Фуқаро хорижда таҳсил олиши учун алимент қарзини тўлашига тўғри келди

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг суд буйруғига асосан қарздор Н.И.дан ундирувчи Б.М. фойдасига бир нафар фарзанди таъминоти учун ҳар ойлик даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати Бюронинг Шайхонтоҳур туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
Ижро ҳужжати юзасидан давлат ижрочиси томонидан тегишли ижро ҳаракатлари олиб борилиб, қарздорни огоҳлантириш мақсадида унинг яшаш хонадонига бир неча бор чиқилган. Бироқ, қарздор уйда бўлмаганлиги сабабли унинг ота-онаси расман огоҳлантирилган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор томонидан алимент тўловлари 19 ой давомида тўланмагани ва натижада 29 миллион сўм қарздорлик вужудга келгани аниқланди.
Шунингдек, қарздор Н.И.нинг Миср давлатида таҳсил олаётгани маълум бўлиб, унинг чет элга чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланган.
Кўрилган мажбурий ижро чоралари ва олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида қарздорнинг ота-онаси томонидан фарзандининг хорижда таҳсил олиши учун алимент қарздорлиги тўлиқ қоплаб берилди.