АҚШ космодромларни молиялаштириш учун муниципал облигациялар бозорини очди

АҚШда космик инфратузилмани ривожлантириш учун муниципал облигациялар бозорига йўл очувчи янги қонунчилик механизми қабул қилинди. Оне Биг Беаутифул Билл Акт (ОБББА) қонунидаги махсус қоида хусусий космодром объектлари ва улар билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштириш учун солиқдан озод қилинган облигациялар чиқаришга рухсат беради. Бу космик соҳанинг молиявий моделини тубдан ўзгартириб, қиммат тижорат кредитлари ўрнига аэропорт ва денгиз портлари каби узоқ муддатли ва паст ставкали капитални жалб қилиш имконини беради. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Илгари космодромлар капитал талаб қиладиган ва узоқ муддатли лойиҳалар бўлишига қарамай, юқори ставкали қисқа муддатли тижорат лойиҳалари сифатида молиялаштирилар эди. Бу эса тизимли инвестиция етишмовчилиги ва модернизациянинг кечикишига сабаб бўлган. Янги қонун штат ва маҳаллий ҳокимият органларига лойиҳа ҳажмидан қатъи назар, тижорат космодромлари учун муниципал облигациялар чиқариш ҳуқуқини беради. Шунингдек, тўлиқ хусусий мулкчиликдаги объектларни ҳам ушбу тизим орқали молиялаштириш мумкин бўлади.
Эътиборли жиҳати шундаки, облигациялар орқали нафақат учиш майдончалари, балки уларнинг яқинидаги ишлаб чиқариш ва саноат объектлари ҳам молиялаштирилади. Бунга йиғув цехлари, синов марказлари ва логистика инфратузилмаси киради. Натижада авиация ва денгиз логистикасидаги каби яхлит "инфратузилма экотизимлари" шаклланади. Бу модел космодромлар атрофида сервис ва ишлаб чиқариш қувватларининг жамланишига хизмат қилади.
Янги схемада йирик буюртмачилар, жумладан, мудофаа ва аэрокосмик корпорациялар томонидан кредитни мустаҳкамлаш имконияти ҳам кўзда тутилган. SpaceX, Blue Origin, Rocket Lab, Унитед Лаунч Аллиансе каби компанияларнинг узоқ муддатли шартномалари инвесторлар учун хатарларни камайтиради. Lockheed Martin, Northrop Grumman, Boeing ва RTX каби пудратчилар ҳам ушбу экотизимда муҳим рол ўйнаши кутилмоқда. Бу эса космик бозордаги йирик ўйинчиларга активларга бевосита эгалик қилмасдан инфратузилмани ривожлантиришга ёрдам беради.





























Изоҳлар 0
…