37 ёшли аёл бир йил давомида ўзгалар оиласида яшаш учун қизча бўлиб яшади

Бразилияда содир бўлган ғайриоддий воқеа жамоатчиликни ҳайратга солди. 37 ёшли аёл ўзини 11 ёшли қиз сифатида таништириб, бир оила билан бир йилдан ортиқ вақт давомида яшагани маълум бўлди.
Маҳаллий ОАВлар хабар беришича, воқеа Жоинвили шаҳрида рўй берган. Ўзини Габриэле деб таништирган аёл маҳаллий черковга мурожаат қилиб, гўёки зўравон ота-онасидан қочиб келганини айтган. Унинг ачинарли ҳикоясига ишонган инсонлардан бири бўлган меҳрибон оила уни ўз уйига қабул қилиб, ҳақиқий фарзандидек парвариш қила бошлаган.
Аёл ташқи кўриниши ёшига мос келмаслигини турли касалликлар билан изоҳлаган. У аутизм ва бошқа хасталиклардан азият чекишини, ҳатто болалигида гормонал дорилар қабул қилишга мажбур бўлганини ҳам даъво қилган.
Маълум бўлишича, у 14 ой давомида болаларга хос хатти-ҳаракатларни намойиш этган. Ҳатто ухлашдан олдин эмизикли идиш ва севимли кўрпасини сўраб келган. Айрим кечалари эса болаларча овозда гапириб, ваҳима ҳолатларини намойиш қилишга уринган.
Габриэле мактабга бормаган. У оилани ўзини таъқиб қилаётган отаси мактаб орқали топиб олиши мумкинлигига ишонтирган. Оқибатда оила унга қаттиқ меҳр қўйиб, ҳатто "12 ёшга тўлган куни"ни нишонлаган ва уни расман фарзандликка олиш ҳақида ўйлай бошлаган.
Бироқ воқеа кутилмаган тарзда фош бўлди. Оила аъзоларидан бири аёлнинг хатти-ҳаракатларидан шубҳаланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Текширувлар натижасида унинг аслида 37 ёшли тажрибали фирибгар экани маълум бўлди.
Тергов давомида бу аёл аввал ҳам бир неча оилаларни шунга ўхшаш усулда алдагани аниқланган. Ҳозирда у ҳибсга олинган бўлиб, суд қарори кутилаётгани хабар қилинмоқда.





























Изоҳлар 0
…