Инсон камолотида илм ва маърифатнинг ўрни беқиёс. Шу билан бирга, дину диёнат, чин эътиқод соҳиби бўлиш ҳам кишини саодатга етаклайди. Истиқлол йилларида эришган энг катта бойлигимиз халқимизнинг тинч ҳамда осуда ҳаётидир. Жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар, миллий ҳамда умумбашарий қадриятларга уйғун яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб бораётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизда муқаддас ислом динини, улуғ аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани замирида эзгу мақсадлар мужассам. Юртимизнинг турли ҳудудларидаги зиёратгоҳлар, қадамжолар обод қилиниб, бу масканларда қурилиш-таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Бугунги кунда аҳоли турмуш тарзида диннинг ўрни қандай? Одамлар давлат томонидан бу йўналишда яратиб берилаётган шарт-шароитларни тўлиқ ҳис қилаяптими? Шу мазмундаги саволлар билан “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази юртдошларимиз муносабатини ўрганди.
Социологик сўров, асосан, ислом динига эътиқод қилувчи респондентлар ўртасида ўтказилиб, республикамизнинг барча ҳудудида яшаётганлар фикри чуқур таҳлил қилинди. Сўралган фуқароларнинг 42,4 фоизи эркаклар ва 57,6 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлди.
Давлат томонидан дин соҳасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ижобий баҳоланмоқда. Умуман, мамлакат бўйича ушбу кўрсаткич 2017 йилда 90,1 фоизни ташкил қилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида чиқиш қилган эди. Ўша нутқ нафақат юртдошларимиз, балки бутун мусулмон олами, жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Унга доир муносабатлар, эътирофлар ҳали-ҳануз давом этмоқда. “Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деган сўзлари бутун ислом уммати, ислом жамоатчилигининг айни дилидаги гап бўлди. Чунки бугунги кунда дунё миқёсида ислом динининг моҳиятини тушунмасдан, билмасдан унга нисбатан турли муносабатлар илгари сурилаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Сўров шуни кўрсатдики, респондентларнинг қарийб 60 фоизи Президентимизнинг ушбу юксак минбардан туриб “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш таклифи билан чиққанлигидан яхши хабардор.
Барча миллат вакиллари, қайси динга мансуб бўлишидан қатъи назар, мулоқот давомида кўпинча “Яратганга шукр” ёки “Худо хоҳласа” каби сўзларни тилдан қўймайдилар. Бу, албатта, яхши фазилат. Шу маънода, сўровга қамраб олинганларнинг мутлақ кўпчилиги (97,4 фоизи) ўзини “Аллоҳга ишонувчилар” деб ҳисоблайди.
Шуни унутмаслик керакки, респондентларнинг ўз эътиқодларига оид берган баҳоси кўпинча мамлакат аҳолисининг дунёқараши, нуқтаи назарини аниқлаш учун холис асос бўла олмайди. Таҳлиллар, ҳатто ўзини “энг аввало, мусулмонман” деб ҳисобловчи (41 фоиз) респондентлар кўпчилиги ҳам турмуш тарзини “Аллоҳга ишонса-да, аммо ўзини дунёвий кишилар” (40,5 фоиз) сифатида баҳолашини кўрсатади. Қатнашчиларнинг 32,2 фоизи “Яратганни ўз қалбида” деб билади. Бундай нуқтаи назар юртдошларимизга хос бўлган жиҳат билан, яъни ижтимоий ҳаётда диннинг ролини рационал идрок қилаётганлигидан, ўзаро муносабатларда маънавий-ахлоқий меъёрлар қўллаб-қувватланаётганлигидан далолатдир.
Билим — бамисоли нурдир. Инсон йўлини у билан ёритади. Билимсизлик эса барча ёмонликларнинг манбаидир. Илм туфайли инсон қадри юксалади. Илмли киши ҳодисаларга холис баҳо беради, талабчанлик ва уддабуронликни ўрганади. Тадқиқотда шу жиҳатлар инобатга олиниб, аҳолининг ислом дини бўйича билимлари ҳам ўрганилди. Масалан, сўралганларнинг 78,5 фоизи (2016 йилда 77,8 фоиз) фақат “исломнинг айрим талаблари”ни билади холос. Ва бу борада 8,6 фоиз респондент билимларини “етарли эмас”, деб ҳисоблайди.
“Сиз диний мазмундаги китобларни ўқийсизми?” деган саволга респондентларнинг 82,6 фоизи “йўқ, диний мазмундаги ҳеч қандай китоб ўқимайман”, деб жавоб берган. Фақатгина 17,4 фоиз юртдошларимиз диний мазмунда китоб ўқишларини билдиришган. Респондентларнинг 62 фоизи ўзи яшаётган ҳудуддаги китоб дўконларида диний мазмундаги адабиётлар сотилмаслигини қайд этишгани ҳам бунинг асосий сабабларидан бўлса, ажаб эмас. Респондентларнинг атиги 17 фоизи бундай савдо расталари борлигини қайд этишди.
Яна бир жиҳат. Диний маълумотга эга бўлишни истаган кишилар, одатда, имом-хатиблар, домлаларнинг маърузалари билан чегараланиб қолишади. Шу нуқтаи назардан, ислом дини ҳақида маълумот олишда маҳалла масжидлари ва уларнинг имом-хатиблари муайян ўрин эгаллашини кўрсатган респондентлар сони 5,3 фоиз камайиб, 3 фоизни ташкил қилди. Шу билан бирга, диний билимларини янада чуқурлаштириш истагида бўлган респондентлар сони қарийб 9 фоиз ўсганлиги кузатилди. Демак, айтиш мумкинки, бугун бу соҳада фаолият юритаётган имом-хатибларнинг аҳолига билим беришдаги масъулиятини янада ошириш керак.
Сўров натижалари кўра, “Худога ишонса-да, аммо, умуман олганда, масжидга доимий қатнашга ва барча ибодат амалларини мажбурий адо этишга мойиллик кўрсатмайдиган” респондентлар сони 46,7 фоизни ташкил этди. Бу рақам 2016 йилда 48,6 фоиз эди. Айни пайтда “масжидга умуман қатнамайдиган ва ҳеч қачон ибодат қилмайдиган” респондентлар сонида камайиш (1,3 фоиз) тенденцияси кузатилди. Айни пайтда “масжидга доимий қатнамайдиган, вақт бўлганда, одатда Ҳайит ёки жума намозларига борадиган” респондентлар сони ўзгармасдан қолмоқда (30,6 фоиз).
Аҳолининг кўпчилиги мамлакатда диндорларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун яратилган шароитларни эътироф этишмоқда. Сўровда қатнашганларнинг 86 фоизи шундай муносабат билдирди.
Динда ибодат, расм-русумлар алоҳида аҳамиятга эга. Шу маънода, ота-оналари ёки бошқа яқин қариндошлари Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара сингари муқаддас манзилларга зиёратга борганлигини қайд этган респондентлар сони 3 фоиз ортди. Яна бир эътиборли жиҳати, иштирокчилар орасида Ҳаж ёки Умрага боришга қизиқиш юқорилигича сақланиб қолмоқда.
Аҳолининг кўпчилиги оилани инсоннинг ҳаётий позицияси, жумладан, унинг диний онги ҳамда хатти-ҳаракатига катта таъсир қилувчи муҳим ижтимоий институт сифатида билади. Респондентларнинг 87,4 фоизи ана шу фикрда бўлди. Уларнинг билдиришича, оилавий тарбия ножўя қилмишлардан тийиб турувчи устувор омил ҳисобланади. Ундан кейин хулқ-атвор, ахлоқий мезонлар (50,6 фоиз), диний тарбия (43,2 фоиз) қайд этилган.
Тадқиқотнинг кўрсатишича, дин оилавий муносабатларга, болалар тарбиясига ҳамда авлодлар ўртасидаги муносабатларга жиддий таъсир кўрсатишда давом этмоқда.
Юртдошларимизнинг дин ҳақида хабардорлигини ошириш манбаи сифатида ОАВ — телевидение, радио ва матбуотнинг таъсири салмоқли бўлиб қолмоқда. Респондентларнинг 85,5 фоиздан ортиғи телевидениенинг бу борадаги ижобий ролини қайд қилди. 55,2 фоизи радиоканалларга, 64,1 фоизи эса даврий босма нашрларга нисбатан ана шундай фикрдадир.
Умуман олганда, аҳолининг мусулмон қисми мамлакатдаги бошқа конфессиялар (насронийлик, яҳудийлик, буддавийлик) вакилларига нисбатан бағрикенг муносабатда бўлади. Сўров қатнашчиларининг 12,6 фоизи “мусулмон оламида радикал кайфиятдаги кучлар мавжуд ва бу кўпчиликни ташвишлантиради ҳамда ислом динининг мавқеига салбий таъсир кўрсатади”, деб билади. Сўралганларнинг 69 фоизи “диний экстремизм ва терроризм Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон учун энг жиддий муаммо ҳисобланади”, деб билади.
Респондентларнинг фикрича, бузғунчилик мазмунидаги интернет манбаларининг салбий таъсири, шунингдек, ишсизлик ва моддий қийинчиликлар ёшларнинг диний-экстремистик оқимлар таъсири остига тушиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Улар, ўз навбатида, бузғунчи диний унсурларни бартараф қилиш бўйича фикр-мулоҳазаларини баён этди. Хусусан, оилавий тарбия, айниқса, таълим муассасаларида ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик тарбиясини мақсадли равишда олиб бориш (62,3 фоиз), маҳалла тузилмалари ишининг самарадорлигини узлуксиз ошириш (33,4 фоиз), ёшларнинг дам олишлари учун шарт-шароитлар яратиш (40,6 фоиз)ни зарур деб ҳисоблайдилар.
Бундан ташқари, билим олиш ва янгиликлардан хабардор бўлишнинг манбаи сифатида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш (24 фоиз), аҳолининг моддий фаровонлигини тизимли равишда юксалтириш (29 фоиз), “жамиятдаги ўткир муаммоларни очиқ кўтариб этиш ва ошкор қилиш, уларни ҳал қилиш йўлларини излаб топиш” (6 фоиз)ни таклиф қиладилар.
Хулоса ўрнида айтганда, аҳолининг дин бўйича билимлари даражаси долзарб. Ишончимиз комилки, бу йўналишда қилиниши зарур бўлган ишлар изчил давом эттирилади.
Омонулла ФАЙЗИЕВ тайёрлади.
Манба: xs.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”