Қуёшдан аллергия — ултрабинафша нурланиш таъсирида тананинг очиқ қисмларида оғриқли ва қичиштирувчи қизил доғлар пайдо бўладиган касаллик гуруҳидир. Шунинг учун бу касаллик полиморф ёруғлик тошмаси деб аталади, чунки у жуда кенг тарқалган.
Бунга қўшимча равишда қуёшдан аллергия турларига қуйидагилар киради:
- Қуёш нуридан пайдо бўладиган қичима. Бу кам учрайдиган оғир касаллик бўлиб, унда анафилактик шокгача умумий аллергик реакция юзага келади ва тери қизил, қичийдиган пуфакчалар билан қопланади.
- Сурункали актиник дерматит. Бу қуёшдан кейин танада зич қуруқ бурмалар пайдо бўладиган ҳолат.
- Актиник қичишиш. Бу яна бир кам учрайдиган тери касаллиги бўлиб, кўпинча ултрабинафша нурланиш таъсиридаги тана қисмларида шиш пайдо бўлади ва ундан қичийдиган тошма ҳосил бўлади.
- Фототоксик ва фотоаллергик дерматит. Қуёшга сезгирликни оширадиган ёки унинг таъсиридан кейинги тошма деб аталади.
Баъзи ҳолларда аломатлар дарҳол, баъзиларида эса бир неча соатдан кейин кўринади.
Қуёшдан аллергиянинг белгилари қандай?
Симптомлар касалликка қараб ўзгаради. Аммо ҳар бир касалликда клиник кўриниш турлича. Мисол учун полиморфик тошма кассалигида элементлар турли шаклда — кимдадир доғлар, бошқаларда қичийдиган бўртган тугунчалар пайдо бўлади.
Шу билан бирга барча касалликлар умумий хусусиятларга эга. Қуёш таъсирида бўлгандан кейин юз, бўйин, елка, билак ва бошқа очиқ жойларда тошмалар пайдо бўлади ва улар билан бирга қуйидагилар ҳам кузатилади:
- қичишиш;
- оғриқ
- қизариш;
- шиш;
- ёниш ҳисси.
Нима учун қуёшдан аллергия пайдо бўлади?
Ўсимликларда қуёш нуридан фотосинтез содир бўлгани каби ултрабинафша нурланиш таъсирида теридаги турли моддалар ҳам ўзгариши мумкин. Баъзида ҳосил бўлган бирикмалар аллергияга олиб келади.
Қачон шифокорга мурожаат қилиш керак?
Агар тери остига қон қуйилса ёки анафилактик шок белгилари — онгни йўқотиш, терининг ёпишқоқлиги ва рангпарлиги, нафас олиш қийинлашуви кузатилса, шошилинч тез ёрдам чақиринг.
Қуёш таъсиридан кейин биринчи марта ноодатий аломатларга дуч келсангиз, дерматологга мурожаат қилинг. Шифокор сизнинг аҳволингиз ҳақида сўрайди, эҳтимол, қўшимча тадқиқотлар ўтказади:
- фототест — терининг кичик қисмига ултрабинафша чироқ ёқилиб, реакцияга қаралади;
- қон таҳлили;
- биопсия — шифокор терининг бир қисмини кесиб олиб, микроскоп остида текшириш учун юборади.
Бундан ташқари, агар сизда қуёшдан аллергия кузатилган бўлса, тананинг бошқа қисмларида тошмалар пайдо бўлганда ва мустақил даволашдан кейин қичима кетмаганда дерматологга мурожаат қилишни унутманг.
Қуёшдан аллергиянгиз бўлса, ўзингизга қандай ёрдам бера оласиз?
Кўпинча аломатлар қуёш таъсири тўхтаганда ўз-ўзидан йўқолади. Агар ўзгариш бўлмаса, уй шароитида фотосенситивликнинг енгил формасини даволашга уриниб кўришингиз мумкин.
- Совуқ компресс ёки салқин душ қабул қилинг.
- Асоси стероид ёки антигистамин бўлган қичимага қарши кремдан фойдаланинг.
Шифокор қандай чора кўради?
У сизга қуёшдан қандай ҳимояланиш кераклигини ва даволанишни ўргатади. Реакцияга қараб қичишишга қарши, антигистамин ва стероидлар, оғир ҳолатларда эса иммуносупрессантлар, иммунитет тизимини бостирадиган моддалар буюриши мумкин.
Аллергиядан ҳимояланиш учун нима қилиш керак?
Эҳтиёт чораларини кўринг:
- Соат 10:00 дан 16:00 гача қуёш нури остида бўлмасликка ҳаракат қилинг, чунки бу ултрабинафша нурланиш фаоллигининг энг юқори вақтидир.
- SPF 30 ёки 50 бўлган қуёш кремини қўлланг. Ҳар 2 соатда қайта суришни унутманг.
- Кўзойнак ва ҳимоя кийими кийинг. Баъзи юпқа ёки тўрли матолар ултрабинафша нурларини қайтармайди. Шунинг учун SPF 50 этикетли ёки зич матолардан тайёрланган кийимларни танланг.
- Баъзи қўзғатувчилардан фойдаланманг. Агар маълум бир модданинг қуёшга нисбатан сезгирликни оширишини билсангиз, уни баҳор ва ёзда камроқ ишлатишга ҳаракат қилинг.