22:20 / 17.06.2018
4 414

Муллажиринг ортидан қувган “қонунчи”лар

Муллажиринг ортидан қувган “қонунчи”лар
Яқинда Тошкент вилояти Жиноят ишлари бўйича Паркент туман судида навбатдаги жиноят иши кўриб чиқилди. Бу жиноят тафсилотларини қисқача баёни қуйидагича:

Жиноят Шерзод Ҳамроев (мақоладаги барча исм-фа­милиялар ўзгартирилган) ги­ёҳ­вандлик воситасини қо­нунга хилоф равишда сақлаб келаётган шахс сифатида ушлагандан сўнг бошланган эди. Уни 2016 йил октябрь ойининг охирларида Тошкент вилоят Бўстонлиқ туман ИИБ ходими Санжар Беков жиноят устида қўлга олади. Дарҳол ҳамкасби Жўра Воситовга телефон қилиб воқеа жойига чақиради. Кейин бу икки ходим Шерзоддан тушунтириш хати ёздириб олишади. Шерзод марихуана гиёҳвандлик воситасини Тўра Валиевдан олганлиги­ни айтади. Шундан кейин бу икки ходим “бизга нима қилиб бўлса ҳам тадбир уюштириб беришинг шарт, Тўрани қўлга туширишимиз керак, бўлмаса ёзиб берган тушунтириш хатинг орқали сени қаматиб юборамиз”, дейиша­ди.

Бир сўз билан айтганда, ходимларнинг дўқ-пўписа, таҳ­диди Шерзодни уларга ипсиз боғлаб қўяди. Шерзоднинг ёнидан топилган марихуанани ҳеч қандай ҳужжатларни расмийлаштирмасдан олиб кетишади. Орадан икки-уч кун ўтиб, Шерзодга юклатилган “вазифа” эслатилади. Улар учрашишади. Шерзодга “тадбир” учун 100 АҚШ доллари берилади. Топиб келинган “юк” эгаси сўроқ қилинганда, у марихуанани Олим Сатторовдан олганлигини, унга эса Тўра Валиев сотганлигини айтади. Ўтган сафаргидек, “икки шоввоз” 100 АҚШ доллари эвазига марихуанани асл эгаси ким эканини билиб олади ва яна ҳеч қандай ҳужжатларни расмийлаштирмасдан наркотик моддасини олиб кетишади. Орадан озроқ вақт ўтиб яна янги “топшириқ” берилади. Энди бу галги “ҳужум” Тўра Валиевга қаратилганди.

“Тадбир” учун зарур бўлган пулни эса Шерзодга ўзи топиш шарти қўйилади. У ­илож­сиз қолганидан турмуш ўртоғининг тилла буюмларини “Ломбард”га гаров қўйиб, 500 минг сўм олиб “ишни” бажаради. Ҳам марихуанани, ҳам аниқ маълумотни қўлга киритган “шоввоз”лар дарҳол тузиб қўйган режасини амалга оширишга киришади. Тезда Тўра Валиевни “овлагани” унинг уйига боришади. Санжар Тошкент вилоят ИИБ ходими ролини зўр маҳорат билан ўйнаб беради. Натижада, “гонорар” учун 500 АҚШ доллари тўланади.

Навбатдаги “тадбир”да Ше­рали исмли бола қўлга тушади. Уни олдинда нималар кутаётгани “шоввоз”лар томонидан барча тафсилотларигача аниқ тушунтирилади: аввалига тергов, “қамоқ” тарзидаги эҳтиёт чораси, кейин суд ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси... Буни эшитиб қўрқиб кетган Шерали “ишни” ёпиш учун 300 АҚШ долларини санаб беради.

Лекин орадан унча кўп вақт ўтмай ёлғон фош бўлади. Тўра Валиевга қўйиб берилган “саҳна асари”нинг миси чиқади. Бундан қаттиқ ранжиган “актёрлар” 500 долларни тезда қайтариб беришади. Бу воқеага Шерзод айбдор қилинади. Тўра билан бўлган воқеани унга айтиб, бирортасини ушлаб беришга мажбур қилишади. Улардан ҳали-бери қутила олмаслигини сезган Шерзод эҳтиёткорликни унутмаган экан. Ўша кунги суҳбатни телефон диктофо­нига ёзиб олади. Бу гал қў­йилган шарт ўта жиддий эди. Шерзодни ё битта “тадбир” уюштиришга ёки 500 минг сўм пул топиб беришга мажбур қилишади. Ниҳоятда оғир­ аҳволда қолган Шерзод яна “Ломбард”га тилла та­қинчоқларни гаровга қўйиб 250 минг сўм олади ва унга 50 минг қўшиб, 300 минг сўмни Санжар ва Жўрага беради. Эҳтиёт шарт учун яна телефонининг диктофонига суҳбатни ёзиб олади. Қолган 200 минг сўмни уч-тўрт кунда беришга зўрға кўндиради. Улар эса йўқ жойдан унга ­яна 100 АҚШ доллар “қарз”ни илиб қўйишади. Сабр косаси тўлган Шерзод Республика ДХХ (аввалги МХХ)га ариза билан мурожаат қилади. Икки ходим Шерзоддан 200 минг сўм пулни пора сифатида олишаётган вақтда қўлга олинади.

Жиноят ишини адолатли ва холис кўриб чиқишда Жиноят- процессуал кодекси талабларига тўлиқ амал қилинди. Суд жараёнларида Тошкент вилоят Бўстонлиқ туман ИИБ ходими Санжар Беков ва унинг жиноий шериги Жўра Воситовнинг жиноят содир этганликдаги айби жиноят ишида тўпланган ҳужжатлар, инкор қилиб бўлмас далиллар билан тўлиқ ўз тасдиғини топди. Судланувчиларга қонунда белгиланган жазо тайинланди.

Эътибор беринг, судланувчилар ички ишлар ходими. Содда тилда айтганда қонун ҳимоячилари. Жиноятга қарши курашувчиларнинг ўзи жиноят қилиб турса. Аслида қонун-қоидани билган инсон бошқаларга қараганда икки карра масъулиятли бў­лиши, лўнда қилиб айтганда, қадамини ўйлаб босиши керак эмасми?
Толибжон ҲАЙДАРОВ,
жиноят ишлари бўйича Паркент туман суди раиси

Манба: insonvaqonun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Муллажиринг ортидан қувган “қонунчи”лар