15:36 / 29.10.2018
4 354

Инсон ҳужайраси ичидаги янги тузилма кашф қилинди

Инсон ҳужайраси ичидаги янги тузилма кашф қилинди
Швециянинг Каролина институти тадқиқотчилари бошчилик қилаётган халқаро олимлар гуруҳи инсон ҳужайраси ичидаги янги тузилмани кашф этишди. Бу тузилма янги типдаги оқсил мажмуаси бўлиб, у ҳужайранинг атрофидаги муҳит билан боғланишини таъминлайди ҳамда ҳужайра бўлинишида муҳим ўрин тутади. Бу ҳақида халқаро "Nature Cell Biology" илмий журналига таяниб Turon24 хабар бермоқда.

Тўқима таркибидаги ҳужайралар тўрсимон кўринишда тузилмалар билан ўралган бўлиб, ҳужайралараро матрица деб аталади. Ҳужайралар ўзи атрофидаги матрицага уланиши учун уларнинг қобиғида махсус рецептор молекулалари бўлади. Ушбу рецепторлар ҳужайра ичидаги йирик оқсил мажмуаси томонидан назорат қилинади. Адгезия комплекси деб аталаувчи ушбу тузилма ҳужайра ички қисмини ташқи муҳит билан боғлашга хизмат қилади. У туфайли ҳужайра ташқи муҳит ҳақида маълумот олади ва шунга мос равишда мослашиш белгиларини намоён қилади.

Янги кашф этилган адгезия комплекси "ретикуляр адгезия" деб номланиб, у аввалгиларидан ўзининг ўзига хос молекуляр таркиби билан фарқ қилади.

Тадқиқот муаллифларининг қайд этишларича, янги кашф этилган ретикуляр адгезия ҳозиргача жумбоқ бўлиб келаётган айрим саволларга жавоб беради. Шу вақтгача ҳужайра бўлиниш вақтида атрофидаги матрицага қандай боғланиб туриши мавҳум ҳолат эди, сабаби илгари маълум бўлган адгезия комплекслари митоз вақтида парчаланиб кетарди. Лекин янги кашф этилган комплекс митоз даврида ўз яхлитлигини сақлаб тура олади.

"Биз янги адгезия комплексини ҳужайра бўлиниш вақтида парчаланмасдан қолиши ва уни матрицага бириктириб туришини тажрибада кўрсатиб бера олдик", дейди тадқиқот раҳбари, Каролина институти профессори Стефан Стромблад.

Тадқиқотчилар бундан ташқари, ретикуляр адгезиянинг ҳужайра бўлинганидан сўнг ёш қиз ҳужайраларни ўз жойига жойлашувини ҳам назорат қилишини аниқладилар. Тадқиқотлар асосан конфокал микроскопия ва масс спектрометрия усулларни қўллаган ҳолда инсон ҳужайрасининг бир неча линиясида амалга оширилган.

Олимлар навбатдаги тадқиқотларда янги адгезия комплексини тирик организмларда кузатиш, ўрганиш лозимлигини таъкидлашмоқда.

Тадқиқот муаллифларининг қайд этишича, ушбу оқсил мажмуаси соҳадаги кўпгина муаммоли ҳолатларга жавоб бўла олади. Шу билан бирга, улар ретикуляр адгезия комплекси ҳужайра бўлинишидан ташқари бошқа жараёнларда ҳам иштирок этиши мумкинлигини истисно этишмаяпти. Бу эса ретикуляр адгезия устида янги тадқиқотлар ўтказишни тақозо этади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Инсон ҳужайраси ичидаги янги тузилма кашф қилинди