Ўзбекистон ва БАА давлат бошқарувини баҳолаш тизимини жорий этади

Ўзбекистонда давлат органлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган янги тизим жорий этилмоқда. Президент Бирлашган Араб Амирликлари билан “Сифатли давлат бошқаруви” қўшма дастурини амалга ошириш тўғрисидаги фармойишни имзолади.
Мазкур дастур давлат сектори ишини янада самарали, очиқ ва натижага йўналтирилган ҳолда ташкил этишни мақсад қилган. 2026 йилдан бошлаб вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти ҳар икки йилда мажбурий тарзда баҳолаб борилади.
Баҳолаш жараёнида давлат идораларининг иш самарадорлиги, ислоҳотларни амалга ошириш даражаси, аҳоли ва бизнес учун яратилаётган қулайликлар ҳамда бошқарув сифати каби жиҳатлар инобатга олиниши кутилмоқда. Бу орқали ҳар бир ташкилотнинг реал натижаси аниқроқ кўринади.
Дастурни амалга оширишда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳамда Бошқарув самарадорлиги агентлиги масъул этиб белгиланди. Улар давлат органлари фаолиятини таҳлил қилиш, баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва натижалар асосида таклифлар тайёрлаш билан шуғулланади.
Янги тизимда фақат назорат эмас, рағбатлантириш механизми ҳам назарда тутилган. Самарали ишлаган, ислоҳотларни сифатли амалга оширган ва юқори натижа кўрсатган идоралар учун махсус номинациялар ҳамда мукофотлар жорий этилиши белгиланмоқда.
Бу ташаббус давлат бошқарувида рақобат муҳитини кучайтириши, идораларни натижа учун ишлашга ундаши ва бюрократик жараёнларни камайтиришга хизмат қилиши мумкин. Қисқаси, давлат органлари фаолияти энди “ишлаяпмиз” деган гап билан эмас, аниқ натижа билан баҳоланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!