21:27 / 03.05.2019
7 489

Қизингизни кўпроқ суйинг...

Қизингизни кўпроқ суйинг...
Фарзанд кутилаётган оилада қиз туғилса “Ота-онасига меҳрибон бўлади,” дейишади. Қизи бор хонадон гулзорга қиёсланади. Қиз бола ўсаётган гўшадан муаттар ифор таралади. Қиз фарзанди кўп хонадондан меҳр булоғи қайнаб туради. Қиз бола ҳақида гапирилаётганда албатта “меҳр” сўзи иштибоҳлар аввалида келтирилади. Балки шунинг учунми, элимиз тамойилида ўғил фарзанд бемеҳр чиқса оддий қабул қилинади, қизнинг бағритошлиги эса ҳеч нарса билан оқланмайди.

Меҳрга зор қизлар қисмати
Баъзан қиз болаларнинг тарбияси ҳақида ёқимсиз гаплар қулоққа чалинса, “эҳ, қиз боланинг дарди оғир”, деб қўямиз афсус билан бош чайқаб. Балоғат ёшидаги қизларнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши хусусида салбий гапларни эшитганимда, ўша қиз улғаяётган оиладаги маънавий муҳит, ота-онасининг маънавий қиёфаси ҳақида ўйлайман. Қиз бола ҳақида гап кетганда “меҳрибон”, “ота-онаси, яқинларига ғамхўр бўлади” деймиз-у бироқ, кимгадир меҳр бера олиши учун қиз боланинг ўзи авваломбор меҳр-муҳаббатга тўйиб-қониб улғайиши кераклиги ҳақида камдан-кам ҳолларда мулоҳаза қиламиз.

Ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналган ёки ота-онаси, атрофдагиларга бемеҳр, оиласидан узоқлашиб кетган қизларнинг аксарияти, яқинлари меҳрига вақтида қонмаган бўлади. Меҳрга зор ўсган, болалиги ўз ҳолига ташлаб қўйилган қизлар орасида ёмон йўлларга кириб кетадиганлар ҳам талайгина. Кўпчилигимиз қалтис қадами туфайли ҳаётда ўрнини тополмаётган қиз, аёлларни сабрсизлик, енгил ҳаётга ўчликда айбдор қилишга ўрганиб қолганмиз. Бисотимизда бор хунук сўзларни уларга қаратамиз, уларга нисбатан нафратимизни яширмаймиз. Қиз бола, аёл шаънига ножоиз сўзларни ишлатиш, унинг юриш-туриши хусусида гапирганда “беҳаё”, “ахлоқсиз”, “ибосиз”, “жиноятчи,” деган сўзларни айтишга тил бормайди.

Кимдир хусусида узил-кесил хулосага келиб бирор фикр айтишдан олдин, унинг ўша ҳолатга тушиш сабабини мулоҳаза қилиш керак. Ахир, дунёда ҳеч бир нарса бесабаб рўй бермайди. Ҳеч ким онасидан ёмон бўлиб туғилмайди. Атрофдагилар, инсонни ўраб турган муҳит, ташқи ва ички омиллар унинг дунёқараши, тарбияси ҳамда маънавий оламига ўз таъсирини ўтказади.

Ҳаётий воқеаларга диққат қилинг:

“Ҳар гал панд есада...”
Бир курсдош дугонам интернетда йигитлар билан танишишга шунчалик муккасидан кетганки, баъзан унинг ўзини тутиши, юриш-туришидан жаҳлим чиқиб қаттиқ гапириб юбораман. Бир неча марта интернетдаги “ошиқ”ларидан панд еди, неча марта “бўйдоқ йигит экан, менга уйланаркан, яқинда совчи жўнатаркан” деб, йигит қурғурнинг уйланганини билганидан кейин кўз ёшини оқизиб ўтиради. Яна бир қарасам интернетдан кимнидир топиб олган, у билан турмуш қуришни орзу қилиб юрган бўлади. Баъзан ўша дугонам гап орасида отаси вафот этганидан кейин онаси, акаларидан етарлича меҳр кўролмаётганини айтиб йиғлайди. “Уларни кўрмаслик учун узоқларга турмушга чиқиб кетишни хоҳлайман”, дейди онаси, акалари, келинойиларининг дилозорлиги ҳақида айта туриб. Ким билади, балки, дугонам яқинларидан эътибор кўрмагани учун ҳам, интернетдаги сохта ошиқларига ишонгиси, кимгадир суяниб, кимдандир меҳр-мурувват кўргиси келар...
Ҳамидахон


“Меҳр мажбуриятга бўйсунмаса нима қилай?..”
Қишлоқдан чиқиб пойтахтга келганимга ўн йилча бўлди. Болалигим ва ўсмирлигим ота-онамнинг доимий уруш-жанжаллари, уйимиздаги нотинчликлар сабабли беҳаловатликда ўтди. Уйимизнинг гапи кўчага чиққан, маҳалладошлар, таниш-билишларнинг оғзида оиламиздаги уруш-жанжаллар, ота-онамнинг муносабатлари муҳокама қилинарди. Бундай оила билан ким ҳам қуда-анда тутиниб, қариндош бўлишни, қиз олиб, қиз беришни истарди?! Тақдир экан, негадир бахтим очилмади. Буёқда ҳали таниш-билиш, қўшни аёллар, ҳали амма-холаларим “Қачон турмушга чиқасан?! Сен тенгилар аллақачон турмушга чиқиб, болалари мактабга чиқадиган бўлди-ку,” деб маломат қилаверарди. Онам эса кунда кунора кўнглимга тегадиган гапларни гапириб, дилимни хира қилар, ҳатто "эрга тегмаяпсан", деб мен билан гаплашмай қўйгандилар. Шу кунларда телефонимга адашиб қўнғироқ қилиб тушган бир йигит билан танишиб қолдим. Яқинларим мени камситиб, хўрлаб, яккалаб ташлагани у йигитга қўл келди.
Чунки, “ўзим севдим” ҳам деёлмайман, “у йигит мени севиб қолган”, деб ҳам айтолмайман. Негаки, инсон ҳеч қачон севган инсонини алдамайди, унга ёлғон гапирмайди. Мен телефонда танишиб қолган йигит уйланган, уч боланинг отаси экан. Менга эса “уйланмаганман, ҳали кўнглимдаги қизни учратмадим,” деганди. Хуллас, содда, ғўр бўлмасам унинг сафсаталарига ишонибман. Ота-онамдан, яқинларимдан меҳр-муҳаббат кўрмаган, бир оғиз ширин сўз, ғамхўрлик, маънавий парваришга муҳтож эмасман-ми, бир номардга чиппа-чин ишонибман. Бу ишонч, сохта туйғулар йўлида тўрт йиллик умримни сарф этибман. Токи мени алдаб юрган диёнатсизнинг сири очилгунича ҳавойи ҳисларга алданиб, вақтимни, нақдимни, бахтимни бой бериб юраверибман. Ота-онам ҳаммасидан хабар топганидан сўнг тағин ўзим айбдор бўлдим, ўзим ёмон бўлдим. “Сизлар қилмаган гуноҳим, йўқ айбим учун мени айбдор қилиб, яккалаб қўйдинглар, ким биландир гаплашгим, кимгадир суянгим келганди.
Ҳам яқинларимдан, ҳам бегоналардан озор чексам, ҳам айбдор бўлиб, маломатга қолайми?!” деёлмадим. Яна худди аввалгидек кучим кўз ёшимга етди, холос. Ҳаммасига қўл силтаб пойтахтга келдим. Ишлаяпман, яшаяпман. Ўзимга яраша ҳурмат-эътиборим, обрўйим бор. Лекин қишлоққа боргим, ота-онамни кўргим келмайди. Дўст-дугоналарим ота-онасига қўнғироқ қилиб гаплашишса, “уйга бораман, ота-онамни соғиндим”, деса юрагим увишади. Мен ота-онамни соғиниш тугул, уларни ҳатто кўргим ҳам келмайди. Афсуски, бу ғайришуурий бир ҳолатда бўлади. Аслида ота-онага меҳр-оқибат кўрсатмаслик гуноҳ эканини биламан. Аммо кўнгилга буйруқ бериб бўлмаса, меҳр мажбуриятга бўйсунмаса нима қилай?..
Шаҳноза

“Оила масъулияти ўзимда”
Болалигимда уй тозалаш, ошхона юмушлари, кир ювиш каби қиз болалар бажарадиган ишларни онам, опам ва синглимга бажартирар, мен ҳам уй-рўзғор ишларига аралашмоқчи бўлсам “Бор, сен мол-қўйга қара, ўт юл, молхонани тозала,” деб ўғил болалар қилиши керак бўлган ишларни менга қилдирарди. Акам ва укам билан ўғил болалар қилиши керак бўлган ишларни бажарардим. Ҳатто акам нимжонроқ бўлгани учун ота-онам уни аяб, молларга олиб келинган оғир қоплардаги емларни менга кўтартирарди. Ёшлигимдан ўғил болалар бажарадиган ишларни бажариб, феълим ҳам шунга яраша бўлиб шаклланган экан. Ўртоқларим ҳам ўғил болалар эди. Улғайдим, Университетда ўқидим, турмушга чиқдим. Ҳозир оиламнинг масъулияти ҳам ўзимнинг зиммамда. Эрим кўзимга ношуд, нотавон, қўлидан иш келмайдиган, масъулиятсиз одамга ўхшаб кўринади. Ўйласам, эримни ҳам шу куйга солган мен эканман! Эркакшода феълим, ҳар нарсанинг масъулиятини зиммамга олиб, эримга суянмаганим- эримни заифлаштириб юборибди...
Мафтуна

Ҳар қандай ҳолатда ҳам - хоҳ у моддий эҳтиёжмандлик бўлсин, хоҳ маънавий муҳтожлик бўлсин, аёлнинг муҳтожлиги уни ўзи зориққан нарсага қарам қилиб қўяди. Ота-онаси, яқинларидан ширин сўз, кўнгил кўтарувчи ҳақиқий маънавий қувватни ололмаган қиз бегоналарнинг сохта меҳрига учиши ҳеч гап эмас.Натижада, ўзи билиб-билмай қалтис йўлга кириш, алданиб қолиш, ҳатто номус ва шаънга тааллуқли хунук ҳодисаларга сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Борингки, ундай нохуш вазиятларга тушмаганида ҳам, меҳрга зориқиб ўсган қиз атрофидагиларга нисбатан эътиборсиз бўлиб қолиши, қалби қаттиқлашиб кетиши мумкин.

Отаси суймаган қизнинг феъли дағал бўлади
“Қиз-аёлларнинг юзидан ҳаё кўтарилган”, “қизим ўғил болага ўхшайди”, “эркакшода аёллар кўпайиб боряпти,” деган гаплар кундалик ҳаётимизда учраб туради. Тўғри, бу аччиқ гапларда ҳам жон бор. Бироқ юқорида келтирилган салбий ҳолатларда фақат қиз-аёлларнигина айблаш ўринли эмас. Кузатувлар шуни далолат этадики, айрим қизалоқлар жуда ёшлигидан ўғил болага ўхшашади. Оилада ўғил болалар орасида ўсаётгани ёки қизнинг кенжа фарзанд, эркатойлиги бунга сабаб бўлиши мумкин. Аммо кўп ҳолларда, онанинг эркакшода феъли ва қизи билан сирлашмаслиги, эркак киши, яъни жуфтидан ўзини устун қўйиши ҳам жамиятда ўғил бола характерли қизларнинг кўпайишига асос бўлади. Онаси эркаламаган, отаси суймаган қизча ўғил болалардек қўрс феъл, дағал, юзи қаттиқ, ҳатто уятсиз бўлиб улғайиши ҳаётда кўп бора исботланган ҳақиқатлардан бири.

Андишасизлик - ростгўйлик эмас!
Қиз болани асраб-авайлаб, “шириним”, “асалим”, деб чин маънода “гулойим” қилиб тарбиялаган маъқул. Қиз болага қўпол гапириб, ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб бўлмайди. Доимий равишда дағал муомала кўрган қиз, юзи қаттиқ, беҳаё ва уятсиз бўлиб улғайиши мумкин. Кўпчилик ота-оналар қиз боласини кичкиналигида хунук сўзлар билан ҳақоратлаб, уриб-сўкиб ўстирадию, бўйга етган қизи сурбетларча гап қайтарса ёки ножўя йўлларга кириб кетса “Уруғимизда бундай аёллар бўлмаганди-ку, бу яшшамагур қиз кимга тортди-я?!” деб фиғони фалак бўлади. “Кимга тортди?” эмас, “Эҳ, қаерда хато қилдик? Энди шу хатоимизни кеч бўлса-да ислоҳ этишимиз керак,” деган ота-она қизига ҳамдард, ҳамфикр бўла олади, уни тушкунлик гирдобидан чиқара олади.

Онаси бақироқ, шалдираб андишасизлик билан ҳар гапни гапирадиган, “юзингда кўзинг борми” демай, атрофидагиларни тили билан “заҳарлаб” тағин қилғилигини “мен орқадан гапирмайман, юзига шарт-шурт айтаман-қўяман”, деган оқлов билан ниқоблашга уринишади. Афсуски, улардаги бу хусусият ростгўйлик эмас, аксинча, андишасизлик ва сурбетлик ва бундай феъл-атвор фахрланишга ярамайди!

Эркакларга итоаткор, мулоҳазали, нозик ва оқила аёллар ёқади. “Эркаклар мардлигидан узоқлашиб боряпти”, “эркакларга ҳар томонлама таъминланган аёллар ёқади”, деган рўкачлар билан ўз-ўзимизни алдашга чек қўйишимиз ва назокатли, нафосатли қизларни тарбиялаш сирларини момоларимиздан ўрганишимиз даркор.

Кечиккан насиҳат- аччиқ маломат
Яна бир оғриқли мулоҳаза ҳаётда адашган, қоқилган ёки бирор важдан шахсий ҳаёти кўнгилдагидек бўлмаган қизларимизни айблаш, ҳаёти нотекис кечаётганини юзига солиш билан гўёки унга вақтида беролмаган тарбиямизни тўлдирмоқчи бўламиз. Аммо юракка зирҳдай ботадиган, яраси бир умрга қонталаш бўлиб ётадиган “насиҳат”ларимизнинг фурсати кечиккани, “айб сенда, айб менда”, деб жар солишдан наф йўқлигини мулоҳаза қиладиган тафаккурдан бенасиблигимиз сабабиданми ёки ота- оналик илмидан бебаҳралигимизданми ўз ёғига қовурилиб ётган қизимизнинг дардига малҳам бўлолмаймиз. Такрор таъкидлаганимиз, яқинларидан меҳр-муҳаббат, мурувват ва маънавий қувват ололмаган, ҳаётда қоқилган ёки қайси жиҳатдан омади юришмаган қиз ё аёл четдаги “меҳрли нигоҳ”лардан таскин истайди. Оқибатда, уларнинг яна бир янглиш йўлга қадам босиши, юрагига яна бир ўқ қадалишига сабабчи бўламиз.

“Қиз бор уйда саррин сабо эсади,” дейди шоир. Қизлар ота-онаси, жигарларига меҳрибон, жонкуяр бўлади. Қиз фарзандингизни қанча меҳр-муҳаббатга кўмиб улғайтирсангиз, у шунчалик кўп меҳрли, қадр-қийматли ва албатта, бахтли бўлади. Зотан, яхши ота-онанинг энг юксак орзуси- фарзандининг бахту камолини кўришдир.
Кубро БУЮК

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қизингизни кўпроқ суйинг...