Ижтимоий тармоқларнинг рус сегменти кечадан бери қайнаб ётибди. Кимлардир Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш)нинг номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгарганидан, бу давлатлар Истанбулда йиғилиб, саммит ўтказганидан безовта. Эмишки, бу ташкилот Россиядаги туркий халқларнинг “фикрини бузиб”, уларни мустақилликка ундармиш!..
Кечаги саммитда нутқ сўзлаган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Туркий давлатлар ташкилоти ҳеч кимни безовта қилмаслиги керак деганда, биринчи навбатда Россияни кўзда тутган бўлса ажаб эмас.
Саммит қардош ва тилдош давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиққанини кўрсатди. Ниҳоят, ўзининг бетарафлик мақомини важ қилиб кўрсатиб, шу пайтгача Туркий кенгашга қўшилмай келаётган Туркманистон кузатувчи давлат бўлиб қўшилди. Менимча, Ашхабоднинг бундай қарорга келишига Ўзбекистоннинг 2019 йил октябрида Туркий кенгашга расман аъзо бўлгани ҳам таъсир кўрсатган. Зеро, Ўзбекистон қўшилгунча кенгашда катта кемтик бор эди. Туркий кенгашни туркий илм-фан ва маданиятнинг ёрқин намоёндаси бўлмиш Ўзбекистонсиз тасаввур қилиб бўлмасди, албатта. Шундай экан, Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзо бўлиши ташкилот мавқеини мустаҳкамлагани шубҳасиз.
Шу ўринда сўнгги йилларда ташқи сиёсатимизда қанчалик кўп ўзгаришлар бўлганини эслаб ўтсак: қўшни давлатлар ва Туркия билан алоқаларимиз яхшиланди, борди-келдиларимиз кўпайди. “Ўзбекистон геосиёсий дихотомиядан воз чекиб, кўпвекторлиликка юзланиб, ўзининг вазнини, салоҳиятини ва манфаатларини жиддий шаклда парваришлашга муваффақ бўлмоқда. Олдинги маъмуриятнинг халқаро майдонда ўз салоҳиятини йўқотиш сабабларидан бири ички сиёсатдаги қаттиққўллик бўлса, бошқа бир сабаб – тез ўзгарувчан, бир ёқлама геосиёсат эди. Бугун Ўзбекистон туркий давлатлар билан – Туркия ва қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлар экан, ўзининг табиий стратегик иттифоқчилари билан яқинлашмоқда. Чунки табиий, стратегик иттифоқчилик замирида, энг яқин, мустаҳкам ва ишончли ўзликлар туради”, – дея ёзди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Унинг фикрича, Туркия Ўзбекистон учун ишончли иттифоқчи бўла олади, “энг муҳими, Туркия Ўзбекистоннинг геосиёсий мустақиллигига раҳна солмайди”.
Туркий кенгаш (эндиликда Туркий давлатлар ташкилоти)га қайтадиган бўлсак, унинг асосий мақсади, Эрдоған айтганидек, аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдир. Яъни ташкилот қайсидир давлатга қаршилик кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб олмаган. Кечаги саммитда ҳам иқтисодий алоқалар, ўзаро савдо-сотиқни ривожлантириш зарурлиги ҳақида кўп гапирилди. Ташкилот доирасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг 2040 йилгача бўлган концепцияси тасдиқланди.
Саммит арафасида бўлиб ўтган туркий давлатлар ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли туркий халқларни бир дарахтнинг шохларига ўхшатиб, “Келажакка биргаликда қадам ташлайлик. Дунёда ўз сўзимиз бўлсин, ҳодисалар бизларни эмас, биз ҳодисаларни йўналтирайлик”, деди. Яъни Анқара ҳаммамиз бирга ва кучли бўлайлик демоқда.
Назаримда, туркий давлатларни бирлаштирувчи ташкилот ана энди уларнинг биргаликда ривожланиши учун платформага айланиш сари амалий қадамлар ташланяпти. Энди тўқсонинчи йилларнинг бошидаги эйфория ҳам, тажрибасизлик ҳам йўқ. Ўтган вақт давомида бўлиб ўтган хатолардан ҳамма ўзига тегишли хулосани чиқарган. Ҳамма бирдамлик ва ривожланиш тарафдори. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Истанбул саммитида таъкидлаганидек, “ҳозирги вақтда дунёда юз бераётган шиддатли жараёнлар, турли таҳдид ва хатарлар, пандемия синовлари, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгариши ва экология билан боғлиқ муаммолар барчамизнинг олдимизга янги, долзарб вазифаларни қўймоқда, бу эса давлатларимизнинг ҳамкорлик борасида ҳали ишга солинмаган улкан имкониятларидан тўлақонли фойдаланишни тақозо этмоқда”.
Убайдуллоҳ Адҳамов
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди