Лайло жуда яхши қиз, ақлли, одобли, уй-рўзғорда уқувли. У тенгиларнинг барчаси аллақачон турмушга чиқиб, она бўлишган, фарзандлари мактабда ўқиётганлари ҳам бор. Дугоналари орасида ажрашишга улгурганлари-ю турмушидан нолиб юрганлари ҳам топилади. Афсуски, ёши ўттизга қараб кетаётган Лайло ҳозиргача турмушга чиқмаган. Тўғрироғи, бир неча йилдирки, уларникидан совчиларнинг оёғи тийилган.
Кузатувларимиз ва савол-жавоблардан англаганимиз шуки, кейинги пайтда аксарият оилалар дунёқараши кенг бўлишини ўйлабми ёки оладиган катта маоши эвазига рўзғорни бутлашини кўзлабми, ҳарҳолда, олий маълумотли, касби-корли, иш жойи, маоши тайин қизларга совчи бўлишаяпти. Лайлога ўхшаганларнинг эса ҳадеганда бахти очилиши қийин.
Болаликдан шифокорликка ҳавасванд Лайлога тиббиёт олийгоҳида ўқиш учун орзунинг ўзи камлик қилди, билими панд бериб, уч йиллик уринишлари беҳуда кетди. Шу давр ичида раъйига қараб оиласидагилар бир неча жойлардан келган совчиларни қайтаришгач, ўзидан-ўзи хонадонларидан уларнинг оёғи тийилиб, тенги бўлган йигитларнинг аксарияти уйланиб кетди. Олийгоҳда ўқиш умидидан қайтиб, тақдирга тан берган Лайло анчадан бери хусусий корхонада тикувчи бўлиб ишлайди. Одоб-ахлоқию, тарбияси ва чиройи жойида. Афсуски, ҳамон бахти очилмаяпти. Лайлони яхши қиз деб билганлар уни “қариқиз” бўлиб “ўтириб қолган”ига, умри ўтаётганига ачинишади.
Худди мана шунинг учун ҳам маҳаллада уни ўзига тўқ оиланинг фарзандига сўраб келишгани ҳақидаги шов-шувни эшитиб кўпчилик «ўтирган қиз ўрнини топаркан-да”, “Бахтини берсин”лаб севинишаётган бир пайтда аслида совчилар Лайлони эмас, балки келинойисини сўраб келишганини билишгач, “Вой тавба”, “Наҳотки?!”, “Шунақаси ҳам бўларкан-да?!” дея ёқа ушлашди.
Гап шундаки, Лайлонинг келинойиси “ўта замонавий” хонадоннинг қизи эди. Унга севиб уйланган акаси ваъдасида туриб тўйдан сўнг хотинининг ўзи истагандек кийинишига умуман қаршилик қилмади. Оиладагилар аввалига Зилоланинг урф-одатларимизга тўғри келмайдиган кўринишдаги кийим-кечакда юришини қабул қилишолмади. Лекин ёшларнинг турмуши бузилмасин, болали бўлгач, шундоқ ҳам урф-одатларимизга зид кийинишни эп билмай қолади, деган фикрда уни ортиқ тергамасликка қарор қилишди. Бахтга қарши, Зилола икки боланинг онаси бўлганда ҳам ўзи “мода” деб билган тарзда кийинишни, меъёридан ортиқ пардоз-андозини канда қилмади. Тарки одат амри маҳол, деганларидек, ишхонага турли рангларга бўялиб, турфа хил қилиб турмакланган сочларини кўз-кўз қилганча ялангбош, тор-танқис шим ва кофта, ёки калта юбкаларда борарди. Қизларникидай келишган қадди-қоматию, чиройи қанча-қанчаларнинг ҳаваси-ю ҳасадини келтирмасди дейсиз.
Уни бир кўришда севиб қолган нотаниш йигит эса ортидан кузатиб юриб, яшаш жойини билиб олгач, оилали аёллигини хаёлига ҳам келтирмай уйига одам юборган. Совчилар маҳаллага келиб, шу хонадонда яхшигина қиз борлигини айтиб суриштиришган. Лайлонинг бахти очилибди, деб ўйлаган қўшнилар эса оғзилардан бол томиб, қиз ва оиласига яхши баҳо беришган.
Ҳақиқат ойдинлашгач, йигит Лайлога эмас, балки унинг келинойисига совчи қўйгани аввалига роса кулгига, кейин эса аччиқланишига сабаб бўлди.
Шаҳарлик онахондан эшитган бу воқеа айримлар ўйлагандек тўқилган ҳикоя эмас, балки бугунги одамлар орасида рўй бераётган ҳодисалардан ва кўпчилик эътибор қаратиши лозим бўлган оғриқ нуқталардан биридир.
Зеро, унинг замирида қадриятларимизга зид “оммавий маданият”нинг таъсири бор. Келтирилган ана шу воқеа тафсилоти бизни ҳамюртларимиз билан оилада соғлом муҳит, миллатимизга хос таълим-тарбия, урф-одат ва анъаналаримиз ҳақидаги давра суҳбатига чорлади.
Насиба АСҚАРОВА, Янгиқўрғон туманидаги 50-умумтаълим мактаби ўқитувчиси:
— Болалигимда ота-онам рус мактабига беришганда кўпчилик бу нарса фарзанд тарбиясини бузишини айтишган экан. Мактабни тугатиб, институтга кириб, рус тили ва адабиёти факультетини ўқиб тамомладим. Рус дугоналар ва дўстлар орасида ўсиб улғайдим. Мана салкам ўттиз йилдирки, ёш авлодга рус тили ва адабиёти фанидан сабоқ бериб келяпман.
Тўғри, рус ва ўзбек миллати нафақат тили, дини балки ўзига яраша яшаш тарзи, урф-одатлари ва маданияти билан бир-биридан фарқ қилади. Айниқса ўзбекларда уят, айб саналган кўп нарсалар руслар учун маданият белгиси ёхуд одатий ҳол ҳисобланади.
Демоқчиманки, агар инсонга болаликдан ўз миллий қадриятлари руҳи сингдирилса, ҳеч қачон бошқаларга кўр-кўрона эргашмайди.
Худди шу ўринда юқоридагига ўхшаш нафақат кийиниш, балки муомала маданияти, яшаш тарзи, бола тарбияси ва хоказо масалалар бўйича ўзлигимизга ёт одатларга тақлид қилувчиларни асло оқламайман. Бу ўз миллатига ҳурматсизликдир. Чунки ўз халқи тарихи ва маданиятини чуқур билган инсон асло бунга йўл қўймайди. Ахир ўзга халқ тилини, маданиятини ўрганиш ўзиникини бутунлай унутиш дегани эмас-ку?!
Латифа АҲМАДАЛИЕВА, вилоят ўлкашунослик музейи ходими:
— Дарҳақиқат, биз азалий қадриятларида ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва шарм-ҳаё, одоб-ахлоқ тушунчалари устун бўлиб келаётган халқмиз. Билсангиз, илгарилари момоларимиз эшитган биргина ёмон бўлади деган сўзнинг ўзи кўпчиликнинг ноўрин гап айтиш, эп келмаган кийимни кийиш, ножўя хатти-ҳаракат қилиш каби нохуш ҳолатларга йўл қўймаслиги учун етарли эди. Шу ўринда қизларга муомалаю кийинишда ҳаё бўлиши унинг гўзаллиги деб уқтиришган.
Бугунгидек тараққиёт замони бизнинг юртимизда ҳам жуда катта ўзгариш ва ривожланишларга туртки бўлаётган бир пайтда “оммавий маданият” балою-қазодай хавф солаётгани нафақат жойларда маърифий-маънавий ишларни кучайтириш, балки ҳар бир оилада фарзандларни шарқона одоб-ахлоқ руҳида тарбиялашга эътиборни орттириш лозим деб ўйлайман.
Аслида айрим қизларнинг беҳаё кийинишида, бежо юриш-туриши ва муомаласида “ҳозир замон шунақа-да” дегувчи ота-оналарнинг айби катта. Афсуски, гоҳо “замонавий оилалар”даги муҳит туфайли қайнона-қайнотанинг олдида калта кўйлак, тор шим ва ёни ёки орқаси очиқ юбкаларда бемалол юрган, сочини бугун сариқ, эртага қизғиш, индинига яна бошқача рангга бўяшга эринмай, боласининг мактабидаги ота-оналар йиғилишига вақт тополмаётган, эрига қўлини пахса қилишни одатий ҳол ҳисоблаган келинлар фарзандларига миллий руҳни сингдириши қийин. Шунинг учун ҳар нарсада ўз қадриятларимизга ҳурмат сақлаган, меъёрдан четга чиқмаган маъқул деб ўйлайман. Акс ҳолда, бундайлар “оммавий маданият”нинг тарғиботчиси сифатида келажакка ҳам зиён етказиши мумкин.
Лобархон ЖАББОРОВА, фахрий ўқитувчи:
-Шаҳардан қишлоққа “Дамас”да келаётганимда уч ёшлар чамасидаги боланинг хархашаси бошланиб қолди. Уни юпатгим келди ва сумкамдан конфет олиб, онасига “шуни болангизга беринг-чи, зора юпанса” дедим.
Кутилмаганда юзимга бақрайган ҳамроҳимдан раҳмат ўрнига “кўзингиз борми, болам эмас, жияним, мен ҳали турмушга чиқмаганман” деган терс жавобни эшитдим. Янаям ҳайратланарлиси, бу қизнинг қошлари худди ёш келинлар сингари пиликдек тердирилган ва бунинг устига ерни супурадиган даражада узун либос ва жағидан танғилган ғалати рўмолда эди. Бир сафар эса яна адашиб қовун туширдим. Тўғрироғи, қизларга ўхшаб бошяланг ва тор шимдаги қоматли аёлни “сиз ёш қиз экансиз, енгилроқ орқа ўриндиққа чиқа қолинг” дебман. У эса ўттиздан ошган, икки боланинг онаси экан.
Демоқчиманки, чиндан ҳам ташқи кўриниши, кийинишига қараб, баъзилар қиз ва келинларнинг фарқига бормай қолаётгани тўғри.
Раънохон МАМАЖОНОВА, Наманган шаҳар «Обод» маҳаллада яшовчи фахрий онахон:
— Ёшим етмишга яқинлашди. Раҳматли ота-онам улғайтирган уч қизнинг тўнғичиман. Оиламизда фарзанд тарбиясига жуда эътиборли бўлишгани учун ҳаммамиз ҳаётда ўз йўлимизни топганмиз. Доимо улардан ўрганганларимизга амал қилишга одатланганмиз. Жумладан, қизлар тарбиясига муҳим вазифа, деб қаралади. Уч қизимдек, набираларимни ҳам бирин-кетин анъаналаримиздан четга чиқмаган, меъёрни унутмаган, шунингдек, миллий одатларимизга зид бўлмаган замонавийликдан ортда қолмаган урфлар билан узатяпман. Шукр, тиниб-тинчиб ўтиришибди.
Сир эмас, ҳозир эшитиб, кузатяпмизки, айрим оналаримиз тўй сепи учун “қизим шунақани ҳоҳлади” ёки “шунақаси урф экан” қабилида қандайдир “панчо”, “сигарета шим”, “тоника” деб аталувчи ўзга миллатларнинг кийим-кечакларини фалон пулга олиб беришни ҳам аллақачон одатга айлантиришга улгуришди. Қайсидир оила бунга қаршиликсиз бўлса, ёки “ота-онасининг пули куйган экан, майли эскиргунча кийиб хуморидан чиқсин” деса, шу тўғрисида бошланган тортишув сабаб ажрашган оилалар камайиш ўрнига кўпаяётгани ачинарли. Шукрки, маҳалламизда бунақанги нохушликларга йўл қўймаслик учун қилинаётган ҳаракатлар самараси туфайли ҳозирча бундай ҳолатлар кузатилмаяпти. Биз ҳам қўлимиздан келганча, ёшларимизни ўз миллий қадриятларимизга содиқ инсон сифатида камолга етиши учун ҳисса қўшишга интиляпмиз.
Афсуски, “Бирники мингга, мингники туманга” деганларидек, агар ҳаттоки битта оилада миллийлигимизга зид янгича анъана ва одатлар пайдо бўлса, бу бошқаларга таъсирини ўтказиши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмаслиги ташвишга солади.
Эҳтимол, юқоридаги воқеага кимларнингдир ишониши қийиндир. Афсуски, у айни ҳақиқат. Англаганингиздек, бунга ўхшаш манзаралар опа-сингилларимизни ана шу тафсилот доирасида билдирган фикр-мулоҳазаларда ҳам ўз аксини кўрсатиб турибди.
Фарзандларни, оилаларни “оммавий маданият”га берилишдан асраш миллат ва келажак тақдири учун муҳим вазифадир. Бунинг учун замоннинг ўзи шунақа нарсаларни тақозо этаётганини баҳона қилишдан кўра фарзандлар онги-шуурига бундай иллатни оммалаштиришдан кўзланган мақсад ҳақида тўғри тушунчани сингдириш керак.
Бинобарин, ўзлигини унутмаган, миллий қадриятларини эъзозлаган халқнинг қудрати янада мустаҳкам бўлади.
Қолаверса, раҳматли Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Миллий мафкурани онгимизга сингдирувчи амалий тарбияни йўлга қўйиш жамиятимизда соғлом муҳитни сақлаш билан баробар эканини англашимиз даркор”.
Шаҳзода АКБАРОВА
Манба: Vodiymedia.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас