16:55 / 26.06.2021
1 802

ДХХ коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйди


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 апрелда қабул қилинган «2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича Давлат дастури тўғрисида»ги Қарорининг жойларда ижросини таъминлаш жараёнида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича Давлат хавфсизлик хизмати идоралари томонидан тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.

Хусусан, Хизматнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида, вилоят туманларидан бирининг Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда, ишлаб чиқариш кооператив раҳбаридан 10 млн. сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Аниқланишича, ушбу мансабдор шахс мазкур кооперативга аъзо бўлган 67 нафар кам таъминланган оила вакиллари учун 122,5 млн. сўм миқдорида давлат бюджетидан субсидия ажратиб бериб, эвазига 10 млн. сўм талаб қилган.

Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги адвокатлик фирмаларидан бирида адвокат бўлиб ишловчи аёл жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг ҳукмига асосан «Давр банк» ХАТБнинг Олмазор туман филиали ҳисобига ўтказилган ҳовли-жойни суд органларида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали қайтариб олиб бериш эвазига 40 минг АҚШ доллари талаб қилади.

У сўралган пулнинг 20 минг долларини олдиндан олган вақтида ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси, шаҳар прокуратураси ва Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Тошкент шаҳрида кузатилган яна бир ҳолатда эса 1994 йилда Наманган вилоятида туғилган фуқаро ўзганинг ишончига кириб, уни Қирғизистон Республикасидаги тиббиёт йўналишига ихтисослашган олийгоҳнинг биринчи босқичини тамомлаганлиги тўғрисидаги қалбаки ҳужжатларни тайёрлаб, сўнгра мамлакатимиздаги тиббиёт олий ўқув юртларидан бирининг иккинчи босқичига киритиб беришни ваъда қилади ҳамда эвазига 5,5 минг АҚШ доллари сўрайди. У мазкур пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманида яшовчи, 1982 й.т. фуқаро қурилиш фирмаси иш юритувчисининг ишончига кириб, унга мансабдор танишлари орқали қурилиш объекти олиб беришини айтади ва эвазига қурилиш объекти учун бюджетдан ажратиладиган 8 млрд. сўм миқдоридаги пул маблағининг 8 фоизини беришини сўрайди.

ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимларининг Департамент ва ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида фирибгар шахс аванс сифатида 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ДХХ матбуот хизмати

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ДХХ коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйди