22:35 / 05.03.2018
12 605

Усмоний турклар сулоласининг пайдо бўлиши...(ёхуд Эртуғрул тарихига бир назар. 3-қисм)

Усмоний турклар сулоласининг пайдо бўлиши...(ёхуд Эртуғрул тарихига бир назар. 3-қисм)
ЭРТУҒРУЛ ВА «КРЕСТОНОСЕЦ»ЛАР
Эртуғрул тарихига назар ташлайдиган бўлсак, у ўз даврининг ҳар жиҳатдан мукаммал шахси ҳисобланганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. У 1150 йилларда авжи алп сифатида кучга тўлган, курашиб, савашиб тўймайдиган ёшга етган. Қолаверса, нафақат Сулаймоншоҳ етакчилигидаги «Кайи» қабиласида, балки минглаб километрлар радиусдаги ҳудудларда ҳам Эртуғрулга етадиган жангчи йўқ эди. У қўл жанги, қиличбозлик, найзабозлик, камондан отиш каби жанг санъатларини мукаммал эгаллаган, билагидаги куч ҳам ўша санъатни қойилмақом кўринишда намойиш этиш учун етарли эди.

Эртуғрулнинг армияси дастлаб тўрт-беш кишидангина иборат бўлган. Буни кейинчалик Коньядаги салжуқийлар султони Оловиддин Кайқубод ҳам ҳазил аралаш таъкидлаб ўтганди.

— Эртуғрул, — деганди султон барча вазир-у уламолар қаршисида. — Тўрт-беш аскардан иборат армияси билан султонларнинг бутун бошли қўшини забт эта олмаган Қоражахисар қалъаси, Хонли бозорни эгаллаб, мана, бизга ҳам қўлга киритилган олтинлардан улуш келтирибди!..

Ҳақиқатан, Эртуғрул «крестоносец»лар билан Алеппо яқинидалик пайтидаёқ илк бор тўқнаш келганди. Бунга қадар Эртуғрул жасур, енгилмас, кучли ва моҳир алп сифатида дунёнинг деярли ярмига танилиб улгурган. Ҳатто, кейинчалик Чингизхон авлодлари ҳам Эртуғрулни енгиш, синдириш, у эгалик қилиб турган ҳудудларни ўзлаштириш ниятида бутун бошли армия йўллашдан тийилмаган. Бу ҳақда кейинги қисмларда алоҳида тўхталиб ўтсак бўлади. Гап ҳозир «крестоносец»лар, ўша давр насронийлари ҳақида кетаркан, улар мусулмонлар жойлашган давлатларга кириб келиб, бутун бошли қалъалар, шаҳарларни босиб олишган, насронийлар дунёга етакчилик қилишини исташган.

Алеппо яқинидаги мустаҳкам қалъада ҳам «крестоносец»ларнинг бутун бошли қўшини жангга шай турар, ҳар куни алоҳида отрядлар чиқиб кетиб қайсидир ҳудудларни босиб олиш, аҳолини қақшатиш, борини талаш билан шуғулланарди. Насронийлар рицарлари ўз мақсади йўлида маҳлуқдан баттар эди. Раҳм-шафқат нелигини билишмасди. Тан олиш керак, «крестоносец»ларнинг рицарлари жанг санъатини мукаммал эгаллашда Эртуғрул кабилардан сира қолишмасди. Шу сабабли рицарлар асосан қўшинларга командир этиб тайинланарди.

Эртуғрул Алеппо яқинида дастлаб Титус исмли насронийлар рицарига рўбарў бўлди. Титус озғиндан келган, турк тилини яхши ўзлаштирган, чайир, уддабурон, қайтмас, совуққон, шафқатсиз ва ўта ёқимсиз характерга эга эди.

Илк тўқнашувда Эртуғрулнинг ўзига нисбатан ҳар жиҳатдан кучлилигини Титус тан олди. Шунинг учун унга қарши кўпчилик бўлиб жанг қилиш керак деган тўхтамга келди. Шу ниятда кўп бор уриниб кўрди. Барибир фойдаси бўлмади. Ҳар гал Титуснинг аскарларигина ўлим топди. Эртуғрулни синдира олмади, қабиласини эгаллаб ола билмади.

Юқорида таъкидланганидек, Эртуғрулнинг армияси асосан тўрт-беш кишидан иборат эди. Уларнинг бири Бомси. Барваста, бир ўтиришда битта қўйни паққос тушириб, кекира-кекира кетаверадиган, ўта кучли эмоцияга эга йигит. У икки қўлида иккита қилич тутган ҳолда жанг қилишни хуш кўрарди. Бу Бомсининг жанг усули эди.

Тургут. У ҳам Бомси каби барваста, жиддий қиёфали, феъли жуда тор, аммо жасур йигит. Тургут асосан қўлига вазни 20 килоча келадиган болта тутган ҳолда душманга қарши курашарди. Болтани отса, эллик метр наридаги душман аскарини бехато қулата оларди. Учинчи алп — Сомса. У паст бўйли, аммо жуда абжир ва чайир, қиличбозликда унга тенг келадигани топилмасди. Дўған. Бу йигит ҳам ҳали шериклари каби уйланмаган, айни кучга тўлган, моҳир, уддабурон, кучли жангчи эди. Унинг ўзига хос фазилати шунда эдики, Дўған душманга калла солишни ёқтирарди. Бир марта калла солса, тамом, душман тил тортмай ўларди.

Худди шу беш кишилик армия билан Эртуғрул насроний босқинчиларига қарши узоқ вақт кураш олиб борди. Бахтга қарши уларни тўлиқ забт этишнинг имкони топила қолмади. Шунда у айёрона усулни қўллашга аҳд қилди. Яъни, насронийлар жойлашиб олган мустаҳкам қалъанинг яширин йўлини топди. Бу йўл орқали насронийларга қурол, от, емиш ташиларди. Йўл фақат ўзларигагина маълум эди. Агар шу йўл орқали ичкарига кириб борилса, насронийлар отрядлари аросатда қолиши ва кутилмаган ҳужумлар туфайли ўлим топиши аниқ эди. Эртуғрул сўнгги жангга қабиладаги бор қўшинини жалб этди ва ниҳоят айёрона усул ўз самарасини берди. Қалъа эгалланди.

«Крестоносец»лар отрядлари ўлим топди. Фақат уларнинг дала командири, Эртуғрулнинг биринчи рақамли душмани Титус қочиб кетди. Эртуғрул барибир кўнглига тугиб қўйди. Бир кунмас бир кун Титус албатта қўлга тушишига ишонди. Чунки Титус шунчаки қўрққанидан қочмаган, балки Эрон тарафларга ўтиб янги қўшин тўплаш ниятида йўлга чиққанини, бир кун албатта ортга қайтиб Эртуғрул армиясига ҳужум йўллаш нияти борлигини биларди.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Усмоний турклар сулоласининг пайдо бўлиши...(ёхуд Эртуғрул тарихига бир назар. 3-қисм)