23:45 / 29.11.2021
2 365

Ошқозон-ичак касалликлари ривожланишининг 7 сабаби

Ошқозон-ичак касалликлари ривожланишининг 7 сабаби
Фото: Freepik
Энг кўп тарқалган муаммолардан ҳисобланган ошқозон-ичак тракти касалликларининг келиб чиқиш сабаби нималар билан боғлиқлиги ҳақида маълумот берамиз.

Нотўғри овқатланиш
Овқатланиш билан боғлиқ одатлар ошқозон-ичак тракти касалликларининг ривожланишида муҳим рол ўйнайди. Рационда клетчаткалар, барра сабзавотларнинг етишмаслиги, фастфуд ва зарарли овқатларни ҳаддан ортиқ даражада кўп истеъмол қилиш хавфнинг янада ошишига сабаб бўлади. Шунингдек, овқатланмаслик ва истеъмолни ошириб юбориш ҳам кўплаб муаммоларга олиб келади. Тез натижа берадиган парҳез, очлик – буларнинг бари саломатликка салбий таъсир қилиб, касалликнинг ривожланиши ёки асоратлари келиб чиқишини жадаллаштириши мумкин.

Спиртли ичимликларга муккасидан кетиш
Эркаклар ошқозон-ичак тракти касаллигидан аёлларга қараганда 38 фоиз кўпроқ вафот этади. Мутахассислар бунинг боисини спиртли ичимликларга муккасидан кетиш билан боғлайди. Спиртли ичимликлар фақатгина жигарга ёмон таъсир қилиб қолмайди, унинг истеъмолидан ичаклар, ошқозон ва қизилўнгачнинг шиллиқ қавати, меъда ости бези ва буйраклар ҳам азият чекади.

Инфекциялар
Салмонелла, стафилакокк, ичак таёқчалари организмга тушгач, ошқозон-ичак тракти инфекциясини келтириб чиқаради. Қоринда оғриқ, кўнгил айниши, ҳарорат кўтарилиши, интоксикация – буларнинг бари ошқозон-ичак тракти инфекциясига хос симптомлар саналади.

Паразитлар
Ошқозон-ичак трактида паразитлар борлигини аниқлашга ёрдам берадиган аломатлар – вазн ва иштаҳанинг ўзгариши, ич кетиши, анемия ва уйқу билан боғлиқ муаммолар саналади.

Helocobacter pylori бактерияси
Helocobacter pylori — ошқозон ва ингичка ичакда яшаб, йиллар давомида ўзини намоён қилмаслиги мумкин бўлган бактерия ҳисобланади. Аксарият ҳолларда одам мазкур бактерия билан зарарланганини билмаслиги, аммо айнан унинг фаоллиги ошқозон ва ўн икки бармоқли ичакда яра пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Стресс
Асаб тизими қанчалик зўриқса, ҳазм жараёнида қон айланиши шунчалик ёмон бўлади. Бунинг оқибатида овқат яхши ҳазм бўлмай, ошқозонда шунча кўп қолади ҳамда унинг шиллиқ қаватлари зўриқишига сабаб бўлади.

Антибиотикларни қабул қилиш
Антибиотиклар ҳатто шифокор кўрсатмасига биноан қабул қилинаётган бўлса ҳам, ошқозон-ичакларнинг аҳволига салбий таъсир қилиши, ўзбошимчалик билан қабул қилиш эса жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу сабаб ҳам, аввало, мутахассис билан маслаҳатлашинг ва иложи бўлса, антибиотикларни ичаклар микрофлорасини ҳимоя қиладиган дори воситалари билан биргаликда қабул қилинг.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ошқозон-ичак касалликлари ривожланишининг 7 сабаби