Олимлар ҳайратда: Антарктида музлари остида улкан сирли тузилма топилди

Олимлар ҳайратда: Антарктида музлари остида улкан сирли тузилма топилди

Халқаро олимлар жамоаси Шарқий Антарктида муз қатлами остида аввал маълум бўлмаган, қитъа кўламига тенг геологик тузилмани аниқлади. У қалинлиги тахминан уч километргача етадиган муз қопламаси остида яширинган улкан ҳавзалар тизимидан иборат бўлиб, унга “Шарқий Антарктида елпиқсимон ҳавзалар провинцияси” номи берилди. Бу ҳақда Дурҳам университети матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, ушбу геологик тузилма таркибига аввал алоҳида ўрганилган бир қатор объектлар — Уилкс ва Аврора ҳавзалари, шунингдек, Ер юзидаги энг йирик муз ости кўли саналган Восток кўли жойлашган ҳавза ҳам киради. Гарчи улар илгари алоҳида тадқиқ этилган бўлса-да, эндиликда улар ягона ва ўзаро боғланган тизим эканлиги илк бор тасдиқланди.

Олимлар фикрига кўра, мазкур тузилма Ер қобиғининг тарқоқ ротацион чўзилиши жараёни натижасида шаклланган бўлиб, бу жараён марказий нуқтадан аста-секин кенгайиб, учбурчак шаклидаги ҳавзаларни ҳосил қилган. Тадқиқотчилар бу тизимни очилган кафтга ўхшатишмоқда: бунда бош бармоқ асос қисмида ҳаракатсиз қолади, қолган бармоқлар эса ён томонларга ёйилади. Мазкур провинция Гондвана суперқитъасининг эволюцияси ҳамда кейинчалик Антарктида ва Австралиянинг ажралиб кетиши билан боғлиқ бир неча тектоник босқичлар давомида шаклланган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Бу кашфиёт нафақат қитъанинг геологик ўтмишини қайта тиклашда, балки ҳозирги кунда муз ости пойдевор рельефининг музлар ҳаракатига таъсирини ўрганишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, у иқлим ўзгаришига энг сезгир бўлган муз қатламлари ҳудудларининг барқарорлигини баҳолашга ҳам хизмат қилиши мумкин.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар