасида дарс соатларини тақсимлаш тартиби ўзгаргани ҳақидаги хабарлар кенг муҳокама қилингач, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мазкур масала юзасидан расмий муносабат билдирди.
Вазирлик маълумотига кўра, 2025 йил 28 октябрь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори билан «Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида»ги низомга қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Қайд этилишича, мазкур янгиликларнинг асосий мақсади ўқитувчиларнинг иш ҳажмини қисқартириш, дарс соатларини тақсимлашга оид талабларни соддалаштириш ҳамда жараённи янада очиқ, шаффоф ва адолатли йўлга қўйишдан иборат.
Янги тартибга мувофиқ, аввал амал қилган дарс соатларини тақсимлашнинг 19 та устуворлик мезони 10 тагача қисқартирилди. Вазирлик таъкидлашича, ушбу ўзгаришлар педагоглар томонидан билдирилган кўплаб таклиф ва мулоҳазалар асосида ишлаб чиқилган.
Шунингдек, барча ўқитувчилар учун тенг имконият яратиш мақсадида дунёнинг ТОП-1000 олий таълим муассасаларини битирганлик ёки халқаро ҳамда асосий фан олимпиадалари ғолибларини тайёрлаганлик каби мезонлар бекор қилинди. Вазирлик бу қарорни бундай имкониятлар барча педагоглар учун бирдек мавжуд эмаслиги билан изоҳлади.
Эндиликда дарс соатларини тақсимлашда асосий эътибор миллий ёки халқаро сертификатларга эга, замонавий компетенцияларни ўзлаштирган, касбий маҳорати ва меҳнат натижаларини амалий фаолиятида намоён этаётган педагогларга қаратилади.
Вазирлик фикрича, ушбу янгиланган тартиб ўз устида доимий ишлайдиган, малакасини ошириб борадиган ва юқори натижага эришадиган ўқитувчиларни рағбатлантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, таълим сифати ҳамда ўқувчиларнинг билим даражасини янада юксалтиришга ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, дарс соатларини тақсимлашнинг ушбу янги тартиби 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб барча умумтаълим муассасаларида амалиётга босқичма-босқич жорий этилади.






























Изоҳлар 0
…