Азамат Зиё Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ЎзМТДП фракцияси йиғилишида
Фото: «Миллий тикланиш» газетаси
Бугун Наманган вилоятидаги ичимлик суви билан боғлиқ муаммога бағишланган «Чустда аҳоли соғлиғи учун ўта хавфли ҳолат аниқланди. Ҳоким ўринбосари жавоб беришдан бош тортди» мақоласи эълон қилинган эди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, тарих фанлари доктори, профессор, ўз вақтида биринчи Президент Ислом Каримовнинг матбуот котиби бўлиб ишлаган Азамат Зиё мазкур мақолага ўз муносабатини билдирди.
«Тан олиш керак, нон-сув исрофгарчилиги ҳақида сўз кетса, барчамиз соатлаб амру маъруф қилиб бера оламиз. Аммо амалда тескарисини қиламиз. Тўй-маъракалардаги нон ва бошқа егуликларнинг исрофига чидаб бўлмайди. Яна уруш, қаҳатчилик кўрганмиз, дейишдан чарчамаймиз. Уй, қариндош-уруғ, қўни-қўшни ё тўйхонадаги меҳмондорчиликларда, ёши улуғларнинг, нондек азиз бўлинг, дея дуога қўл очганларида, нон анқонинг уруғи бўлган кезлардаги азизликни кўзда тутаётганларини англаб турасан-у, бироқ шу зиёфатдан кейин қанчадан-қанча нон хор бўлишини билиб туриб, сўзига ишонишни ҳам, ўзига ишонишни ҳам билмай қоласан.
Илк бор мусулмон мамлакатларидан бирида бўлиб, ресторанда нонга чиқиндидек муносбатни кўрганимизда, роса ҳайронликка тушгандик. Бошқа бир ғирт мусулмон юртга сафар чоғида нон билан оғзи ва муртини артганини кузатганимизда, кейинчалик ҳажга бориб келганлардан у томонларда дастурхондаги нон, суяк, қоғоз – нима бўлса, бир халтага ағдариб, ахлатга ташланишини эшитганимизда, нонни қадрлашнинг динга алоқаси йўқ экан, бу ўзбекчиликнинг ўзига хослиги экан, хулосасига келиб, ўзимизча ғурурланиб ҳам қўйгандик. Бироқ диний тадбирларда, дастурхонларимиз тўкин, ноз-неъматларга тўла, бунга шукр қилишимиз керак, даъватини эшитганмиз ва эшитаяпмиз, аммо исрофгарчиликка йўл қўйманглар, ортиқча егулик қўйманглар, қанчаси увол бўлмоқда, барчанинг ҳам бунга қурби етмайди, шуларга зорлар ҳам бор, қабилидаги чақириқлар қулоққа чалингани йўқ ҳали. Оқибати маълум: турмушимиз яхшиланиб боргани сайин исрофгарчилик миллий одатимизга айланиб бормоқда.
Тошкентимиздаги ичимлик суви уволидан баъзан қўрқиб кетасан. Ўтган йили ёзда ишхонадан чиқаётиб, нарироқда катта сув машинаси гулларни суғораётганига кўзимиз тушдию, эшик ёнидаги, уч кунда бир қўриқчиликка келиб кетадиган йигитга, қуёш ботмасдан суғориб бўлмаслигини анавиларга айтсанг бўлмайдими, ахир сен деҳқон боласисан-ку, деганимизда, шундай мот қилди: ака, буниси ҳам майли, ҳув анави ерда катта мавзега ичимлик суви узатадиган йўғон қувур бор, Анҳордан сув олишга эриниб, ўша ичимлик сувидан қуйиб келиб суғоради бу қисталоғлар, бизнинг қишлоққа бориб кўрсин, ичимлик сувини ташиб келиб ичамиз!
Таълим, тиббиёт муассасалари ўз ҳовлилари ва бириктирилган ерларда ҳар баҳор дарахт экадилар. Ўтган йили ҳам эккан эдинглар-ку, қани улар, саволимизга, ариқ суви йўқ, ичимлик сувини ишлатсак, ўлчагич айланиб фалон пул ёзади, оқибатда сувга қўйилган чекловдан чиқиб кетамиз, қарздор бўламиз... Дарахт эк, деганлар, суғоришни ўйламайдилар-ку, жавобини берганларида уялиб кетасан киши. Кейин ўйланиб қоласан: ўтган асрнинг етмишинчи йиллари, яъни эсимизни таниганимиздан бери ҳар баҳор оммавий дарахт экиб келинади. Уларнинг ўндан бири тутганида ҳам юртимиз ўрмонзор бўлиб кетиши керак эди-ку...
Нон-сувни увол қилаётганлар, дарё, сойларни булғаётганлар, ичимлик сувини ишлатиб гул кўкартираётганларнинг кўпчилиги жума, ҳайит намозларига чиқишлари, худойи, ифтор қилишлари, рўза тутишларига шубҳа йўқ. Фожиа шунда! Ишқилиб, уволи тутмасин. Шу билан бирга муаммони ўз ҳолига ташлаб қўйишга ҳам ҳаққимиз йўқ. Шундай ҳолатларни бугунгидек очиқ-ойдин эълон қилиб, мутасаддиларнинг танобини тортиб қўйиш, ўзимизни эса уялтиришдан чарчамаслигимиз керак. Мазкур масалаларда қонуний қаттиққўллик ва жамоатчилик назоратидан ҳамда суғориш ишларида ариқ сувларидан фойдаланиш тизимига ўтишдан ўзга чора йўқ», — деди Азамат Зиё. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?