Кучли шамол ҳаво шарини қулатди, жабрланганлар бор

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида байрам тадбири вақтида кутилмаган ҳодиса юз берди. Кучли шамол таъсирида бошқарувни йўқотган ҳаво шари бир нечта уйлар томига қулагани оқибатида бир неча киши жароҳат олди.
Маълумотларга кўра, воқеа 1 июнь куни кечқурун Камоли Хўжандий номидаги театр атрофида содир бўлган. Ҳаво шари Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбири учун Ўзбекистондан олиб келинган эди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса вақтида ҳаво шари ичида бўлган 46 ёшли Ўзбекистон фуқароси ерга қулаган ва турли жароҳатлар олган. Шунингдек, шарни ушлаб турган занжир узилиб кетиши оқибатида ҳодиса жойида бўлган 40 ёшли маҳаллий аёл ҳам жабрланган.
Манбаларнинг билдиришича, жароҳатланганлар шифохонага олиб кетилган ва уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳодиса вақтида аёлнинг вояга етмаган қизи ҳам воқеа жойида бўлгани, унинг енгил тан жароҳати олгани айтилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!