Қозоғистонлик эксперт Ўзбекистон футболининг муваффақияти сирини очди

Қозоғистонлик эксперт Ўзбекистон футболининг муваффақияти сирини очди

Жаҳон чемпионати старт олди ва бутун Марказий Осиё мухлисларининг нигоҳи тарихда илк бор мундиал финал босқичида иштирок этаётган Ўзбекистон миллий терма жамоасига қаратилган. “Оқ бўрилар”нинг бу катта саҳнага чиқиши нафақат юртимиз, балки қўшни давлатлар футбол жамоатчилигида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Қозоғистон Профессионал футболчилар уюшмаси бошқаруви раиси Олжас Абраев журналистлар билан суҳбатда Ўзбекистон терма жамоасининг сўнгги йиллардаги ўсиши, жаҳон чемпионатига чиқиш сабаблари ва дебют мундиалдаги имкониятлари ҳақида фикр билдирди.

2026 йилги Жаҳон чемпионати тарихда илк бор 48 та терма жамоа иштирокида ўтказилмоқда. Бу формат бир қатор мамлакатларга катта саҳнага чиқиш имконини берди. Турнир дебютантлари орасида Иордания, Кабо-Верде, Кюрасао ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ҳам бор.

Ўзбекистон терма жамоаси “К” гуруҳидан жой олган. Фабио Каннаваро шогирдлари гуруҳ босқичида Португалия, Колумбия ва Конго Демократик Республикаси каби кучли рақибларга қарши майдонга тушади. Бу квартет осон эмас, аммо миллий жамоамиз учун тарихий имконият ҳисобланади.

Олжас Абраевнинг фикрича, Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатига йўлланма олиши тасодиф эмас. У бу натижани сўнгги йилларда мамлакат футболида олиб борилган тизимли ишлар, режали ривожланиш ва инфратузилмага қаратилган эътиборнинг мантиқий самараси сифатида баҳолади.

“Бу мутлақо қонуний натижа. Қўшниларимизда ривожланиш стратегияси бор ва улар унга изчил амал қилмоқда. Барча қадамлар мамлакат футболида тизимли ривожланишга қаратилган бўлиб, мантиқий ва пухта ўйланган кўринади”, — деди Олжас Абраев.

Мутахассиснинг таъкидлашича, Ўзбекистонда футбол ривожи фақат миллий терма жамоа натижалари билан чекланиб қолмаган. Сўнгги йилларда инфратузилма, болалар-ўсмирлар футболи, янги стадионлар ва ёшлар жамоаларига алоҳида эътибор қаратилган.

“Айнан шу ишлар ўз самарасини бера бошлади. Ўзбекистон ёшлар жамоалари халқаро майдонда мунтазам равишда жиддий муваффақиятларга эришмоқда. Масалан, 17 ва 20 ёшгача бўлган терма жамоалар кўпинча жаҳон чемпионатларининг финал босқичларида иштирок этади”, — деди у.

Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон ёшлар футболи сўнгги йилларда ўзини халқаро майдонда яхши томондан кўрсатиб келмоқда. Турли ёш тоифаларидаги терма жамоаларнинг Осиё ва жаҳон миқёсидаги натижалари миллий жамоа учун мустаҳкам пойдевор яратди. Бугунги асосий терма жамоа муваффақияти ҳам ана шу узоқ йиллик меҳнатнинг давоми сифатида кўрилмоқда.

Абраевнинг айтишича, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ривожланишда тўғри йўналишни танлаган. Аввало болалар футболи, инфратузилма ва тайёргарлик тизимига эътибор қаратилгани бугун ўз натижасини бермоқда.

“Ўзбекистон футбол ассоциацияси асос сифатида инфратузилма ва болалар-ўсмирлар футболига эътибор қаратди. Сўнгги бир неча йил ичида мамлакатда етарлича янги стадионлар қурилди, болалар футболи ривожига алоҳида аҳамият берилмоқда”, — деди мутахассис.

Қозоғистонлик эксперт объектив омилларга ҳам тўхталди. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг иқлими футбол ривожи учун қулай. Йил давомида табиий майдонларда машғулот ўтказиш имконияти ёш футболчиларнинг шаклланишига ижобий таъсир қилади.

“Ўзбекистон иқлими йил давомида табиий майдонларда футбол билан шуғулланиш имконини беради. Ёш футболчиларнинг рақобат кучли бўлган чемпионатларга йўл олаётгани ҳам футбол ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Тизимлилик — муваффақият сари йўлдир”, — деб ҳисоблайди Абраев.

Бу фикрда жон бор. Бугун Ўзбекистон футболчилари Европа, Осиё ва бошқа кучли чемпионатларда ўзини кўрсатмоқда. Абдуқодир Ҳусанов, Аббосбек Файзуллаев, Элдор Шомуродов, Остон Ўрунов каби футболчиларнинг халқаро тажрибаси миллий жамоа савиясини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Абраев алоҳида равишда Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматовнинг меҳнатини ҳам таъкидлади. Унинг фикрича, Ўзбекистон футболидаги бугунги натижаларда Ирматовнинг тажрибаси, билими ва бошқарувчилик салоҳияти катта ўрин тутади.

“Бу ютуқларда Равшан Ирматовнинг ҳам улкан ҳиссаси бор. Равшан Сайфиддинович катта тажрибага ва футболни чуқур билишга эга менежердир. У ўзини билимдон ва юқори малакали мутахассис сифатида намоён қилган”, — деди Қозоғистон Профессионал футболчилар уюшмаси бошқаруви раиси.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун энди энг муҳим босқич бошланмоқда. Йўлланма қўлга киритилди, тарих ёзилди, аммо мундиалдаги ҳақиқий синовлар энди олдинда. Жамоа гуруҳда жуда кучли рақибларга қарши ўйнайди ва ҳар бир учрашувда максимал концентрация талаб этилади.

“Оқ бўрилар” Жаҳон чемпионатидаги илк ўйинини 18 июнь куни Тошкент вақти билан соат 7:00 да Колумбияга қарши ўтказади. Луис Диас ва Хамес Родригес етакчилигидаги жанубий америкаликлар техник ва тезкор футбол намойиш этадиган жамоа сифатида яхши танилган.

Иккинчи турда Ўзбекистон 23 июнь куни соат 22:00 да Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия билан куч синашади. Бу учрашув мухлислар учун алоҳида қизиқ бўлиши аниқ. Гуруҳдаги сўнгги баҳс эса 28 июнь куни соат 4:30 да Конго Демократик Республикасига қарши ўтказилади.

Қозоғистонлик экспертнинг фикрлари Ўзбекистон футболига қўшни мамлакатларда ҳам жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатади. Энг муҳими, бу муваффақият тасодиф эмаслиги, ортида йиллар давомидаги тизимли меҳнат тургани алоҳида таъкидланмоқда.

Энди миллий жамоамиз олдида янги вазифа турибди — Жаҳон чемпионатида ўзини муносиб кўрсатиш. Ўзбекистон мундиалга илк бор чиқди, аммо бу саҳнага тасодифан келмади. Бу йўл меҳнат, режа, сабр ва футболга бўлган ишонч билан босиб ўтилди.

Мухлислар эса бир нарсани кутишмоқда: майдонда охиригача курашадиган, юрт шарафини муносиб ҳимоя қиладиган ва бутун Марказий Осиёга ғурур бағишлайдиган Ўзбекистон терма жамоасини.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар